Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
05.02.2013

УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ: СИФАТ, НАРХ ВА ҲАЖМ

ёки тамаддихоналардаги хизмат сифати ва уларга қўйиладиган талаблар хусусида

Инсон ҳаёти овқатланиш билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳар бир киши қандай овқатланиш кераклиги, энг асосийси, ўзи истеъ­мол қилаётган овқатларнинг сифати қанақалиги ва меъёрига эътибор бериши зарур.

Бугун бири биридан кўркам, муҳташам тамаддихоналар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Улардаги таомномалар ҳам ранг-баранг. Европа таомларидан тортиб, миллий таомларимизнинг тур-туригача муҳайё. Бироқ уларнинг нархи, сифати ва ҳажмида анчагина фарқ борлиги истеъмолчиларнинг ҳақли савол ва эътирозига сабаб бўлмоқда.

Овқатингиз пулингизга ярашами?

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг берган маълумотига кўра, ўтган йили Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига келиб тушган 9523 та шикоят ва аризаларнинг 2000 дан ортиғи умумий овқатланиш ва савдо-сотиқ соҳасига тегишли бўлган. Ушбу мурожаатларнинг аксариятида истеъмолчилар баъзи ошхона, кафе, бар ва ресторанларнинг санитария-гигиена қоидалари талабларига тўла жавоб бермаслиги, ходимларнинг муомала маданияти пастлиги, назорат-касса чекларининг берилмаслиги, хизматлар рўйхати ва уларни кўрсатиш шартларига риоя этилмаслиги, тавсия этиладиган тайёр таомлари порциялари ва нархларнинг аниқ кўрсатилмаганлиги ёки уларнинг мавжуд эмаслиги ҳамда овқатларнинг ҳажмига нисбатан ҳам эътирозлар билдирилган. Шу билан бирга, уларда хўрандаларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатиш тартиб-қоидаларига амал қилинмаётганлиги, таомларнинг ярим ёки бутун порцияларида қанча граммдан маҳсулот бўлиши кераклиги тўғрисидаги маълумотлар йўқлиги маълум қилинган.

Фарғона шаҳар марказида жойлашган «Тожмаҳал» ресторанида байрам тадбирини ҳамкасблари билан нишонлаётган Адҳамжон Умаралиев официантга қўшимча равишда нонга буюртма беради. У нон ассортиси учун олдиндан 3 минг сўм тўлашни талаб қилади. Ноннинг турли хилларидан кесиб тайёрланган ассортининг нархи таомномада 2500 сўм қилиб кўрсатилган эди. Лекин эътироз тан олинмади, буюртма олиб келинмади. Истеъмолчи Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳу­қуқ­ларини ҳимоя қилиш жамиятига қўнғироқ қилади.

— Тушган мурожаатни ўрганганимизда истеъмолчининг шикояти ўринли эканлигига гувоҳ бўлдик, — дейди жамият раиси Бахтиёр Эралиев. — Бундан ташқари, нархи 2500 сўмлик нон ассортисида оқ ва қора нонларнинг ҳар бири 6 та бўлак, ёпган нон ва батон ноннинг ҳар бири 5 та бўлак, жами 22 та нон бўлагини ташкил қилиши керак бўлса-да, улар орасида батон нони умуман йўқлиги ҳам аниқланди. Сабаби суриштирилганда, изоҳландики, уни ҳали пишириб улгурмаган эмиш. Шундан сўнг, ресторан ошхонасидан келтирилган намуна сифатидаги нон ассортиси билан меҳмонлар дастурхонига қўйилган нон бўлаклари солиштирилди. Истеъмолчиларга берилган ассортидаги нонлар намунадагидан икки баробар кичик, ниҳоятда юпқа кесилганини кўриб, нима дейишга ҳам лол қолдик. Ушбу ҳолат юзасидан маълумот мутасадди идорага тақдим этилди. Афсуски, ҳамма фуқаро ҳам А.Умаралиев­га ўхшаб истеъмолчилик ҳақ-ҳуқуқи учун курашмайди. Энг ёмони, кўпчилик умумий овқатланиш жойларидаги таомларнинг ҳажмига оид тартиб-қоидаларни билмайди. Бу эса уларнинг чўнтагига ортиқча сарф-харажат бўлиб тушаверади.  Биргина нон ассортисининг ҳам нархи, ҳам сони, ҳам ҳажмидан уриб қолаётган муассаса ходимлари бошқа таомлардаги маҳсулотлардан ҳам шу йўсинда «тежамкорлик» қилмаётганига ким кафолат беради? Бундай муассасалар кам дейсизми?

— Тушлик қилиш мақсадида пойтахтимиздаги «Файз» кафесига бордим, — дейди Юнусобод тумани 6-мавзе, 21-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Мавлуда Сотиволдиева. — У ердан порцияси 6500 сўм турадиган паловдан ярим порцияга буюртма бердим. Таом анча кеч келтирилгани етмаганидек, унинг ҳажми ҳам озлиги кўриниб турарди. Энг ёмони, гўштнинг нохуш ҳиди димоғимга урилди. Шундай бўлса-да, ундан татиб кўрдим, умуман истеъмолга яроқсиз экани маълум бўлди. Бу ҳақда менга хизмат кўрсатаётган официантга айт­гандим, у эътирозимни тинг­лагиси ҳам келмади. Шундан сўнг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат қилдим.

Ушбу ариза жойида ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам истеъмолчининг ҳақлиги ва унга кўрсатилган хизматлар сифатсизлиги маълум бўлди. Кафе ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида Чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талаблари тушунтирилди. Шу билан бирга маълумот мутасадди идораларга тақдим этилди.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Жиноят кодексига мувофиқ, инсон ҳаёти ва соғлигига зиён келтирувчи таомлар, кулинария маҳсулотлари сотиш, нархларни асоссиз равишда ошириш, маҳсулотларни нотўғри тортиш ёки хизматлар кўрсатилмаслиги, хўрандага касса чеки, квитанция, счётлар беришдан бош тортиш, маҳсулотнинг миқдори, вазнини текшириш имкониятини яратишдан ва уларни сифатлисига алмаштириб бериш ёки пулини қайтариб беришдан бош тортиш ҳолатларида савдо-сотиқ қоидалари бузилган ҳисобланади ва бунинг учун масъул шахс­ларга жавобгарлик белгилаб қўйилганини таъкидлаб ўтмоқчи эдик.

Таомлар ҳажми ва устама нархи

Хўш, умумий овқатланиш муассасаларида таомларнинг нархи ва ҳажмига қўйиладиган талаблар мавжудми? Улардаги нарх-наво қандай шакллантирилади? Ушбу саволларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ошпазлар уюшмасига мурожаат этдик.

Умумий овқатланиш корхоналари турли категорияларга, яъни ресторан, кафе, ошхона, чойхона, меҳмонхона, тўйхона ва бошқа шу каби муассасаларга бўлинади, дейди уюшма раиси Акбар Умаров.Ҳар бир муассаса категориясига қараб, номи белгиланади ва шунга қараб истеъмолчиларга ўз хизматларини таклиф этади. Қоида бўйича тамаддихоналарга олиб келинган тайёр маҳсулотларнинг устига 50 фоиздан 100 фоизгача устамалар қўйилиб, истеъмолчига сотилиши мумкин. Ундан ортиқ нарх қўйилмайди. Баъзи бир ресторанлар 100 фоиздан ортиқ устама қўйиши мумкин, агарки хизматлари ҳам энг юқори даражада бўлсагина, бунга рухсат этилади.

Ошхоналарда таомларга сотиб олинган масаллиқлар нархидан 50 фоизгача устама нарх қўйилиши лозим. Чунки, ошхоналарда таомлар олдиндан тайёрланиб қўйилади, буюртма асосида овқат пиширилмайди. Кафеларда эса ярим тайёр таомлар бўлиб, буюрт­ма қилингандан сўнг тайёрланиши ҳамда унда официантлар хизмати ҳисобга олинган ҳолда нархи ошхонанинг нархига нисбатан қимматроқ бўлади. Кафе маъмурияти ушбу масаллиқлар нархига нисбатан 100 фоизгача устама нарх қўйишлари жоиз. Никоҳ ва бошқа маросимлар ўтказиладиган тўйхона эгаси буюртмачи билан келишган ҳолда 50 фоиздан 100 фоизгача устама ҳақ олиши мумкин. Ресторанларда 200 фоиздан 300 фоизгача устама қўйилиши назарда тутилган. Боиси, унда маҳсулотлар буюрт­ма қилингандан сўнг тезда сифатли қилиб тайёрланишида бир нечта ошпазларнинг иштирок этиши ҳамда бир неча нафар официант хизмат кўрсатиши инобатга олинади.

Энди хўрандаларни қизиқтираётган таомларнинг ҳажми бўйича тўхталамиз. Масалан, шўрвада, қоидаги кўра, бутун порция 300 грамм бўлиши керак. Аммо бу тамаддихоналарнинг категориясига қараб белгиланади. Яъни, ошхоналарда, қоида бўйича, порцияси 300 грамм (190 грамми гўшт ва сабзовотлар, 110 грамм қайнатма) бўлиши лозим. Кафеда эса, ошхонадан фарқли ўлароқ, порция 280 граммни (200 грамм гўшт ва сабзавотлар, 80 грамм қайнатма) ташкил этади. Ресторанларда совуқ ва иссиқ газакларнинг аввал дастурхонга тортилиши эвазига порция 250 граммни (гўшт ва сабзавотлар — 180 грамм, қайнатмаси — 70 грамм) бўлади. (Бу ҳажм, тамаддихоналарда фақатгина шўрва ёки суюқ таомнинг ўзи истеъмол қилинмасдан унга қўшимча равишда турли хил салатларга ҳам буюртма берилиши ҳисобга олиниб, 300 грамм бўлиши белгиланган).

Бир сўз билан айтганда, барча овқатланиш муассасаларида тайёрланаётган суюқ таомларнинг қайнатмаси (суви) 60 фоизни, ичидаги масаллиғи 40 фоизни ташкил этиши керак. Ҳар бир тамаддихонада таомларга қанча граммдан масаллиқ ишлатилгани тўғрисида маълумотнома хўрандаларга кўринадиган жойда бўлиши шарт.

Ресторанми, тўйхонами?

Кези келганда, бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчи эдик. Жаҳон тажрибасидан маълумки, ресторанлар эрталабдан кечгача ишлаши талаб этилади. Ҳозирда вилоятларда ҳам тепасига «Ресторан» номи ёзилган бинолар кўпайиб бормоқда. Лекин улар фақатгина тўй ва бошқа маросимларга хизмат қилади. Қолган вақт ишламайди. Буюртмачидан эса ресторан нархида пул олинади. Назаримизда, уларни ўз номи билан «Тўйхона» деб номлаш керак. Чунки улар ресторанга қўйиладиган талабларга жавоб бермайди. Агарда ҳақиқий ресторан номи билан ўз фаолиятини бошласа, маълум нафар одамни доимий иш билан таъминлайди, шу билан бирга тушган фойдадан давлатимизга солиқ ҳам тўлайди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.