15.05.2020

ЁШЛАР БАНДЛИГИ:

БУ БОРАДА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ҚАНДАЙ ИШЛАР АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА?!

Пойтахт вилояти аҳолисининг 17,7 фоизи ёшлардан иборат. Жорий йил бошида Президент Халқ қабулхоналари, Ёшлар Иттифоқи ва секторлар раҳбарларининг ўрганишлари натижасида вилоятда ёшлар орасида 21,2 минг нафардан ортиқ ишсиз борлиги аниқланган эди. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси қарори билан «Манзилли режа» ва «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Бугунга келиб,  ишсиз ёшлардан 4 минг 764 нафари ишга жойлаштирилди.   430 гектар ер деҳқон хўжалиги сифатида ёшларга ажратиб берилди. Бундан ташқари, 15 та тумандаги 442 гектар ерда ташкил қилинган 15 ишлаб чиқариш бирлашмаси (кооперация)га ижтимоий ҳимояга муҳтож мингдан зиёд оиланинг ишсиз фарзандлари аъзо бўлишди.

Маълумки,  «Паркент узуми» наинки мамлакатимиз, балки хорижда ҳам машҳур. Нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам Паркент узумига талаб ошиб бораётгани боис, туманнинг бепоён қирлари босқичма-босқич узумзорларга айлантирилмоқда

Жорий йилда туманда 850 гектар лалми ерни суғориш, узумчиликни  янада  кенгайтириш учун 84 та сув қудуғи қазилди, яна 24 та  қудуқ қазиш ишлари олиб борилмоқда. 

Паркентнинг «Қайилма» қишлоғининг  омоч тегмаган қирлари шудгорланиб, дастлабки босқичда 115 нафар йигитга 20 сотихдан ер ажратилиб, боғдорчилик кооперацияси ташкил қилинмоқда.

Паркентлик Сардор Мансуров  кўнглида орзу-умидлари кўп бўлса-да, муқаддам тайинли иш тополмай қийналаётган эди.  Энди унинг ҳам жонига шу кооперация оро кирадиган бўлди. У бугун ўзига ажратилган 20 сотих ерда яхши ниятлар билан ток кўчатларини экди, кўчатлар оралиғида эса сабзавот етиштиришни режалаштирмоқда.

Заркент қишлоғининг ҳам кўп қисми қир-адирлардан иборат. Миришкор боғбон Баҳодир Усмонов 12 гектар ерда ташкил қилган боғига челаклаб сув ташиб кўкартирган  пайтлари бўлган. Ҳозир уч йиллик 11 минг тупдан зиёд ток ва гилос дарахтлари қийғоч ҳосилга  кирган. Айни пайтда бу ерда суғориш ишлари йўлга қўйилгач, деҳқоннинг боғига ҳам сув чиқадиган бўлди. Бу келгусида ҳосилдорлик 2-3 баробарга ошади, парвариш ишлари кескин енгиллашади, токзор ораларига яна бошқа турдаги экин экиш имконияти пайдо бўлади, деганидир. Шу боис, деҳқон ҳудуддаги боғнинг қатор ораларини 15 нафар ишсиз ёшларга экин экиш учун ажратиб берди.

Вилоятнинг Юқоричирчиқ туманида ҳам ёшлар бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Туманнинг  «Янги ҳаёт» маҳалласида қарийб 25 гектар ернинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига ажратилиши бунинг бир тасдиғидир. Бу ерда ҳам кооперация ташкил қилиниб, ҳар бир ёшга 30 сотихдан ер ажратилди. 

Хосият Муҳаммадиева механизаторнинг қизи: ёшлигидан техникага қизиқиб вояга етди. Бугун у ўзига ажратилган майдонни ўзи шудгорлади, боғ яратиб, бозорбоп оралиқ экинлар экишга киришган.

Кўп йиллар ўзга элларда ишлаб,  қийналиб юрган Сафарали Содиқов ҳам  энди ўз қишлоғида қолиб ишлайдиган бўлди.   

– Туманимизда ёшлар учун кўрсатилаётган ғамхўрликни ўзим кооперацияга аъзо бўлганимдан сўнг чуқур ҳис қилдим, менга ҳам 20 сотих  ер ажратиб берилди, – дейди бир неча йилдан бери муқим иш топа олмай юрган Шаҳноза Саидова .

Туманнинг «Янги ҳаёт» маҳалласида кооперация ташкил қилиниши туфайли 80 нафардан зиёд ёшнинг ҳаётида ўзгариш бўлди.  Уларга ер ажратилгач, бирлашмага аъзолик бадали, ерга ишлов бериш, уруғ ва кўчатлар олиш ишлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ажратган субсидия ҳисобидан қоплаб берилмоқда.

Оққўрғон туманида  «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси доирасида «Султонобод» маҳалласидаги 100 гектар ер ижтимоий аҳволи оғир 100 та оиланинг билагида кучи бор-у, ишсиз фарзандларига ажратиб берилди. Карантин бошланаётган кунлар бу далаларга сабзавот ва полиз экинлари уруғлари қадалган эди. Мана, ёмғир кўрган экинлар аста-секин гуркираб ўсди.

Исломали Отаназаров Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида сиртдан таҳсил олади, бироқ у ҳозирча муқим иш жойига эга эмас. Исломалига 1 гектар ер ажратилиши билан полвон йигит рўзғорига қўшимча даромад келтириш мақсадида деҳқончиликни бошлаб юборди. Ернинг асосий қисмига ерёнғоқ экди, помидор-у бошқа сабзавотлари ҳам баравж ўсмоқда.

Бекобод тумани «Қолғонсир» маҳалласидаги 30 гектар экин майдони нақ 10 йилдан буён кетмон юзини кўрмай келаётганди. Тиконзорга айланган бу дала ҳам ўзлаштирилиб, кооперация ташкил қилинди. Натижада кам таъминланган, доимий даромади бўлмаган  60 нафар ишсиз ёш  ишли бўлди.  Кооперация ташкил этилиши муносабати билан ерга жон кирди Туманга ёндош Сирдарё — бу ерларни сув билан таъминлайдиган оби ҳаёт манбаси.  Дарёдан сувни шундай тепага кўтарса кифоя. Айни пайтда суғориш ишлари учун насослар ўрнатилди.

 Оҳангарон туманида ҳам «Янгиобод» маҳалласидаги 15 гектар ер ўзлаштирилиб, «Agro Mir Qishloq xojaligi birlashmasi» ишлаб-чиқариш кооперативи ташкил қилинди. Тақир ерга сув келтирилгач, кооперативга маҳалладаги 50 нафар ишсиз ёш пайчи бўлиб кирди. Уларнинг ҳар бирига 20 сотихдан ер ажратилди. Дала шудгор қилинди, экспортбоп қалампир  кўчатлари олиб берилди.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизда  ёшларни иш билан  таъминлаш бўйича янги ташаббуслар бошланди. Улар давлат томонидан  қўллаб-қувватланмоқда.    Фақат астойдил меҳнат қилинса бўлди. Зеро, бугунги шиддатли ва мураккаб даврда одамларнинг дастурхони тўкинлиги, фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши, аввало, ҳар қарич ердан самарали фойдаланишига боғлиқдир.

 

Ҳамид ТЕШАЕВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: