05.02.2013

ҲАРАКАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ

тўлиқ бажарилсагина фаолиятимиз самарали бўлади

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши Ижроия қўмитасининг халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси таҳлил этилди. Бу борада олиб борилган ишлар юзасидан депутатлик гуруҳлари раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Президентимизнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар, Обод турмуш йилида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича фикр алмашилди.

Йиғилишда қайд этилдики, Ҳаракат дастури асосида халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи «Жиззах шаҳрида аҳоли ўртасида йод танқислиги касалликларининг олдини олиш», Ғаллаорол туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида», Янгиобод ва Мирзачўл туманлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари «Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни изчил амалга ошириш, қишлоқ тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш» каби масалаларни ўрганди ҳамда доимий комиссиялар йиғилишлари ва сессияларда муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Йиғилишда мазкур қарорларнинг ижросини таъминлаш бўйича жойларда қилинаётган ишлар ҳақида ҳам ахборотлар тингланди.

— Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича изчил ва аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди халқ депутатлари Янгиобод туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Эркин Шодмонқулов. — Хусусан, ҳудудимизда бу борада олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман Кенгаши сессия­сига масала киритилди. Жорий йилда замонавий лойиҳа асосида тиббиёт бирлашмаси биносини барпо этиш режалаштирилди.

— Бугунги ҳаёт сиёсий пар­тиялар ва депутатлик гуруҳлари зиммасига катта вазифалар юкламоқда, — дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Эргаш Жўрабоев. — Шундан келиб чиқиб, электоратимиз ман­фаатини дадил ҳимоя қили­шимиз, маҳаллий ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатиш зарур. Бор куч ва имкониятларимизни партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни самарали бажаришга қаратиб, ижтимоий фаровонлик, оилаларнинг тинчлиги ва осойишталиги, аҳолининг иш билан бандлиги дара­жасини янада оширишга эришишимиз зарур.

Йиғилишда, шунингдек, айрим туманлар Кенгашларидаги партиямиз депутатлик гуруҳлари ўз зиммасидаги вазифаларни ҳалигача тўлиқ англамаётгани ва суст фаолият кўрсатаётгани танқид қилинди. Хусусан, Зомин, Бахмал, Пахтакор ва Дўстлик туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ўтган йили амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ижросига етарли эътибор қаратмади. Ҳудудларда ечимини кутаётган ижтимоий масалалар, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш бўйича етарли ташаббус кўрсатмаётир. Мазкур депутатлик гуруҳлари фаолиятини жон­лантириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Ҳаёт ХИДИРОВ


DB query error.
Please try later.