Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
20.05.2020

ХАЛҚАРО ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА

олий таълим муассасаларининг интеграциялашуви

Бундан икки йил муқаддам Президентимизнинг қарори билан Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейи базасида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилган эди. Ҳозир мазкур бинони тўлиқ капитал таъмирдан чиқариш ишлари якунланмоқда ҳамда “Ақлли университет” тамойилига мослаштирилмоқда. Университет жамоаси бу йилги ўқув йилини янги ўқув биносида бошлаш ниятида.

Биринчи проректор вазифасини бажарувчи, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Баҳодир Тўраев билан суҳбатимиз "Ипак йули" туризм халқаро университетининг истиқболдаги вазифалари тўғрисида бўлди.

– Баҳодир Ҳотамович, университет фаолияти, кадрларни хорижда ўқитиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берсангиз?

Халқаро туризмни ривожлантириш ҳамда мазкур соҳада профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ва ижодий ишларни олиб бориш бўйича ташаббусларни амалий рўёбга чиқариш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш, шунингдек Марказий Осиё давлатларининг сайёҳлик брендларини Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида илгари суриш ва улардан ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини ошириш бош мақсадларимиздан ҳисобланади. Университет қошида “Марказий Осиё ва Жанубий – Шарқий Осиё халқаро туризм тадқиқот маркази” (Central Asia and South East Asia International Tourism Research Center) ташкил этилди.

Янги ўқув йилидан бошлаб Ҳиндистоннинг Лавли ва Ҳайдаробод университетлари билан ҳамкорликда қўшма информацион технологиялар факультетини очиш режалаштирилмоқда.

Университет бинолари жойлашган ҳудудда “Ипак йўли” туризм таълим боғи ташкил этилади. Бундан ташқари, университет учун ўқув-ишлаб чиқариш комплекси сифатида фойдаланиш ва туристларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида Самарқанд шаҳридан ташқари ҳудудда “Ипак йўли экотуристик база”си ташкил этилади.

Университетимизда кадрларни хорижда ўқитиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Туризм соҳасида ахборот технологиялари” маркази мутахассиси Абдурашид Дониёров ҳозирги вақтда Жанубий Корея Республикаси Конгжу университетининг “Ахборотлар технологияси ва дастурлаш” ихтисослиги бўйича, “Умумкасбий ва ихтисослик фанлари” кафедраси ўқитувчиси Дилафрўз Набиева Испаниянинг Лас Палмас де Гран Канария университетининг “Туризм иқтисодиёти ва бошқаруви” ихтисослиги бўйича докторантурада таҳсил олмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантурада ўқиш бўйича танловда “Умумкасбий ва ихтисослик фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ҳамид Тўраев жамғарманинг грант совриндори бўлди. Туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи нуфузли хорижий олий таълим муассасалари ва туристик марказлар билан 60 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзолаганмиз. Мазкур шартномалар доирасида ўтган йили Индонезиянинг Гунадарма университетида 2 нафар ўқитувчи, Россия Федерациясининг Белгород давлат университетининг “Пегас” мактабида 1 нафар ходим, Италиянинг Рим шаҳрида жойлашган «Tor Carbone» мактабида 2 нафар ходим ва 1 нафар ўқитувчи стажировкада бўлиб қайтишди. Шу ўринда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан хорижда малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантурада ўқиш бўйича ўтказилаётган танловлар хусусида тўхталсам.

Бизнинг фикримизча, мазкур ўтказилаётган танловлардан самара жуда кам бўлади. Сабаби, бу танловларнинг ҳамма учун тенг ҳуқуқлилик асосида ўтказилиши белгилаб қўйилган. Балки, бу тўғридир, лекин олий таълим муассасаларининг истиқболини белгилашда, уларнинг илмий салоҳиятини оширишда менимча, бошқа йўлдан бориш керак. Менимча, жамғармага берилган квоталарни олий таълим муассасаларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, тақсимлаш мақсадга мувофиқ. Сабаби, фақатгина олий таълим муассасаси ўзининг қайси бўлимини ривожлантиришни ёки қайси фан бўйича мутахассис етишмаслигини яхши билади. Шу сабабли, танловлар муайян олий таълим муассасаси ичида ўтказилса яхши самара беради.

Агарда танлов ҳозирги тартиб бўйича ўтказилиб борилса, ҳудудларда жойлашган олий таълим муассасаларида малакали кадрларнинг етишмаслиги ёки айрим олий таълим муассасаларида малакали кадрлар мутлоқ кўп ҳолати давом этаверади.

– Университетга хориждан ўқитувчи жалб қилинган ва улар талабаларга қайси йўналишгарда таълим беришаяпти?

Университетга жами 12 нафар хорижлик профессор-ўқитувчи жалб этилган бўлиб, шундан 4 нафар профессор-ўқитувчи билан ўқув йилининг охиригача меҳнат шартномаси тузилган. Қолган ўқитувчилар эса ўз фанлари доирасида университетимизга ташриф буюриб, ўзларига юклатилган модулни ўтиб беришади ҳамда якуний назоратларни ўтказиб, талабалар билимини баҳолашади.

Республикамизда коронавирус падемиясига қарши курашиш ва унинг тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар дастуридан келиб чиқиб, кейинги муддатларга жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар билан дарсларни масофавий ташкил қилиш ишларини йўлга қўйдик.

Университетимизга жалб этилган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномаси тузишда биз аввало, улар ўқиган, илмий-тадқиқот ишларини олиб борган ҳамда ишлаётган олий таълим муассасалари жаҳоннинг нуфузли 1000 талик рўйхатига кирганлигига эътибор қаратамиз.

– Ҳозирги давр ва инновацион ёндашувлар талаби асосида мутахассисликка оид бўлмаган дарслар қанчага қисқарди? Дарс унумдорлиги ошдими?

Таълим дастури фанлари бўйича силлабуслар ISO9001-2015 халқаро таълим стандартларига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилди. Университетда 5 кунлик таълим хафтаси ҳамда унга мувофиқ 2+1 таълим тизими жорий қилинди. Таълим дастурлари бўйича дарс жараёни давомийлиги 50 дақиқа, танаффус 10 дақиқа деб белгиланган. “Ипак йўли” туризм халқаро университетида талабаларни анъанавий гуруҳларга бириктириш тизимидан воз кечилиб, рақамли кодлаштириш тизимига ўтилди.

Мake-up имтиҳон топшириш тизими, яъни, талаба имтиҳон жараёнини ижобий натижа билан топшира олмаган тақдирда, 1-2 ҳафта ўтгач топшира олиши, шу билан биргаликда академик қарздорлик талаба томонидан ўқишга кирган йилидан (1-курсдан) бошлаб 7 йил мобайнида топшира олиши мумкинлиги белгиланди. Академик семестр давомида талабалар эътиборига бештагача фан тақдим этилади. Шундан талабалар томонидан кўп эътироф этилгани ўқув жараёнига татбиқ этилиши кўзда тутилган. Университет таълим тизимига профессор-ўқитувчиларни жалб этиш учун KPI тизими жорий қилинди ва фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимлар меҳнат фаолияти натижалари KPI эффективлик кўрсаткичи бўйича баҳолаш белгилаб қўйилди.

Таълим бериш жараёнини мукамаллаштиришнинг технологияларидан бири сифатида, талабаларни аудиторияга боғламасдан туриб, креатив дарс ўтиш тизимини яратишга ҳаракат қилинмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, ўқитишнинг кредит тизимига ўтилиши вазифа қилиб белгиланган эди. Биз бу масалани ечиш мақсадида Европанинг нуфузли олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган ўқув режаларни ўрганиб чиқдик ва мутахассисликка оид бўлмаган фанлар сонини кескин қисқартирдик. Ҳозир ўқув режаларимизда ҳар семестр учун 4 та мутахассислик ва 1 та танлов фани мавжуд. Мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг бир қисмини танлов фанлари сифатида қолдирдик, бир қисмини клублар шаклида фаолиятини йўлга қўйдик.

– Янгича ўқитиш тизими университетда қандай йўлга қўйилди?

Таълим жараёнига жалб этилиши лозим бўлган хорижий мутахассислар билан ишлаш тартиби, инглиз тилида таълим беришга алоҳида аҳамият берилган ҳолда ишлаб чиқилди. Университет фаолиятида талабалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, унинг қошида “Students Parliament” ташкил этилди, “Иш берувчилар кенгаши” шакллантирилди. Университет ҳудуди бўйлаб жонли нутқ ҳудудлари яратилди.

Талабалар орасида ижобий таълим муҳитини яратиш мақсадида университет фаолиятида эдвайзинг ва тюторлик хизматлари йўлга қўйилди. Хорижий илмий журналлар маълумотлар базасига обуна бўлдик. Университетнинг амалдаги бошқарувини мувофиқлаштириш ва жаҳон таълим майдонига жадал интеграция қилиш мақсадида университет Сенати йўлга қўйилди. Ходимлар эффектив меҳнат фаолиятини моддий рағбатлантириш мақсадида янгиланган ҳамда фойдали эффективлик коэффициентини (ФЭК-KPI) ҳисоблаш тизимига асосланган мониторинг тизими жорий қилинган.

Карантин даврида талабаларни масофадан ўқитиш тизими жорий этилдими?

Биз мазкур ўқув йилидан бошлаб, дарсга қатнашиш бўйича давоматни эркин қилдик. Бу тажриба республикамиз ОТМларининг ичида биринчи бор университетимизда татбиқ этилди, деб бемалол айтаоламан. Бу талабаларимизнинг мустақил таълим соатларига эътибор қаратганимиз ҳамда мазкур соатларни амалда бажариш учун талабаларимизга етарлича вақт ажратиш заруратидан келиб чиқди. Ўқув жараёнини кредит-модуль тизимида ташкил қилдик ҳамда таълим беришда назария + амалиёт услуби (3+2)ни жорий этдик.

 Албатта, бу ислоҳотни жорий қилишда талабаларда тушунмовчиликлар кузатилди. Шунингдек, маълум вақт ўтиши билан уларда ўқиш жараёнига нисбатан маъсулиятсизлик ҳолатлари кузатила бошланди. Бу муаммонинг олдини олиш мақсадида ўқув йилининг II семестридан бошлаб талабаларнинг дарсларга эркин қатнашишларини таъминлаш мақсадида ҳамда университет профессор-ўқитувчиларига академик мустақиллик бериш учун ўқитишнинг турли масофали таълим платформалари ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида университетнинг хусусиятидан келиб чиқиб, Эдмодо таълим платформасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деб топдик. Университетнинг таълим жараёнига жалб этилган хорижлик мутахассисларнинг берган тавсиялари асосида Эдмодо таълим платформасидан фойдаланиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди ҳамда етарли хорижий тажрибага эга университет мутахассислари Алишер Комилов ва Жасур Яхшиликовлар томонидан университет профессор-ўқитувчиларига ва талабаларга семинарлар ташкил этилди. Натижада айрим талабаларимиз ва магистрларимиз ўқув биносига келмасдан туриб ҳам таълим олиш имконига эга бўлишди. Республикамизда карантин ҳолати эълон қилиниши билан олий таълим муассасаларининг талабаларига 16 мартдан таътил эълон қилинди ҳамда уларни 1 апрелдан бошлаб масофали ўқитиш йўлга қўйилди.

Эдмодо таълим платформасида ўқитишнинг барча турдаги маълумотларини (аудио, видео, ҳужжатли ва бошқа) узатиш имконияти мавжуд. Бу платформа нафақат ўқитувчига талабаларнинг топшириқларни ўз вақтида топшириши, балки ота-оналарнинг ҳам фарзандларини бевосита таълим жараёни иштирокчиси сифатида кузатиши ҳамда уларнинг фанларни қандай ўзлаштираётганликларини билиш имконини беради. Шу билан бир қаторда, мазкур платформанинг яна бир афзаллиги шундаки, унда ҳар бир берилган топшириқни бажаришнинг охирги муддати (deadline) кўрсатилган бўлиб, мазкур муддат ичида талабалар фан учун ажратилган баллар (кредит)нинг бир қисмини олиш имкониятига эга бўлишади.

Платформанинг яна бир муҳим жиҳати таълимдаги коррупциянинг олдини олишга катта хизмат қилиши билан ҳам эътирофлидир.

Илмий тадқиқот ишлари, шунингдек илмий лойиҳалар ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсангиз?

Университетимиз Британия Кенгашининг “Creative Spark: Higher Education Enterprise Programme” номли 5 йиллик халқаро лойиҳасини қўлга киритган. Ҳозирги вақтда университетимиз мазкур лойиҳа доирасида Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бундан ташқари университетимиз профессор-ўқитувчилари томонидан Республика илмий-техника дастурлари танловига “Республикамиз худудларидаги буддизм обидалари турмаршрутларининг 3D моделларини яратиш”, “Зиёрат туризми учун ақлли технологиялар тўпламларини яратиш”, “E-ziyorat tourism” электрон платформасини яратиш, Марказий Осиё мутаффаккирларининг асарлари асосида бузғунчи ғояларга қарши маърифий, тарбиявий кураш асосларини ўзида мужассамлаган мультимедиа дастури ҳамда мобиль иловасини яратиш” мавзуларидаги илмий лойиҳалар топширилди. Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватловчи Евроосиё Ассоциацияси томонидан ҳар йили ўтказиладиган қўшма, кўп томонлама конкурслар танловига Беларусь давлат педагогика университети, Россия Федерациясининг Қозон федерал университети Елабуга институти, Россия халқаро туризм академиясининг Арманистон туризм институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда “Глобализация шароитида янги ипак йўлидаги меъморий-маданий ёдгорликларни сақлаш”, Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма илмий-техника дастурлари танловига “Creation of the Augmented Reality Based mobile application "E-Travel Guide” мавзусида илмий лойиҳалар тақдим этилди.

Яқинда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказилган R.A.R (Regional Alumni Representative) - Ҳудудий битирувчилар вакили дастурининг танлов натижалари эълон қилинди. Мазкур танлов натижаларига кўра ҳамкасбимиз Алишер Комилов ҳудудий битирувчилар вакили сифатида танланди. Бу дастур доирасида келгусида университетимизда АҚШ давлат дастурларини тугатган мутахассислар ва талабаларнинг ҳудудий маркази ташкил этилади. Шунингдек, мазкур марказ фаолиятига АҚШнинг малакали мутахассислари жалб этилиб, кўплаб илмий тадқиқот лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида университет билан АҚШнинг Вайоминг университети ўртасида ҳамкорликда янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа доирасида университет профессор-ўқитувчилари учун туризм бўйича ESP семинарларини ўтказиш, туризмга оид дарсликлар яратиш, университет профессор-ўқитувчиларининг инглиз тилини билиш кўникмаларини ошириш, инглиз тилида туризм бўйича талабалар клубларини ташкил қилиш ишлари режалаштирилган.

Университетда халқаро ҳамкорлик доирасида қанақа ишлар амалга оширилди, шунингдек келгусидаги режаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.

Халқаро шартномалар ижроси доирасида 2019 йил ёзги малакавий амалиёт даврида университет талабалари контингентининг 20 фоизи Германиянинг “Reindls Partenkirchner Hof” меҳмонхонасида, Россия Федерацияси Белгород давлат университети қошидаги “Пегас” мактабида, Италиянинг «Tor Carbone» мактабида ва Индонезиянинг Гунадарма университетида малакавий амалиётларини ўташди.

Университетда жорий ўқув йилидан “Туризм фаолиятида логистика” таълим йўналиши бўйича Чехия, Хитой, Индонезия ва бошқа бир қатор давлатлар таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 30 дан ортиқ хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари ва туристик марказлари ўртасида 55 та ҳамкорлик шартномалари имзоланган. ЮНЕСКОнинг “Ипак йўли дастури” доирасида ҳамкорликда илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш, университет қошида “Маданий туризм” ЮНЕСКО кафедрасини ташкил қилиш мақсадида Марказий Осиё тадқиқотлар халқаро институти билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бундан ташқари халқаро “Ипак йўли” университетлар тармоғи «Silk-Road Universities Network» ташкилотининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси билан олиб борган самарали музокаралар натижасида университет ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди.

Университет қошида “International journal of innovations on economics and tourism (IJIET)” илмий-инновацион электрон журнали яратилмоқда. Таянч докторантлар, мустақил тадқиқотчилар ва стажёр-тадқиқотчилар илмий ишларига нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда қўшма илмий раҳбарлик қилиш тажрибаси татбиқ қилинади.

Хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан халқаро QS рейтингида ТОП-1000 та нуфузли ОТМлари рўйхатига кирган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма илмий даража (PhD, DSc) бериш дастурлари ишлаб чиқилади ва университет фаолиятига татбиқ қилинади.

Startup Internships in Bali, AsiaOppo: Hospitality Internships in China, AIPC Pandora: Professional Internship in Madrid, Spain каби International Trainee Program (ITP) дастурларига университет талабалари жалб қилинади.

Университетнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари таълим стандартлари халқаро таснифлаш (ISCED) талаблари асосида мутаносиб равишда 6- ва 7-даражага ўтказиш ва 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб татбиқ қилиш режалаштирилмоқда. Университет қошида илмий даражалар берувчи илмий кенгаш, “Introduction to Tourism and Hospitality Business” фани бўйича халқаро талабалар фан олимпиадаси ташкил этилади.

Университетда қандай муаммолар мавжуд?

Ҳозирги вақтда талабаларимиз Самарқанд давлат университетининг талабалар турар жойидан фойдаланиб келишмоқда. Университет учун 250 ўринли ётоқхона биноси қурилиши режалаштирилган. Ётоқхона қўрилишига тегишли барча техник ва молиявий ҳужжатлари тегишли ташкилотларга юборилган. Ётоқхона биносини қуриш учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ер участкаси ҳам ажратган. Мазкур ётоқхона биноси энг охирги талаблар асосида барпо этилади, унда талабалар билан бир қаторда хориждан ва бошқа ҳудудлардаги ОТМлардан дарс жараёнига жалб этилган профессор-ўқитувчиларнинг истиқомат қилиши учун барча шарт шароитлар мавжуд бўлади.

Ўқув йили якунланишига оз вақт қолди. Кўп ёшларимиз турли олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш арафасида турибди. Шу сабабли ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман. Агар инглиз тилини яхши билсангиз, келажагингизни туризм ва меҳмонхона хўжалигига бағишламоқчи бўлсангиз, хорижда амалга ошириладиган work and travel дастурларида қатнашмоқчи бўлсангиз, халқаро диплом соҳибига айланмоқчи бўлсангиз, бизнинг университетга ўқиш учун ҳужжат топширинг. Асло, ютқазмайсиз.

Фаррух ҲАМРОЕВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: