Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
15.05.2020

Бу кун оддий байрам эмас

Дунёда меҳри дарё аёллар кўп. Аммо инсон боласи учун Она битта бўлади. Дунёда гўзал юртлар ҳам кўп. Аммо инсон боласи учун Ватан битта бўлади! Сиз билан биз она юртимизни қанча эъзозласак, шу кунларга етказгани учун Яратганга қанча шукрона қилсак, истиқлолимизни қанча авайласак, ҳозирги таҳликали замонда юртимиздаги тинчлик-тотувликни асрасак, ёш авлод ҳам ўрнак олади.

(Ўткир Ҳошимов)

Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида айтадиган бўлсак, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Ҳаётимизда шундай кунлар борки, бугунги тинч ҳаётимиз, орзу-мақсад қилиш учун берилган имконият,

Кундалик ҳаёт қувончлари ва ташвишларига тўла турмушимиз учун фидо бўлган инсонларнинг пок руҳларини ёдлаш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимизга айланган. Башарият фашизм устидан ғалаба қозонганига 75 йил тўлди. Ёшлигимизда бу кунни байрам, қувонч, тантана сифатида нишонлар эдик. Йиллар ўтиб, бу ғалаба қанчалар қийинчилик, халқнинг фидойилиги, минглаб қурбонлар эвазига келганлигини англагач, бу кун оддий байрам эмас, балки кўзда ёш билан нишонланадиган муқаддас сана эканлигини англаб етдик.

75 йил бир инсоннинг ўртача умрига тенг. Орамизда шу ёшдан катта бўлганларгина уруш даврини кўрган. Бироқ, ғалабага эришилганидан кейинги йиллар осон кечдими? Ёки бу жангу жадаллар асоратлари бир умр одамлар қалбида чандиқ бўлиб қолмадими? Ким ҳам урушда ҳалок бўлган жигарини унута олади?

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи Ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас.

Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади

Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик тараққиёт гаровидир.

Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, бу кўҳна чархи фалак шу сирли коинот яралганидан бери айлангани-айланган. Айни инсоннинг боқий эмаслиги онг-шууримизда хотира деган тушунчани пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Негаки, хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, яъни уни янада бойитиш имконини беради.

Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.

Хотира – одамларнинг вафотидан кейин ҳам бу дунёда яшаши учун имкон берадиган бирдан-бир макон. Ортда қолганлар хотирасида яшашга интилиш илинжи кишини тарбиялайди. Уни эзгуликларга, кишиларнинг бирор-бир корига яраш, инсонларга манфаат етказиш, умрни зое кетказмасликка ундайди. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб туради, муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.

Ўзбек халқи ўзининг шонли тарихи билан ҳар қанча ғурурланса ҳақли, чунки ўзбек фарзандлари жангу-жадал майдонларида ҳам, фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-яроғ етказиб бериш учун меҳнат фронтида ҳам ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, фидойи бўлдилар. Уруш кечаётган ҳудудлардан кўчирилган инсонларни ўз бағирларига олиб, бир бурда нонларини бўлишиб едилар. Айниқса, 250 мингдан ортиқ эвакуация қилинган болаларнинг бирортаси болалар уйларига топширилмай, ўзбек оилалари қарамоғига олингани ҳақидаги ҳақиқат бугун барча ҳалқларни лол қолдирмоқда.

Барчамизга бу қутлуғ байрам муборак бўлсин. Уруш балоси ҳеч қачон қайтарилмасин. Уруш қурбонларининг пок руҳлари олдида доимо таъзимдамиз.

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: