03.06.2020

ИЛЛАТЛАР ИЛДИЗЛАРИ

қайси кўлмакдан сув ичмоқда?

Жамиятимиздаги ижтимоий муносабатлар ва муаммолар ҳақида турли фикрлар айтамиз. Уларни бартараф этиш борасида ҳар ким ўзича таклифлар билдиради. Масалан, коррупция, порахўрлик, маҳаллийчилик ҳақида гап кетса, кимлардир жазони кучайтириш керак дейди. Маънавиятчиларимизнинг аксарияти эса муаммолар сабабини ватанпарварлик туйғуси етишмаётганлигида, деб билади.  Яна бир тоифа мутахассислар ойлик иш ҳақи миқдорининг камлиги коррупцияни келтириб чиқармоқда, дейди. Яна кимдир таълим тизими айбдор, деб ҳисоблайди. Бу фикрларнинг ҳар бирида озми, кўпми жон бор, албатта.

Шарқ фалсафаси таълимоти шуни таъкидлайдики, инсонни комилликка элтувчи, соғлом оила ва соғлом жамият яралишига сабаб бўлувчи, элни бирлаштирувчи куч – маънавият ва руҳий эътиқоддир. Айни шу куч жамиятда мустаҳкам эмас экан, амалга оширилаётган бошқа ҳаракатлар қумдан уй қуриш билан баробардир. Бошқача қилиб айтганда, маънавият ва эътиқодимиз сустлиги турли иллатларнинг жамиятимизда урчиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Маънавият ва имону эътиқод заифлиги нималарда намоён бўлади? Булар мафкуравий бошбошдоқлик, диний саводсизлик, ўзибўларчилик ва лоқайдлик, қонунларни билмаслик ёки уларга бўйсунмаслик ва шахсий манфаатни устун қўйиш, гуруҳбозлик ҳамда ошна-оғайнигарчилик, дабдабабозлик каби иллатларда кўринади. Бу ўз навбатида миллий маънавиятимизга зид турмуш тарзи, ижтимоий тармоқларда оғизга келганини гапириш, ёт ғоялар таъсирига тушиб, турли оқимларга қўшилиб қолиш,  одоб қоидаларига риоя қилмаслик, тушуниб-тушунмай кимларгадир тақлид қилиш, коррупция ва порахўрлик, давлат ва жамоат мулкини талон-тарож қилиш, кўзбўямачилик, лаганбардорлик ва мансабпарастлик сингари қатор салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Хўш, диний ва маданий тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалган, пирлар ва авлиёю анбиёлар хоки ётган юртнинг, дунёга ал-Хоразмий, ал-Бухорий, Беруний, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек  каби илм аҳлини, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур каби саркардаларни тарбиялаган халқимизнинг маънавияти ва имону эътиқодида бўшлиқ бўлиши мумкинми? Мамлакатимиз тарихини таҳлил этиб, хулоса қилсак,  1870 йилларда чор Россиясининг Туркистон ўлкасига кириши ва кейинчалик ХIХ аср бошларида большевизмнинг ҳокимият тепасига келиши нафақат тарихимизни, миллий қадриятларимизни ҳам хонавайрон қилди. Айниқса, большевиклар турли эътиқодли ва кўп миллатли республикаларни ягона «коммунизм ғояси» атрофига бирлаштириш мақсадида халқларни динсизлик ва маънавиятсизликка айлантиришдек тубан вазифани амалга оширишга киришди. Атеизм сиёсати туфайли диний маданият ўчоғи бўлган юртимизда диндорлар ва уламолар таҳқирланди. Диний адабиётлар ёқиб юборилиб, масжидларимиз вайронага айлантирилди. Буюк бобокалонларимиз номлари социализм китобларида қораланди. Маданий меросларимиз йўқ қилинди ёки олиб чиқиб кетилди. Кирилл алифбоси жорий қилиниб, секин-аста тилимиз ҳам кучсизлана бошланди. «Қатағон йиллари» деб ном олган ХХ асрнинг 30-йилларига келиб ўзбек адабиёти намояндалари ва зиёлилари миллатпарварлиги учун халқ душмани сифатида қатл этилди ёки Сибирь ўлкаларига сургун қилинди.

Қатағон ва зўравонликлардан иборат 70 йилдан ошиқ вақт мобайнида дини ва маданияти оёқости қилинган бир неча авлод миллий маънавиятсизлик ва эътиқодсизлик руҳида тарбияланди, коммунизм мафкураси остида мажбуран умр кечириш иймон-эътиқодни заифлаштирди.

Ватанимиз мустақилликка эришгач, биринчи навбатда миллий маданиятимиз, бирлигимиз йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз, дин ва илм-фан намояндалари ҳисобланган бобокалонларимиз номлари шарафланди. Халқимиз учун азиз ҳисобланган қадамжоларимиз тикланиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Диний эътиқодга кенг йўл очилиб, маданий меросларимиз қайта жонлантирила бошланди.        

Бироқ, бу даврнинг ўзига хос муаммолари юзага кела бошлади. Биринчидан, диний эътиқодимиздаги бўшлиқ туфайли динни қандай тушунтиришса, шундайлигича қабул қила бошладик. Бу эса айрим фуқароларимизнинг диний ақидапарастликка берилиши ва экстремистик оқимларга кириб қолиши каби ҳолатларни келтириб чиқарди.

Иккинчидан, жамиятимиздаги миллий ва мафкуравий заифлик сабабли янги авлодни миллий ғоя руҳида тарбиялаш ишлари оғир кечди. Таълим тизимида кадрлар етишмовчилиги ва моддий-техника базасининг қониқарсизлиги билан боғлиқ муаммолар қалашиб қолган эди. Натижада таълим даражаси қониқарсиз аҳволга тушиб, ота-оналар фарзандларини якка тартибда ўқитиш йўлига ўтиб олишди.

Бу жараёнда ҳали ўз она тили ва адабиётини мукаммал билмаган ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишларига ва танланган соҳага қараб тор доирада фанларни ўзлаштиришига зўр берилди. Натижада миллат маданияти ва тарихини билмайдиган, ўрта таълим дастурларидаги барча фанларни тўлиқ ўзлаштирмаган тор дунёқарашдаги ёшлар вояга етди. Ўз навбатида маданиятимиз иккинчи даражага ўтиб қолиб, улар онгини миллати бўлмаган оммавий маданият эгаллай бошлади. Тилимиз луғатида рус ва инглиз сўзлари аралашмаси қўшилган янгича “лаҳжа”лар пайдо бўлди.

Узоқ тарихимиз ва яқин ўтмишимизда содир бўлган воқеалар ва бугунги кунда миллий бирдамликнинг етарли эмаслиги, кадрлар етишмовчилиги, конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мутаносибсизлиги, бефарқлилик, боқимандалик ва ўзибўларчилик, қонунларга бўйсунмаслик, коррупция ва шахсий манфаатнинг устун қўйилиши оқибатида имкониятларимиз даражасида ривожлана олмадик. Шу сабабларни инобатга олган ҳолда ҳақиқий ватанпарвар ёшларни тарбияласак, бугун давлат ва жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган кўплаб иллатларга барҳам берган бўламиз. Албатта, юқоридаги фикрларга барча бирдек қўшилмаслиги мумкин. Бироқ, айрим фуқароларимизнинг она тилимизга эътиборсизликлари, тилимизнинг бузиб гапирилиши, кўчалардаги реклама ва эълонларнинг хорижий тилларда ёзилиши, айрим телеканалларда «оммавий маданият»ни тарғиб қилувчи дастурларнинг кўпайиб бораётгани ёки «Иймонсиз намоздан намозсиз иймон яхшидир», деган фалсафий ҳикматнинг моҳиятини тушунмасдан соқол қўйиш ёки айрим аёлларимизнинг миллий урф-одатларимизга хос бўлмаган услубда ўраниб юришлари кишини ўйга толдиради...

Хулоса қилиб айтганда, “Яхшидан ёмон чиқди, деб куюнма ва ёмондан яхши чиқди, деб суюнма”, деган шарқ фалсафасига риоя қилишимиз лозим. Зеро, руҳшунос олим Б.Скиннернинг илмий тадқиқотлари натижаларига бағишланган “Эркинлик ва ғурурдан ҳам юксак” номли илмий асарида таъкидланишича, ҳеч қачон инглиз аристократидан кўчманчи ва аксинча, кўчманчидан инглиз аристократи чиқмас экан. Демак, биз ҳам иқтисодий тараққиёт йўналишини ҳар қандай давлатдан андоза қилиб олишимиз мумкиндир, бироқ маънавият ва эътиқодда ўз илдизимизга қайтмасак, адашамиз, йўлимизни йўқотамиз, иллатлар гирдобида қоламиз.

 

Муҳиддин ҚИЁМОВ,

ҳуқуқшунос.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: