Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
18.04.2020

Пандемия асоратларини оқилона бартараф этиш зарур

Жаҳон иқтисодиёти бундан олдин ҳам бир қанча инқирозларни бошдан кечирган. Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 50 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарадиган мамлакатлар карантинда эканини ҳисобга олсак, иқтисодиётдаги бу галги инқироз аввалгиларига қараганда анча жиддий. Коронавирус пандемияси 2008 йилги молиявий-иқтисодий инқирозга нисбатан жаҳон иқтисодиётига катта талофат келтириши мумкин. Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти ўсишининг башорати негатив кўрсаткичларни намоён қилади, яъни 2020 йилда жаҳон иқтисодиётини ўсиши 2,3 фоизга пасайиши башорат қилинмоқда. Халқаро экспертларнинг фикрича, жаҳон иқтисодиёти коронавирус пандемияси туфайли 2,7 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўриши мумкин. Пандемиянинг таъсири натижасида жаҳон иқтисодиётининг барча реал тармоқларида саноат, қишлоқ ҳўжалиги, савдо, қурилиш, транспорт, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида сезиларли даражада пасайиш ва ишсизлик кузатилади.

Ҳозирги пандемия жаҳонда йирик иқтисодий ва геосиёсий инқирозга олиб келади. Чегаралар ёпилади, протекционизм (ички бозорни ҳимоя қилиш) ҳукмронлик қилади. Тадбирларнинг барчаси онлайн ўтказилади, йирик ярмаркалар бекор қилинади, савдо марказлари ёпилади, харидлар асосан интернет орқали амалга оширилади. Уйдан ишлаш ва онлайн хизматлар кўрсатиш янада авж олади. Дарҳақиқат, ҳозирда инқироз симптомлари кучаймоқда: жаҳон биржаларида акциялар курси пасаймоқда, нефть нархи тушмоқда, олтин нархи кўтарилиб, халқаро хўжалик алоқалари узилмоқда.

Узоқ давом этадиган карантин чекловлари иқтисодиётда бир қатор хавфларни келтириб чиқаради. Яъни импортнинг экспортга нисбатан кескин ўсишига олиб келади. Хизмат кўрсатиш соҳалари – авиация, темир йўл, туризм, меҳмонхоналар тармоғи ва бошқалар фаолияти деярли тўхтаб қолиши оқибатида иш ўринлари қисқаришига сабаб бўлади. Ишлаб чиқаришнинг пасайиши талабнинг таклифга нисбатан юқорилигини таъминлайди, бу эса нархлар мувозанатига салбий таъсир ўтказади. Иқтисодий пасайиш ҳолатининг давомий бўлиши ишсизлик даражасини оширади ва аҳолининг тўловга бўлган қобилияти кескин тушиб кетишига олиб келади. Давлат бюджетига тушумларнинг жумладан, солиқ тўловларининг камайиши вужудга келиб, бюджетни шакллантиришга салбий таъсир этади, бунинг натижасида эса давлат бюджети ташкилотларида ажратиладиган харажатларни молиялаштиришда муаммолар туғилиши мумкин.

Жаҳондаги барча давлатлар қатори ушбу пасайишлар Ўзбекистон Республикасида ҳам намоён бўлади. Пандемиянинг таъсирини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати бир қатор меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2020 йилнинг 3 апрелида яна бир, “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қуватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. Иқтисодиётда банд бўлган жисмоний ва юридик шахсларга солиқ тўлаш муддати кечиктирилди, айрим субьектлар эса жорий йил охиригача солиқ тўловидан озод этилди. Тадбиркорлик субъектлари ва корхоналарга қатор имтиёзлар тақдим этилди, айрим қарздорликлар кечиктирилди, дебиторлик қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилди, аудиторлик текширишлар йил охиригача бекор қилинди, коронавирус пандемияси туфайли кўрилган талофатларни камайтириш бўйича яна бошқа бир қатор енгилликлар берилди.

Ҳукуматимиз томонидан берилаётган енгилликлар ва кўрилаётган чоралар пандемиянинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатишга ёрдам беради, албатта.

Жаҳон иқтисодиётининг фалажланаётган шароитида мамлакатимизда пандемия асоратларини қисқартириш мақсадида нималарга эътибор бериш муҳим аҳамиятга эга?

Энг аввало, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи соҳа вакиллари жалб қилинаётган инвестициялар асосий ҳаракатлантирувчи куч эканлигини унутмаслиги керак, чунки инқироз натижасида иқтисодий таназзул янада пасайиши кузатилади. Албатта, энг аввало бунда молиявий ресурсларни мавжуд лойиҳаларнинг самарадорлигини оширишга қаратиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Мавжуд мулк хўжаликларидан оқилона фойдаланиш, фуқароларни уй шароитида маҳсулот ишлаб чиқаришга жалб этиш ҳам эътибор марказимизда бўлиши керак. Ишлаб чиқарилган товарларни марказлашган ёки давлат харидлари орқали сотиб олиш орқали аҳолини рағбатлантириш мумкин бўлади. Бу эса, ўз навбатида, четдан импорт қилиш мумкин бўлган товарларни ўзимизда ишлаб чиқариш билан бирга, ортиқча маҳсулотни экспорт қилиш имкониятини беради.

Жаҳон бозорида рақобатнинг кучайиши республикамизда янги технологияларнинг янада тезроқ жорий этилишини талаб қилади. Эндиликда электрон тижорат, рақамли тўловлар ва масофадан ишлаш, илм-фан ривожи, қўйингки барча соҳаларда инновацияларга бўлган эътиборни кучайтириш лозим. Экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятига эътибор қаратиш муҳим ўрин тутади. Жумладан, дунё бўйича талаб ошиб бораётган фармацевтика, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, истеъмол учун бирламчи маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар фаолиятини кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Иқтисодий инқироз жараёнида халқаро бозордаги компаниялар “хавфсизлик ёстиқчаси”га катта аҳамият қарата бошлайди, чунки 2008 йилдаги молиявий инқироз АҚШ, Испания, Ирландия ва қатор мамлакатлардаги мулк бозорларида улкан “кўпиклар” ҳосил қилган, банклар етарлича «хавфсизлик ёстиқчаси»га эга бўлмасдан туриб, ўта хатарли операцияларга аралашиб қолганди. Улар ушбу хатони такрорламасликка ҳаракат қилишади. Юқори даражада автоматлашган заводларга эътибор кучаяди. Жаҳон иқтисодиётида ишлаб чиқаришнинг халқаро ихтисослашув тизими бузилади. Миллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам ушбу жараёнларга катта эътибор қаратиши талаб этилади.

Ҳозирги инқироз натижасида жаҳондаги барча компаниялар ишлаб чиқариш занжирини синчковлик билан қуради, коронавирус бутун дунёни шок ҳолатига солиб қўйди. Халқаро иқтисодий алоқалардаги бир қадар турғунлик транспорт ва ишлаб чиқариш муносабатларининг бузилишига олиб келади ва ҳозирги кўринишдаги глобаллашувга нуқта қўяди. Кўпчилик бутловчи қисмларни Хитойдан импорт қилиш ўрнига ўзлари ишлаб чиқариши ёки яқинроқдаги мамлакатлардан олиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бошқача айтганда, ҳудудлашиш жараёни ёки янги иқтисодий ҳудудлар шаклланиши бошланади. Шунинг учун Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш билан шуғулланадиганлар ҳам маҳаллийлаштириш масалаларига эътиборни қаратишлари лозим.

Ўзбекистонда монетар-фискал сиёсатни шакллантириш, банк соҳаси ва пул обороти тизимидаги ислоҳотларни тизимли йўлга қўйишни зарурлиги аёнлашмоқда. Солиқ тушумлари бўйича маълум муддатга таътиллар берилаётган бир пайтда давлат бюджетининг даромадлар қисмини тўлдириш, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида ташқи қарзларга эҳтиёж сезилади. Албатта бунда ташқи қарзларни мамлакатимизнинг олтин-валюта заҳираларимизни инобатга олган ҳолда жалб этиш лозим.

Жаҳонда ҳукм сураётгн пандемиянинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири масаласи ҳар жиҳатдан муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шу сабабли, халқимизни етарли озиқ-овқат билан таъминлаш бугунги кунда муҳим вазифа. Албатта, ушбу жараёнда фермер, деҳқон хўжаликлари билан бир қаторда, аҳолининг томорқа ер майдонларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Аҳоли ўзига ажратилган ердан унумли фойдаланиши, кўпроқ ҳосил олишга ҳаракат қилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқачиликни ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи эканини таъкидлаб, “бундай даврда томорқани қаровсиз ташлаб қўйиш хиёнат” эканлигини уқтирган эди. Президент бугунги шароитда томорқани энг ишончли даромад манбаи сифатида баҳолади. Айниқса, коронавирус пандемияси жаҳоннинг энг етакчи мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи етарлича таъминланмаганини кўрсатгани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бу масалада – Ўзбекистонда озиқ-овқатга бўлган ички талабни тўла қондириш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун катта заҳира ва имкониятлар мавжуд эканлигини айтиб ўтди. Барча фермер, кластер хўжаликлари, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши кераклигини таъкидлаб, томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бундан ташқари Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттириш кераклигини, 34 миллионлик халқимизни боқиш баробарида қанчадан-қанча етиштирган маҳсулотларни четга экспорт қилиш вазифалари турганлигини таъкидлади.

Тўғрида, бутун мамлакат аҳолисининг ҳаёти уйда кечаётган бир пайтда тўқ яшашнинг муҳим омиллардан бири қишлоқ жойларида томорқадан фойда олишдан бошқа яна нима бўлиши мумкин? Томорқада меҳнат қилинса, биринчи навбатда, маҳаллий аҳоли банд бўлади. Иккинчидан эса, оилага қўшимча даромад келади. Келмаганда ҳам, ўзини-ўзи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлайди. Ташқаридан қимматга сотиб олинмайди. Ҳозирги карантин вақтида олий ўқув юртларида таълим жараёни тўхтатилиб, талабалар уйларига кетган. Онлайн режимида дарслар ташкил этилган, масофавий таълим йўлга қўйилган.Талабаларимизнинг аксари қишлоқ ёшлари, улар масофавий таълимдан бўш вақтларида томорқада хўжалигида ота-онасига ёрдамлашса, қўшимча даромад олса мақсадга мувофиқ бўлади.

Умуман олганда, коронавирус пандемиясининг ҳали тўла ўрганилмаган асоратларини бартараф этиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида илгари ҳаракатланиш бўлиши учун кенг ўйланган, оқилона фаолият олиб боришни талаб қилади. Албатта, бунда халқимиздан ҳар бир киши ўзини бошқариши, метиндек ирода ва қаттиқ интизомга, фуқаролар эса ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.


Эштаев АЛИШЕР,

Самарқанд давлат университетининг проректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: