Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
08.02.2013

ЭРТАНГИ КУНГА ИШОНЧ ҲИССИ

барқарор тараққиёт кафолатига айланмоқда

Ватан равнақи ва тараққиётига  муносиб ҳисса қўшиш, ўз манфаатини шу юрт ва халқ манфаати билан боғлаш, тинчлик ва осудаликни асраш, мустаҳкамлаш учун курашиш барча олижаноб орзу-интилишларимизни амалга оширишнинг муҳим кафолатидир. Юксак мақсадларимизга эришишда халқимиз миллий ғоя атрофида руҳан бирлашиши, ҳар бир фуқарода миллий ғурур туйғусини шакллантириш талаб этилади. Бунинг учун сиёсий ўқувларнинг мазкур йўналишдаги машғулотлари таъсирчанлигини ошириш лозим.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда Тошкент вилоят кенгаши ҳамкорликда ўтказган сиёсий семинар ана шу масалаларга бағишланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақилликни асраш ва мустаҳкамлаш, тинч­лик ва осойишталикни таъминлаш, халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади. Шунинг учун миллий ғоя тарғиботи партиянинг барча даражадаги депутатлари ва ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди. Семинарда бу борада бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, Юртбошимизнинг «Ўзбекистон мустақиликка эришиш остонасида» номли китобининг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига чуқур синг­дириш, маънавий-маърифий тадбирларда ундан муҳим манба сифатида фойдаланиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шарбат Абдуллаева, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси
ўринбосари:

— Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган улкан ютуқлар ҳақида сўз борганда, аввало, маънавий-маърифий йўналишдаги ислоҳотлар, одамларимизнинг тафаккурини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг амалий натижалари алоҳида эътироф этилади. Бу борадаги ишларни изчил давом эттиришда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, сиёсий партияларнинг ўрни ва иштироки табиий равишда муҳим аҳа­мият касб этади. ЎзХДП дастурида ёшларнинг юксак маънавиятга эга бўлиши, миллий маънавий қадриятларни асраш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиш учун кўмаклашиш белгиланган.

Демак, партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, бу борадаги ишларимизни кучайтириш, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизими ўқувларини таъсирчан усулларда ташкил этиш талаб этилади.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ватанимиз иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланиши аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини изчил юксалтиришни таъминлади, дунё бозорида мамлакатимиз позициясини мустаҳкамлади ва эришилган ушбу ютуқлар халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилиб, холисона баҳоланмоқда.

Мисол учун, 2012 йилда Буюк Британиянинг халқаро миқёсда тан олинган Легатум институти ўзининг Фаровонлик ва ривожланиш индексида Ўзбекистонни дунё мамлакатлари орасида ҳақли равишда 64 ўринга киритган. Ёки Халқаро валюта жамғармаси миссияси раҳбари Ўзбекистонни солиқ-бюджет ва таш­қи фаолият соҳаларидаги мустаҳкам позицияси, банк тизимининг барқарорлиги, давлат қарзининг камлиги ва ташқаридан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашиши уни глобал инқирознинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилганини эътироф этган. Репродуктив саломатликни таъминлаш бў­йича ўзбек модели БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мам­лакатлари учун энг яхши минтақавий дастур сифатида тавсия этилди. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2012 йилда Ўзбекистон бизнесни юритиш бўйича рейтингда 14 ўрин юқорига кўтарилди.

Буларнинг барчаси бизнинг миллий ғурурумизни мустаҳкамлаш, миллат руҳияти, тафаккури ва дунёқарашини ўз­гар­тиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллик йилларида тўпланган тажриба, дунё жамоатчилиги «ўзбек модели» дея эътироф этган ўзимизга хос ва ўзимизга мос тараққиёт йўли, келажаги буюк давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган барча тарихий ўзгариш ва янгиланишлар юрт­­дошлари­миз қалби, онги ва шуурига улкан таъсир кўр­сатмоқда.

Ана шунинг учун ҳам миллий маънавиятни ривожлантириш, ўзликни англаш, маданий мерос ва тарихий ўтмишга кишиларимизда чуқур ҳурмат, уни ўрганишга интилиш туйғусини шакллантириш жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, мақсад-муддаоларини белгилаб бермоқда.

Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП фракцияси аъзолари аҳоли вакиллари билан учрашувларда ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, миллий истиқлол ғоясини тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу чора-тадбирлар, ҳеч шубҳасиз, фуқароларимизни миллий ғоя атрофида бирлаштириш, ўз бурчини чуқурроқ англашига хизмат қилади.

Тадбирда, шунингдек, Ўз­ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари ­Сирожиддин Аъзамов, сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков, Тошкент давлат ислом университети малака ошириш ва қайта тайёрлаш факультети ўқитувчиси Уйғун Ғофуров сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида фуқароларнинг сиёсий ва маънавий онгини юксалтириш жараёнлари ҳақида тўхталиб ўтишди. ЎзХДП сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув машғулотларида миллий ғоя тарғиботи таъсирчанлигини оширишга эътиборни кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Тадбир якунида «Мустақилик арафасида ёки шўроларнинг сўнгги талвасаси» ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.