Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
15.05.2020

УРУШ БЎЛМАСИН ДУНЁДА

Инсоният тарихида яратишлар, бунёдкорликлар билан бирга, урушлар, йўқотишлар, фожиалар кўп бўлган. Ёзма ёдгорликларнинг гувоҳлик беришича, сўнгги 6 минг йил мобайнида Ер шарида 15 мингдан зиёд урушлар содир бўлган ва уларда 4,5 миллиард киши  ҳалок бўлган.

Уч минг йиллик ўзбек миллий давлатчилик тарихи давомида халқимиз 370 йил тинчликда яшаган экан. 200 йил Эрон аҳамонийлари, 180 йил грек-македонлар, 200 йил араблар, 150 йил мўғуллар, 130 йил чор Россияси ва совет мустабид тузуми ҳукмронлик қилган даврда халқимиз беҳад жабр-зулм кўрди, моддий ва маънавий йўқотишлар бўлди, энг ёмони, халқимиз қадр-қиммати ҳар томонлама камситиб келинди. Бу хўрликларга Чингизхон зулмини мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

Таниқли олим ва сайёҳ Ҳерман Вамберининг ёзишича, Чингизхон Бухорони босиб олганидан кейин унинг деярли барча аҳолисини, 75 минг нафар аёлу эркак, кексаю ёш болаларни қиличдан ўтказган. «Ариқларда сув ўрнига қонлар оқди, тирик одам қолмаган», деб ёзади олим. Самарқанд босиб олинганида, юз минг кишининг боши танасидан жудо қилинган.

Чингизхон Термизни босиб олганида, бир аёл аскарларга уни ўлдирмасликларини сўраб ёлворади, тирик қолиши эвазига ичига ютган қимматбаҳо жавоҳирни уларга беришини айтади. Буни эшитган Чингизхон бу ерда яшаётган жамики аёлларни қиличдан ўтказиб, ошқозонини ёриб кўришга буйруқ беради ва барча аёллар оммавий қирғин қилинади.

Араблар, греклар, мўғуллар, большевиклар – қўйингки, барча истилолар даври ўзбек халқи учун ниҳоятда фожиали бўлди. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида 2 миллионга яқин ҳамюртимиз иштирок этган бўлса, уларнинг 800 минг нафари фронтдан қайтмади.

Самарқанд вилоятидан тахминан 177 минг нафар киши урушда қатнашган бўлса, шулардан 70 минг нафари майиб-мажруҳ бўлиб уйига қайтиб келган. Уларнинг 70 мингдан кўпроғи қайси жанггоҳларда ҳалок бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар Хотира китобига киритилган. Қолган 30 минг нафари қаерда, қандай ҳалок бўлган, булар ҳақида маълумот йўқ.

1942 йилдан кейинги воқеаларни яхши эслаймиз. Қўшработ туманининг Оқтов билан Қоратов ўртасида жойлашган ҳудудда Учбулоқ, Говхона, Қатағон деган қишлоқлар бўларди. Ана шу қишлоқлардан эндигина 10-синфни битирган 27 нафар ёш йигит урушга кетиб, улардан атиги тўрт нафари майиб-мажруҳ ҳолда қайтиб келди. Жўрақул деган қариндошимиз бир оёғидан, Қулаҳмад ака деган қариндошимиз бир кўзидан, Саъдулла ака бир қўлидан айрилиб, 20 жойидан операция бўлган. Абдураим деган тоғамиз бир оёғидан ажралиб келди. Уларнинг ҳаммаси эллигинчи йилларда вафот этди. Қатағон қишлоғидан Шодибобонинг Эсиргап, Наҳалбой, Ёрлақаб исмли фарзандлари урушдан қайтиб келмади. 

Урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб юртимиз аҳолиси, унинг барча моддий ресурслари фронтга сафарбар этилди. Ўрта Осиё ҳарбий округи томонидан фронт учун 1941 йил июнидан 1942 йил охиригача ҳарбий сафарбарлик асосида 109 та ҳарбий қўшилма тузилди, ҳаракатдаги армияга ва Олий бош қўмондонлик қароргоҳи захирасига 86 дивизия ва бригада жўнатилди. 

Иқтисодиётни жадал ҳарбий изга солиш энг муҳим вазифа эди. 1941 йил 22 июндан бошлаб ишчи ва хизматчилар учун иш вақтидан ташқари, мажбурий қўшимча иш жорий қилинди. Ҳафтасига мавжуд беш кунлик ўрнига олти кунлик, бир кунда 11 соатлик иш куни белгиланди. Амалда эса иш куни 12-14 соатга чўзиларди.

Уруш йилларида Ўзбекистонда 280 та янги саноат корхоналари қурилиб ишга туширилди.

Республиканинг саноат қуввати 1945 йилда 1940 йилга нисбатан 2 марта, нефть ишлаб чиқариш 4 марта, металлни қайта ишлаш 4,5 марта, машинасозлик 13,4 марта, кўмир ишлаб чиқариш 30 марта ва пўлат ишлаб чиқариш 2,5 мартага ошди. Кимё саноати ишлаб чиқарадиган ялпи маҳсулотлар беш баравар кўпайди.

Вазиятнинг мураккаблиги шундан иборат эдики, биринчидан, республика қишлоқ хўжалиги, асосан, пахта етиштиришга йўналтирилган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари марказ фондидан келтирилар эди. Уруш бошлангач, озиқ-овқат келтириш тўхтади, аҳолини боқиш учун ички имкониятларни излаб топиш зарур бўлиб қолди. Иккинчидан, эвакуация қилинган аҳоли ҳисобига шаҳарлар аҳолисининг кўпайиши озиқ-овқатга бўлган талабни янада оширди. Учинчидан, куч-қувватга тўла деҳқонлар фронтга ва ҳарбий саноатда ишлашга сафарбар этилган, деҳқончиликнинг машаққатли ишлари кексалар, аёллар, ўсмирлар зиммасига тушган эди.

Ўзбек халқи ўзининг бағрикенглиги, меҳнатсеварлиги ва болажонлигини уруш йилларида яна бир бор намоён қилди. Фронт ичкарисида ва уруш ҳаракатлари кучли бўлган Украина, Белоруссия ва РСФСРнинг ғарбий вилоятларида ота-онасиз ва қаровсиз қолган жами бир миллиондан зиёд ёш болалар, қариялар ва аёлларни Ўзбекистон ўз бағрига олди ва уларга меҳр кўрсатилди. Тошкент шаҳри хотин-қизларининг ташаббуси билан республикамизда етим болаларни фарзандликка олиш ҳаракати кенг тус олди.

Республикамизга жангларда ярадор бўлган аскар ва зобитлар ҳам келтирилиб, бу борада ҳам халқимиз ўз меҳр-саховатини кўрсатди. 1941 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тизимида 14950 ўринга эга бўлган 47 госпитал барпо этилди ва зарур ускуналар билан жиҳозланди. Айни пайтда Москва, Калинин, Ростов ва бошқа вилоятлардан 15900 ўринга эга бўлган 48 госпитал кўчириб келтирилиб, ишга туширилди.

Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек халқи урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб фашизмга қарши курашда ғалаба қозониш учун ҳар томонлама муносиб ҳисса қўшди. Фронт эҳтиёжлари учун Ўзбекистондан йиғиб берилган жами пул маблағлари 5 миллиард сўмни ташкил этди.

Барча саноат корхоналари қисқа вақт ичида ҳарбий изга солиниб, миномёт ва автоматлар, самолёт ва танклар учун эҳтиёт қисмлари ва бошқа ҳарбий қуроллар ишлаб чиқара бошлади. 1941 йилнинг декабригача Тошкент шаҳридаги 137 саноат корхонасининг 64 таси қурол-яроғлар, фронт учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришди.

Корхоналарда ишлаётганларни асосан кексалар, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ташкил этар эди. Урушнинг бир ярим йили мобайнида Ўзбекистон саноатида хотин-қизлар салмоғи 29 фоиздан ошган бўлса, 1943 йилга келиб 63,5 фоизни ташкил қилди.

Ўзбек халқининг фидокорона меҳнати туфайли уруш даврида ўнлаб ГЭСлар ишга туширилди, 1943 йилда энг йирик Фарҳод ГЭСига 63 минг кўнгилли киши жалб этилиб, 10 ой мобайнида қуриб битказилди.

Уруш даврида металлга бўлган талабни қондириш мақсадида 1942 йил 17 июнда Бекободда металлургия заводи қурилиши бошланди ва 30 минг нафардан кўпроқ ишчининг саъй-ҳаракати туфайли 1944 йил 5 мартдан бошлаб маҳсулот бера бошлади.

Уруш бошқа республикалар сингари Ўзбекистон аҳолисининг ҳам турмуш даражасини оғирлаштирди. Озиқ-овқат танқислиги вужудга келди. Шаҳарларда озиқ-овқатларни, саноат молларини карточка асосида тақсимлаш жорий этилди. Ишчи ва хизматчиларга кунига 400-500 граммдан, оила аъзоларига эса 300 граммдан нон бериш белгиланди. Амалда эса аҳоли белгиланган меъёрлардан ҳам кам нон оларди. Гўшт, ёғ, балиқ, макарон, ёрмалар ҳам меъёрланган тартибда тақсимланар, кўп ҳолларда карточкада кўрсатилган миқдорда берилмас эди.

Қишлоқ аҳолиси ишлаган меҳнат кунлари учун деярли ҳақ олмас эди. Ана шу тариқа уруш йилларида халқимиз жуда оғир кунларни бошидан кечириб, мислсиз заҳматлар чекди.

Президентимиз айтганидай, кексаю­ёш, оналаримиз, опа-сингилларимиз ўзи емай-ичмай топган насибасини азоб-уқубатлар чекиб, фронтга жўнатганини, фидойилик кўрсатганини эсдан чиқариб бўладими?

Ўзбекистонда тузилган 21- ва 44-отлиқ аскарлар дивизияси, 258-ўқчи дивизия аскарлари Москва остоналаридаги жангларда душманнинг 9 мингдан кўпроқ аскар ва зобитларини ер тишлатиб, 137 аҳоли масканини озод этди, биринчилардан бўлиб Упа дарёсига чиқиб, кўплаб жанговар техникани қўлга туширди. Бу дивизия Москва яқинидаги Калуга шаҳрини озод этишда кўрсатган матонати учун Гвардиячи дивизия унвонига сазовор бўлади.

Ўзбек қизи Зебо Ғаниева Москвадаги театр санъати институтида ўқир эди. Уруш бошлангач, у ўз юрти Андижонга қайтиб келишни эмас, фронтда жанг қилишни афзал кўрди. Тез орада моҳир мерган ва разведкачи бўлиб етишди. Унинг ҳарбий қисми Москва-Волга канали бўйлаб жойлашган эди. Бу мерган қиз 1942 йилнинг 25 майигача 23 нафар фашистни ер тишлатди, 16 марта разведкага бориб, душман тўғрисида қимматли маълумотлар олиб келди. 1943 йил августда Демьянскда бўлган жангда у оғир ярадор бўлиб, 33 марта жарроҳлик операциясини бошидан ўтказади ва бардош бериб, тирик қолади.

Уруш йилларида ўзбекистонлик жангчилардан 1753 нафари «Москва мудофааси учун», 2738 киши «Сталинград мудофааси учун» медали, шунингдек, 5931 киши Варшавани, 6846 киши Прагани, 804 киши Белградни, 2430 киши Будапештни, 2000 киши Венани, 1706 киши Берлинни ишғол қилишда жасорат намуналарини кўрсатгани учун медаллар билан тақдирланди. 109208 жангчига «Германия устидан қозонилган ғалаба учун» медали топширилди.

Халқимиз ўғил-қизларидан 200 мингдан зиёди жанг майдонларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатгани учун орден, медаллар билан тақдирлангани, 301 нафар ўзбекистонлик жангчига қаҳрамонлик унвони берилгани уларнинг ғалабага қўшган улкан ҳиссасидан далолат беради.

Шунинг учун Иккинчи жаҳон урушига қандай қаралмасин, бу уруш қайси ғоя остида ва кимнинг изми билан олиб борилган бўлмасин, ўз ватани, эл-юртининг ёруғ келажаги, беғубор осмони учун жанг майдонларида ҳалок бўлганларни, ўз умрларини бевақт хазон қилган инсонларни доимо ёдда сақлаймиз.

Иккинчи жаҳон урушида Германиянинг ўзида 13,6 миллион одам ҳалок бўлди. Америкадан 400 минг, Англиядан ҳаммаси бўлиб 370 минг киши ҳалок бўлди.

Мудҳиш ва аёвсиз урушлар такрорланмаслиги учун унинг илдизлари яна униб чиқишининг олдини олиш  энг долзарб, энг муҳим муаммо бўлиб қолаётганига жиддий эътибор қаратган ҳолда, бугунги шиддатли замонда лоқайд ва бепарво бўлмасдан, юртимизда, минтақамизда, Ер юзида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси билан муносабатда бўлиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жаҳонда рўй бераётган нотинчлик, дунёни бўлиб олиш мақсадида атайин ташкил этилаётган турли хил можароларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга тўғри тушунтириш, улар қалбида ватанпарварлик, иймон-эътиқод туйғуларини шакллантириш биз, зиёлиларнинг асосий вазифамиз бўлмоғи керак.

 

Сайфулла СУЮНОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти,

Комила СУЮНОВА, 

Самарқанд тиббиёт институти ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: