Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
17.03.2020

ВАТАН НИМАДАН ИБОРАТ?..

Нуруллоҳ Достоннинг ҳар сафарги саволига кўникиб қолганман:

– Оқсоқол, Ватан ҳақида бир нарса қораламайсизми? Анчадан бери кўринмай кетдингиз…

– Мавзуси нима?

– Нима бўлса ҳам Ватан ҳақида бўлса…

Саҳройи бир инсон сифатида Ватан дегани кўзимнинг етган еригача, деб қўйсам ҳам бўларди. Кўзимнинг учида эса денгиз, Орол денгизи ва Устюрт!

Халқ шоири, оғам Ибройим Юсупов Ватан уйимнинг остонасидан бошланиб, то орқа муз… тундраларигача деганди. Яна бир оғам, халқ ёзувчиси Тулепберген Каипбергенов Ватан бугундан башланиб, то қадим замонларгача, деди. Мен нима деб таърифлай?

Кезиб келган чўпондан сўрадим. У отардаги қўйларини кўрсатди…

Шаҳарга етиб, болакайдан сўрадим. У ялаб еётган музқаймоққа ишора этди…

Уйга келиб, Ватанни жуфти ҳалолимдан сўрадим. У мени қучди…

Масжидга яқинлашиб, имомдан сўрадим, осмонга ишора қилди…

Ҳокимга мурожаат қилдим. У индамасдан тепани кўрсатди…

Қабристондан ўтаётиб, гўрковдан сўрадим. У ер қаърига қаради…

Хуллас, саҳро кезиб, сайғоқлардан сўрамоқчи эдим, улар қора кўрсатмасдан қочиб кетди. Саҳрода ёлғиз қолиб, денгизнинг ултонида пайдо бўлган Оролқумни кезиб кетдим… Одам ёлғиз қолганида Ватаннинг нима эканлигини биларкан, унинг моддий, номоддий қадриятлари қадрига етаркан.

Саҳро осмонида сариқ тўрғай чирқираб, алланималарни куйларди. Қум уюмлари ора-орасидаги янтоқлар атрофида чаққон қора чумолилар ғиж-ғижлаган ҳаракатлари  билан қоплаб олган эди. Саҳрога баҳор кеч келади, аллақайлардан пайдо бўлган оқ капалаклар тансиқ гуллар излаб оввора. Фақат капалак қувадиган болалар йўқ... Уюлган қум барханлари чўкиб ётган туялар ўркачини эслатади…

Саҳрони инсон эмас, унинг ҳислари кезади. Ҳисларга тўсиқ бўлар на тоғлар, на чўққилар бор. Лекин, саҳронинг одами саҳрога сиғмайди, унга уфқсиз кенглик торлик қилади. Хаёлан дунё кезиб, дунё кўргиси келади. Баъзан, бахт деган нарса, саҳрода сароб бўлиб кўринади ва унга, олға интилиб кетаверади, кетаверади…

Лекин, бу жавобимга Нуруллоҳ қониқмайди. Унинг шоирона табиати Ватаннинг нимадан иборат эканлигини мендан ҳам яхши билади. Энди нима десам экан?

Ватаннинг ҳаммага маъқул биронта андозаси борми? Йўқ! Бўлиши ҳам мумкин эмас! Кимгадир тарихда ота-боболарнинг қурган Ватанлари ёқади, кимдир қўшнилар қурган ватанга ҳавас билан қарайди, яна бирига Европа ёки океан ортида жаннат филиаллари ёқади.

Ўзининг Ватани шаънини байроқ қилиб, у билан ғурурланмайдиган одам бўлмаса керак. Мен ҳам шуларнинг бириман.

Кўнглимда Ватан тушунчасининг қайсидир андозасини жамлаб ҳам қўйганман. Ватан бу, фаровон, осойишта, эмин-эркин яшайдиган ҳудуд. Инсон туғиладики, ўз Ватанининг ҳар бир қарич тупроғи, табиатига масъул бўлиб, яхшироқ яшашга интилади. Гўзалликка ошиқ бўлиб уйланади, орзуларидан ажойиб фарзандлар кўради. Уй қуради, ўғил уйлантириб, тўй беради, яхши-ёмон кунларни юртдошлари билан бирга баҳам кўради.

Бугун эрталаб, ЎзАда Комилжон ­Шамсиддиновнинг журналист Исмат Хушев билан гурунгини эшитдим. ­Исматнинг куйиб-ёниб гапиришларидан Ватаннинг ҳақиқий қадрини мусофир билади, унинг ҳар бир гиёҳини, бир чимдим тупроғини кўзларига тўтиё қилишни мусофирликни кўрган билади, ўз она тилингда эмин-эркин гапирганингни атрофингдаги одамларнинг эмин-эркин тушунгани ва унинг кўз ўнгингдаги муносабати нақадар бахт эканлигини сездим.

Ёзув-чизувга алоқадорлигим боис, ҳозир жамиятимизда анча мунозораларга сабаб бўлаётган мажбурий обуна масаласида икки оғиз айтсам. Эски тузумда қайсидир якка яккаҳоким раҳбарнинг таклифи билан мажбурий бюро очилди-ю, мажбурий обуна масаласи саҳнага чиқди. Буларнинг қайси бирларида давлат манфаатлари бордир, лекин иккаласини боғловчи бир нуқта – пул масаласи.

Мажбурий бюро коммунал хизматларига пул ундиради, мажбурий обуна ҳам пул ундиради. Мажбурий бюро сизнинг хоҳишингизга қарамайди, мажбурий обуна эса сиз ишлаётган тармоқ ­раҳбарининг кайфиятига боғлиқ, лекин сизнинг хоҳишингизга қарамайди. Бу масалаларда мантиқан зидлик кўриниб турибди. Биринчиси, давлат бюджетини тўлдиришга хизмат қилса, иккинчиси халқнинг фаровонлигини орттиришга хизмат қилади, дейлик. Хўш, давлат бюджети халқнинг фаровонлиги учун эмасми? Молия соҳасидаги изчил сиёсатимиз нима бўлади?

Бир вақтлар ҳақиқий мажбурий обунанинг «роҳати»ни кўрган авлод вакили сифатида, редакциямизни «Ветеринария» журналига мажбуран обуна қилдиришганида, бухгалтерияда тўполон қилганимда, «Эй, аҳмоқ, буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг асл касбини биласанми? У ветеринар эди», деган танбеҳларни ҳам эшитганман. У пайтлари обуна арзон эди, адабиётга энди қадам қўйган одам сифатида, Чингиз оға касби ҳурмати учун ўша журналга ҳам обуна бўлганман, лекин журнални варақлаб кўрган бўлмасам, биронта сатрини ҳам ўқимаганман.

Бизнинг онгимиз таълим, ўқиш билан шаклланган. Амет Шамуровнинг «Эски мактабда» қиссасида ҳарф ўргатадиган ўқитувчига отаси ўғлини топшираркан: «эти сеники, суяги меники» дейди. Бу – нима қилсанг ҳам майли, лекин ўғлим ҳарф танисин, дегани.

Лекин, биз бугун янгиланаётган жамият қурарканмиз, таълим-тарбияни нотўғрироқ йўлга қўймаяпмизми? Ҳозир интернет дунёсига ўтдик, матбуот, китоб-журналларнинг замони ўтди, барчасини интернетдан топиб оласиз, дейдиганлар ҳам бор. Ахир, ҳарф танимайдиган интернетни ҳам ўқий олмайди-ку. Ҳали ҳарф танимай, онги шаклланиб улгурмаган авлод интернетдан суратлар, фильмлар, клиплар ва ҳоказоларни кўради ва эшитади. Биз эса, ўғли отасини, отаси ўғлини тушунмагани учун куйиб-ёнамиз, яна кўча-кўйда одобсизлик, безорилик кўпайиб кетганига ҳайрон қоламиз. Жабрини ота-она тортади, фарзандлар айбини ички ишлардан ахтарамиз. Мажбурий обуна ҳам авлоднинг онгини шакллантириш воситаси эканлигини эсдан чиқариб қўйдик. Онги шаклланиб улгурганларни эса мажбурий меҳнатга жалб эта олмайсиз, мажбурий обуна қилдира олмайсиз.

Биз яқиндагина ажойиб сайловлар ўтказдик. Албатта, барча ҳудудлардан фаришталарни Олий Мажлисга йиғиб ололмагандирмиз, лекин ҳар ким ўзи хоҳлаган номзодга овоз беришини таъминладик. Қаранг, ажойиб қарорлар чиқаяпти, лекин уларнинг ижроси кўнгилдагидек эмас...

Аммо, орзуда айб йўқ дейишади. Янги сайланган депутатлар янгича иш бошлашди. Маҳаллий мулозимларнинг иш услублари ҳам ўзгара бошлади. Афсуски, иш услуби бояги-боягича қолаётган раҳбарлар оз эмас. Тепадан кўрсатма ва буйруқ кутишгани-кутишган. Таълим-тарбия, тиббиёт, маданият, илм-фан, маърифат масалаларининг ечими кўпинча маҳаллий ҳокимиятларда осонгина ҳал бўлиши мумкин эди. Лекин, маҳаллий мутасаддиларнинг кўплари давр талабида ишлашни бўйнига олмасдан, тепага қараб ўтирибди. Тепанинг эса ўз ташвиши бошидан ошиб ётибди. Маҳаллий раҳбарлар тепадан тушган ташаббусларнинг оддий ижрочилари ёки кузатувчилари бўлаяпти. Ахир, ҳамма томошабин бўлса, саҳнада ҳам кимлардир роль ўйнаши керак эмасми? Мен бу ерда ҳаётда саҳнадагидек, ҳамманинг актёр бўлиши шарт демоқчи эмасман. Ҳаётда барчага самимийлик ярашади. Ватанда табиат ҳам самимий, инсон ҳам самимий бўлмоғи керак. Ватан дегани шу самимийликдан, муҳаббатдан бошланадими, дейман-да! Биз туғилиб, яшаб келаётган юрт Ватан десаммикин? Эҳтимол, Ватан бизнинг кўнглимизда яшар, Ватан ва биз бир бутундирмиз...

 

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: