Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
15.05.2020

ҒАЛАБА БОҒИ – ҲАҚИҚАТ БОҒИ

Халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати, матонати ва қаҳрамонликлари ҳақида абадий ҳикоя қилувчи бебаҳо асар

2020 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида, Fалаба кунида пойтахтимиз Тошкентнинг Олмазор  туманида мамлакатимиз тарихи, тақдири ва ҳаётига дахлдор тарихий воқеа содир бўлди. Қисқа  бир йил орасида барпо этилган Fалаба боғи биринчи зиёратчиларни қабул қилди.

Худди шу ерда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Ғалаба боғини томоша қила туриб, олган таассуротларимиз, Президентимизнинг тантанали маросимдаги нутқида билдирилган фикрлар ҳаяжонимизни ошириб-тоширди,  кўнглимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Уруш ҳақида, Ватанга садоқат, матонат ҳақида, халқимизнинг мустаҳкам иродаси, кўрсатган жасорати ва қаҳрамонликлари ҳақида янада чуқурроқ ўйлаб кўришга даъват этди. Бу  тарихий нутқдаги ҳар бир гап замирида қандай маъно-мазмун мужассамлигини, айниқса, ёшларга мисоллар асосида тушунтириб бормоқ зарурлигини англадик.

Аввало, Ғалаба боғи нима мақсадда барпо этилгани, бу борада Президентимиз билдирган фикрлар мағзини чақиб, хулосалар чиқариб олишимиз керак, деб ўйлайман..

Қаранг, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабадан сўнг орадан 75 йил ўтиб, халқимизга катта қувонч, фахр-ифтихор бағишлаган, кўнглимизни осмон қадар кўтарган Ғалаба боғи барпо этилди. Бу боғ кимнинг  ташаббуси билан, қанча муддатда, қандай ташкил этилганига ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Юртбошимиз айтганидек, қисқа вақтда, айниқса, карантин шароитида Ғалаба боғи деб ном олган бу улкан мажмуани барпо этиш осон бўлгани йўқ. Жойни билиб танлаш, мутахассисларни жалб этиш, дунёдаги энг яхши тажрибаларни ўрганиш, уруш манзараларини яратиш, ҳарбий техникаларни олиб келиш, энг муҳими, тарихий фотосуратлар, ҳужжатлар, урушда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган жангчилар ҳаёти, оиласига дахлдор манбаларни излаш, топиш, олиб келиш учун кимлардир фидойи бўлиб хизмат қилди.

Бу вазифаларни бажараётган барча ҳамюртларимиз муқаддас, савобли бир ишга ҳисса қўшаётганларини ўйлаб, фахр-ифтихор туйғуларини ҳис этиб туришди. Улар катта ғайрат, улуғ бир истак билан меҳнат қилганликлари туфайли қисқа вақтда  Ғалаба боғи, дея аталган 12 гектар майдонни эгаллаган осмон остидаги очиқ музей барпо этилди. Ғалаба боғининг ўртасида, ўнг томонда қад ростлаганМатонат мадҳиясимонументи ёнига келган ҳар қандай киши ҳаяжонга тушади, оғир ўйга ботади, юрагида оғриқни  изтиробни ҳис этади. Бунинг сабаби нимада? Президентимиз нутқида бунга алоҳида изоҳ берилди: Шуни айтиш керакки, ушбу ёдгорлик мажмуасига қандайдир бадиий образ эмас, балки ҳаётимизда чиндан ҳам бўлган воқеамўътабар бир инсон ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат асос қилиб олинган.

Мен ўтган йили 9 май байрамида Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаб ўтган Зулфия Зокированинг ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга соладиган инсоний жасорати  ҳақида сўз юритган эдим.

Турмуш ўртоғи Холмат ака вафот этгач, Зулфия ая ёлғиз ўзи беш ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказган. Иккинчи жаҳон урушида Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон  жами беш нафар азамат ўғлидан жудо бўлган.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, ҳар қандай инсонни ҳам яксон қилиб ташлайдиган бундай оғир зарбага чидаш мумкинми? Лекин матонатли, метин иродали ўзбек онаси бу чексиз кулфатга бардош бера олди...”.

Ўйлайлик, фикрлайлик, Зулфия аянинг дардини, изтиробларини тасаввур этишга ҳаракат қилайлик, юрагимиздан ўтказайлик... Матонатнинг намунаси бу, матонатнинг абадий қўшиғи бу, матонатнинг мадҳияси бу. Қанча-қанча асарларга мавзу бу,  қанча-қанча авлодларга садоқатдан, оила муқаддаслигидан, ўзбек онасининг метин иродасидан, қалби қуёшдек порлаб туришидан, меҳрга лиммо-лимлигидан сабоқ беради.

Эътибор беринг, Зулфия аянинг беш фарзанди исмида “жон” сўзи бор. Улар онанинг бешта жони эди. Онанинг беш жонига бешта ўқ қадалди...  Онаизорнинг беш жони узилди... Беш жонидан ажралган она қандай тирик қолди, қандай яшади?

Англашимизча, унга ўғилларидан қолган тўрт невара – тўрт ёдгорлик ва садоқатли, иболи, ҳаёли келинлари қувват бўлди, жонлар ўрнига жон бўлишди. Онаизор ҳам уларни ўйлаб яшади...

Қани энди, мактаб ўқувчилари, талабалар, Темирбеклар мактаби, ҳарбий олий ўқув юртлари курсантлари учун тарих, ватанга садоқат, мардлик, инсонпарварлик, Ғалаба, Хотира, Қадр-қиммат ҳақидаги дарслар шу ерда ўтказилса. Тарихчи олимлар, депутатлар, сенаторлар, истеъфодаги генераллар, Зулфия Зокированинг оила аъзолари дарс ўтишса, хотираларини гапириб беришса..

Ғалаба боғининг тўрида ўзига хос лойиҳада “Шон-шараф” музейи барпо этилган. Бу музей бошқа музейлардан тамоман фарқ қилади. Бу музей халқимизнинг жасорати, матонати, қаҳрамонликларига бағишланган музей, буюк халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабага қўшган буюк ҳиссаси шарафига бағишланган музей.

Давлатимиз раҳбари нутқида айтилганидек,  бу музей ва монументлар, халқимизнинг қонли жанглардаги мардлиги, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспонатларнинг ҳар бири ҳақида соатлаб гапириши мумкин.

Ҳа, шундай, булар ҳақида  ҳар куни, ҳар доим  гапириш мумкин,  гапириш зарур.

Президентимиз Ғалаба боғидаги яна бир монумент ҳақида шундай деди: “Уруш давридаги жангларни эслатадиган баланд тепалик устида афсонавий генерал Собир Раҳимов каби ҳарбий қўмондонларимиз, ўзбекистонлик барча ботир жангчиларнинг сўнмас хотирасига атаб “Мангу жасорат” деб номланган улуғвор монумент барпо этилди”.

Бу сўзлар фахр-ифтихор билан айтилди. Бу сўзлар Собир Раҳимов ҳақидаги адолатли сўзлар бўлди, адолатли қарор бўлди... Халқимиз кўнглидаги иш бўлди.

9 май куни тантанали маросим бошланишидан олдин Ғалаба боғига биринчилардан бўлиб  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари  бўлган бир гуруҳ отахонлар, онахонлар кириб келишди. Улар 1945 йилда 20-22 ёшда бўлишган, ҳозир 90 ёшдан ошишган. Уруш қаҳрамонлари боғни айланишда толиқиб қолмасликлари учун ёш ҳарбий йигит-қизларимиз уларни махсус аравачаларда олиб юришди... Уларни байрам билан табриклаймиз, ҳурмат билан юз-кўзларига қараймиз.

Уруш манзараларини кўраётиб, уларнинг хаёлига нималар келаётганини тасаввур қилгимиз келади. Улар ҳеч қачон одамга қараб ўқ узаман, деб ўйлашмаган, даҳшатли ўлимларни кўриш хаёлларига ҳам келмаган. Юзлаб километр йўлларни оч-наҳор яёв босиб ўтишни тушларида ҳам кўришмаган. Қишнинг аёзли кунларида зах, совуқ окопларда кунлаб қолиб кетишни, ҳозиргина “Худо хоҳласа, урушдан қайтсам...”, деб орзуларини айтиб турган қуролдош дўсти келиб тушган снаряддан тилка-пора бўлиб кетишини кўришга уруш уларни маҳкум қилишини билишмаган...

Эҳтимол, улардан қай бири оғир ярадор бўлиб, жон бераётган ҳамюрти “Тирик қайтсанг, онамга айт, қўрқмади, мардларча жанг қилиб, ҳалок бўлди, деб айт” деган сўнгги васиятини юракда оғир тошдай,  зил-замбил қарздай олиб юрган, ғалабадан сўнг юртига қайтгач,  дўстининг онасига бу гапни айтолмай азобланиб юрган кунларини эслаётгандир...

Тантанали маросим охирида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир уруш қатнашчисини, Зулфия ая Зокированинг оиласи аъзоларини байрам билан бирма-бир табриклади, ҳол-аҳвол сўради, уларга эзгу тилаклар билдирди. Байрам шарафига уюштирилган дастурхонга тадбирнинг барча иштирокчилари таклиф этилди. Уруш йилларидаги куй-қўшиқлар отахон ва онахонларимизни тўлқинлантириб юборди. Улардан айримлари ҳатто рақсга ҳам тушиб кетишди... Байрам байрамдек бўлди.

Бироқ кўнгилни бир савол безовта қилади, қийнайди. Ҳаёт ғилдираги тўхтамайди, айланаверади, авлодлар алмашаверади. Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига қандай кулфат солгани, дунё тарихида энг машъум, даҳшатли бу  урушда қозонилган буюк ғалабага буюк ўзбек халқи буюк ҳисса қўшганини кейинги авлод ҳам, ундан кейинги авлод ҳам билиши шарт. Биз бугун 50-60 ёшлилар уруш кўрганларни кўрган авлодмиз, уруш қатнашчиларининг фарзандларимиз. Уруш нималиги, қирғин нималиги, очлик нималигини, тинчлик бебаҳо неъматлигини ота-боболаримиз, момоларимиздан ўз қулоқларимиз билан  эшитганмиз.

Умрлари узоқ бўлсин, илоҳим, лекин эрта бир кун улар орамизда бўлмайди. Биз уруш кўрганлардан бир бўғин беримиз, фарзандларимиз икки бўғин узоқлашади, набираларимиз янада узоқлашади. Улар ҳеч қачон урушни кўришмасин, очарчилик, қаҳатчилик бошларига тушмасин. Лекин авлодларимиз  қалбида урушга нафрат, ота-боболар жасорати, хотираси олдида қарздорлик туйғуси яшаши керак. Шу ҳақда ўйлаганда Ғалаба боғининг қадри, аҳамияти янада ошади. Бу муқаддас маскан кейинги авлодларга уруш ҳақиқатлари ҳақида ҳикоя қилади, уруш инсоният бошига беҳисоб кулфатлар солганини эслатиб, тинчликни асрашга, қадрлашга даъват этиб туради. Ёшларимизга Ватанга муҳаббатдан, садоқатдан, оила муқаддаслигидан, вафодан, матонатдан сабоқ бериб туради.

Ғалаба боғига бир кунда қанча одам келишини эътиборга олиб фикрласак, унинг имкониятлари кенглигини, ундан самарали фойдаланиш кераклигини англаймиз. Бу боғ янги ғоялар, экспонатлар, тарихий ҳужжатлар билан бойитилиб борилади, албатта.

 “Ғалаба” сўзи замирида беаёв жангу жадаллардаги  миллионлаб қурбонлар, жасорат, матонат, қаҳрамонликлар мужассам. Ғалаба боғи – қаҳрамон ота-боболаримиз, она-момоларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик. Ўз аждодларидан мағрур, миннатдор фарзандлар эҳтироми, «Сизларнинг қаҳрамонликларингиз ҳеч қачон унутилмайди, ҳар биримиз қалбимизда, халқимиз хотирасида абадий яшайди», деган иқроридир, келтирган иймонидир, қасамёдидир!

 

Сафар Остонов,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: