Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
15.05.2020

ҚАНОАТЛИ БЎЛАЙЛИК

Бугун бутун дунё аҳолисининг ўй-хаёли, фикру зикри, туриш-турмушини бир ваҳима — коронавирус ҳадиги чулғаб олган. Кексаю ёш, каттаю кичик, мулозиму раият – тирик жон борки, тожсимон вирусга йўлиқмаслик чораларини кўряпти.

Бироқ кишини ўйга толдирадигани шундаки, хавф ҳақида эшитиши билан айрим одамлар ўзини бозорларга, дўконларга урган ҳоллар бўлди. Худди Қиёмат қойим бўлаётгандек, ойларга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишга ҳаракатлар қилинди.

Баъзилар қаноатни унутиб, ризқ Аллоҳдан эканини унутиб қўйишган кўринади...

Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган қуйидаги воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади.

...Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшик олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур...” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга учрамай қайтиб кетди.

Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтарайлик, У Зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини Ул Зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида У Зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.

Болгариялик олим-шифокор Веселин Йолов коронавирус туфайли оммавий ваҳимага тушишга асло ҳожат йўқлигини таъкидлади. Ҳозир дунё акҳолисининг нуфуси билан солиштирганда вафот этганлардан кўра соғайганлар кўпчиликни ташкил этади.

Ваҳоланки, айни пайтда дунё миқёсида, интернет маълумотларига қараганда, саратондан, юрак хуружидан, диабетдан, зарарли ҳашаротлар чақиши оқибатида, автоҳалокатда ва қотиллик туфайли бир кунда минг-минглаб одамлар ҳаётдан куз юммоқда.

Инсонни омадсизликка, касалликка, фақирликка туширадиган, дуоси ижобатини тўсадиган нарса ҳам шу – унинг хатолари. Қанча кўп истиғфор айтсак, қанча кўп дуо қилиб Яратганнинг Ўзидан сўрасак, шунча кўпроқ мушкулларимиз енгиллашади!

Таъкидлаш жоизки, киши мусулмон бўлиши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ҳамда Қиёмат куни тирилишга имон келтириши шарт. Демак, мўмин-мусулмонларимиз яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигини унутмасдан, бунинг учун ваҳимага тушмасдан, тўғри йўл тутиб, янада жипслашиб, раҳбарларнинг сўзларига қатъий риоя қилишлари шарт бўлади!

Рамазон ойида турибмиз. Бу ойнинг 26 дан 27 га ўтар кечаси Лайлатул қадрдир. Жаноб Пайғамбаримиз: “Ким имон билан савоб умидида қадр кечасини бедор ўтказса, унинг аввалги барча гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар. Бу ойда Аллоҳ таоло инсониятга кўп яхшиликлар, беқиёс неъматлар, файзу баракалар ёғдиради. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини шундай фазилатли ойларда эсласак, фойдадан холи бўлмаса керак:

– “Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улардан эмас” (Имом Табароний ривоятлари);

– “Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кеткизилишини дуо қилиб кутишдир” (Имом Термизий ривоятлари);

– “Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса сўрамайдиган (дуо қилмайдиган)дан ғазабланади” (Имом Термизий ривоятлари);

– “Садақа балони қайтаради”;

– “Кимики доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади” (Имом Абу Довуд ривоятлари);

– “Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум (зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси”;

– “Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо (тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунин, дуога маҳкам ёпишинг” (Имом Термизий ривоятлари).

Келинг, муҳтарам азизлар, бундай улуғ ойларни, фазилатли кунларни бизлар ҳам ғанимат билиб, юртимиз, эл-халқимиз, маҳалламиз, оиламиз, қариндошларимиз, қўшниларимиз, дўстларимиз, яқинларимиз, наинки, Ер юзидаги инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сурайлик…

Илоҳим, жаннатмонанд юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин. Коронавирус аталмиш тезда даф бўлиб, бу бало-офатдан ҳеч бир юртдошимиз зарар кўрмасин. Аллоҳ таоло беморларга, дардмандларга шифо берсин. Офат тез ва қисқа фурсатда кўтарилсин. Юртимиз яна тараққиётида бардавом бўлсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: