09.02.2013

БУЮК МУРАББИЙ

Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир.

Ислом КАРИМОВ

Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг бетакрор ғазаллари, буюк «Хамса»си билан ўз даврида жуда катта шон-шуҳрат қозонган эди.

Улуғ шоир умр сўнггида авлодларга айтадиган панд-насиҳатларини, дил дардларини, қалб ҳайқириқларини, ҳаёт сабоқларини жамлаб, ўзининг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини яратди.

«Маҳбуб ул-қулуб» «Қалбларга севимли бўлган китоб» маъносини беради. Уни «Дилларга ошно асар» ёки «Қалбларга яқин китоб» деб таржима қилиш ҳам мумкин. Асар нега бундай номланган? «Маҳбуб ул-қулуб» биринчи нав­батда кимларга мўлжаллаб ёзилган? Маълумки, ушбу асар Навоийнинг умр ниҳоясида яратилган. Бу асарни ёзишга қандай эҳтиёж бор эди? Қалблар деганда Навоий кимларни назарда тутади? Булар ҳақида билиш асарнинг  қимматини белгилашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Асарнинг муқаддимасида шоир чуқур бир хўрсиниш билан ўз ҳаёт йўлида учраган қийинчиликларга назар ташлайди. Мен, дейди ­Навоий, қўлим калталик пайти кўп хорлик ва нотавонликларни кўр­дим. Ҳаётнинг турли синовларига дуч келдим, гоҳ пасткаш лаинлар мени хўрладилар, гоҳ разиллар камситдилар. Ҳар кўча-ю кўйга кирдим, турли эл ва тоифаларга қўшилдим, яхшиларнинг яхшиликларидан баҳраманд бўлдим, ёмонларнинг фитналаридан қалбим жароҳатланди, пасткашларнинг қи­лиқларидан кўнглим яраланди, олижаноб инсонларнинг муносабати кўнглимга малҳам бўлди.

Тақдир кулиб боққанда амир ва ҳоким ҳам бўлдим. Унда адолат билан иш кўрдим, таъзим ва саховатни канда қилмадим, қўлимдан келганча яхшилик қилдим. Мен яхши-ёмоннинг фарқига бордим, жуда кўп уқубат ва кўргуликлар натижасида катта ҳаётий тажриба тўпладим.

Гаҳе топдим фалакдин нотавонлиғ,

Гаҳе кўрдум замондин комронлиғ.

 Басе иссиғ, совух кўрдум замонда,

 Басе аччиғ, чучук тоттим жаҳонда.

Аммо дейди ҳазрат, ҳаётнинг бундай аччиқ, оғир синовларига ҳали ҳануз дуч келмаган инсонлар кўп. Улар умр йўлларида қоқилмасликлари, яхши-ёмонни фарқлай олишлари учун ушбу китобни ёздим, уларни ҳушёр торттириш ва огоҳ этишни вожиб деб билдим. 

Китоб ҳар бир инсон эгаллаши лозим бўлган гўзал хулқ, юксак маънавият мезонлари ҳақида атрофлича маълумот беради.

Кўриниб турибдики, бу асар ҳали етарли ҳаётий тажрибага эга бўлмаган инсонларга, назаримизда, кўпроқ ёшларга атаб ёзилган. Токи, дейди Навоий, улар жамият ичидаги барча тоифа ва табақаларда учрайдиган фазилат ва қусурлардан огоҳ бўлсинлар, кимга эргашиш масаласида адашмасинлар.

Асарнинг композицион қурилиши ўзига хос. Унинг уч қисмга бўлиниши бежиз эмас. Навоийнинг мақсади бўлган панд-насиҳат ва танбеҳлар туркуми учинчи қисмда келтирилган. Биринчи ва иккинчи қисм­даги мулоҳазаларни келтиришдан мақсад нима эди? Навоий панд-насиҳатдан олдин ўқувчига жамият ҳақида, уни асраб турувчи маънавий устунлар ҳақида билим ва тушунча бериб ўтишни зарур деб билади. Шу боисдан асарни даб­ду­руст­дан қуруқ насиҳат қилишдан бошлашни маъқул кўрмайди. Даст­лаб у ўқувчини муайян тайёргарликдан ўтказган.

Биринчи қисмда кишилик жамиятини ташкил этган барча табақа ва тоифаларга  қирқ фаслда батафсил таъриф берилади. Уларнинг фазилатлари ва камчиликлари очиб ташланади. Бу ўқувчида жамият ҳақида яхлит тасаввур уй­ғотишга қаратилган. Биринчи қисм­да тижорат аҳли, мунажжимлар, деҳқонлар, навкарлар, шайхлар, дарвишлар, мутрибу муғаннийлар, ҳофизлар, шоирлар, фақиҳлардан тортиб вазиру подшоҳгача ҳар бирининг  аслида қандай фазилатларга эга бўлишлари талаб этилиши ва ўша даврда уларнинг табиатларида зоҳир бўлаётган қу­сурлар тилга олинади.

Масалан, табиблар Исо пайғамбарга ўхшатилади. Исо чиққан жонни дуо билан инсон танасига қайтарган бўлса, табиблар чиқаётган жонга даво билан танани тарк этишга монелик қилади, дейди. Табиб ўз фанида ниҳоятда моҳир, касбига садоқатли, беморга мар­ҳаматли ва шафқатли бўлиши лозим. Бундай табибнинг юзи беморга маҳбуб, сўзи бемор жонига мар­ғуб, яъни ёқимлидир. Қадамлари хасталарга шифо бўлади. Аммо ўз касбини яхши эгалламаган, ёмон феълли, бепарво ва дағал муомалали бўлса, беморни бир томондан даволаган билан, бошқа томондан кўнглини жароҳатлайди. Агар табиб ўқимишли, илмли бўлмаса, у жаллод шогирдидир. Жаллод тиғ билан ўлдирса, у даво ўрнига заҳарлайди.

Жамиятнинг фаол аъзоларига айланиб бораётган ёшлар ўз жамиятларининг камолоти учун қандай фазилатларга эга бўлмоқликлари керак? Ушбу кишилик жамиятида эзгулик ва тўлиқ саодат­манд­лик ҳукм суриши учун жамият аъзолари қандай тамойилларга асосланмоқлари лозим? Буни Навоий асарнинг иккинчи қисмида 10 та боб доирасида таҳсинга сазовор феъл-атвор, юксак хулққа эришиш тамойиллари орқали очиб беради.  Булар тавба, зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозе ва адаб, зикр, ризо, таважжуҳ ва ишқдир. Мана шу фазилатлар инсон қалбини туғён ва исёндан сақлайди, унга ҳузур ва ҳаловат бахш этади, хулқини гўзал қилади, бардошини оширади. Иродасининг бақувват бўлишига кўмаклашади.

Масалан, зуҳдга бағишланган бобга назар ташлайлик. Зуҳд бу диний истилоҳда таркидунёчилик, узлатга чекиниш демакдир. Навоий эса зуҳд­ни шундай тушунтиради: Зуҳд — бўлар-бўлмас орзулардан кечмоқ, молу мансаб кетидан қувмаслик, номаҳрам юздан кўзни асрашлик ва ёмон сўзлардан тилни тиймоқлик.

 Кимки бу мақомни қўлга киритса, унинг кўнглида бир нур пайдо бўлади ва кўнглини ҳамиша шод этади.

Навоий ҳар бир инсон қалбан зоҳид бўлишини, зуҳд мақомини эгаллашини орзу қилади. Бундай зуҳд инсоннинг кўнгил ҳаловати, қалб осудалигини таъминлайди.

«Маҳбуб ул-қулуб»нинг учинчи қисмида Навоий тўғридан-тўғри ўқувчига мурожаат этади  ва турли танбеҳ, панд-насиҳатлар воситасида уларга маънавий камолот сирларини ўргатади.

Ҳазрат Навоий нафақат улуғ мутафаккир, улуғ шоир, балки ўз хал­қи, миллати тақдирига бефарқ бўл­маган буюк мураббий ҳам эди. У ўз умри интиҳосида ҳам миллат ва халқ дарди билан яшади. «Маҳбуб ул-қулуб» асарида жамият билан боғлиқ орзу умидларини ифодалади. Унда жамият ҳаётини юксалтириш, уни тўғри йўлга солиш ва шахс маънавиятини тарбиялаш каби ўзининг сўнгги армонларини васият қилиб қолдирди.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.