Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.03.2020

АВТОМОБИЛЛАР НАРХИНИНГ ОШИШИГА

қўшимча қиймат солиғининг таъсири борми?

Бу масалада масъуллар икки хил фикр билдиришмоқда.

Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан «Амалга оширилган солиқ ислоҳотларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ва ишбилармонлик муҳитига таъсири» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

— Мамлакатимиз солиқ сиёсатида кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани тадбиркорлик субъектлари фаолиятида муҳим ўринга эга, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров. — Хусусан, 2019 йилдан суғурта бадали бекор қилинди ва иш ҳақи бўйича солиқ ставкалари пасайтирилди. Бу иш ҳақи солиқларига солиқ юкини 1,5 баравар камайтиришга имконият яратди. Шу билан бирга, давлат мақсадли жамғармаларига 3,2 фоиз миқдорида ажратмаларнинг бекор қилиниши, даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари камайтирилганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бундай чора-тадбирлар натижаси шуни кўрсатадики, 2019 йилда 11,7 триллион сўм (1,2 миллиард АҚШ доллари) миқдорида маблағ бизнес тасарруфига қолдирилди ва аҳоли реал даромадларини 4,2 триллион сўмга (442 миллион АҚШ доллари) кўпайтиришга эришилди. Янги 500 минг иш ўрни ва 100 мингга яқин янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонига асосан соҳада солиқ юкини камайтириш, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, тадбиркорлик ва инвестицион муҳитни яхшилаш, солиқ ва тўловларни оптималлаштириш йўналишлари белгиланди. Натижада бу борада бир қатор ишлар амалга оширилиб, 2019 йилнинг 1 январидан ўзгаришлар амалиётга татбиқ этилди. Масалан, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ставкаси 14 фоиз эди, у 12 фоизга пасайтирилди. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи 5 фоизли ставкадан 2 фоизли ставкага туширилди. Ягона солиқ тўлови, кичик тадбиркорлик субъектларидан олинадиган 5 фоизли базавий ставка 4 фоиз қилиб белгиланди. Ягона ижтимоий тўлов – бу бевосита иш ҳақи фонди билан боғлиқ бўлиб, у 15 фоиздан 12 фоизга камайтирилди.

Шунингдек, солиқ ставкаларининг пасайиши ва айрим солиқларнинг бекор қилинишига қарамай, 2019 йилда бюджетга солиқ тушумларининг 2018 йилга нисбатан 154 фоизга ўсиши таъминланди. Шу билан бирга, кичик бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш учун шароит яратилиши ҳисобига қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 82,4 мингтага етди ёки солиқ ислоҳотларининг бошланишига нисбатан 12,2 бараварга ошди. Солиқ ислоҳотлари даврида адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Натижада 2019 йил 1 августдан бошлаб мингга яқин ягона ер солиғи тўловчилари ҚҚСни ихтиёрий тўлашга ўтди.

Қолаверса, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 26 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшимча қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиши юртимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашдаги муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, матбуот анжуманида солиқлар йиғилувчанлигини янада ошириш учун Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси халқ­аро экспертлар билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш бўйича уч йиллик дастурни амалга ошираётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Тадбирда бугунги кунда жуда кўп муҳокама қилинаётган, «UzAutoMotors» томонидан автомобиль нархларининг 21 фоизгача, хусусан, «Damas», «Spark», «Cobalt», «Nexia» каби харидоргир автомобилларнинг нархларидаги ўсиш «UzAutoMotors» компанияси томонидан 2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ солиқларни умумий асосларда, жумладан, қўшимча қиймат солиғи жорий қилинганлиги билан ҳам боғлиқлиги борасида маълумот берилди. Шу боис Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаровдан бу масалага изоҳ бериш сўралди.

— Қўшилган қиймат солиғининг жорий этилиши автомобилларнинг нархлари ошишига таъсир қилди, дейилиши унчалик ҳам тўғри эмас. Нимага? Илгари фуқаро автотранспортни сотиб олгандан кейин давлат рақамини олишни расмийлаштиришда машина қийматидан 3 фоизлик солиқ тўлар эди. Мана шу бекор бўлди. Эндиликда бу сумма автомобиль саноатига ўтказилди. Шу билан бирга, машина ишлаб чиқариш билан боғлиқ акциз солиғи ҳам бор эди. У ҳам бекор қилинди.

Агар ҚҚС автомобилларнинг ошишига асосий таъсир қилувчи омил десак, нега «Дамас» ва бошқа автомобилларнинг нархи 15 фоиз эмас, 20 фоизга ошди-ю, лекин бошқа «қиммат автомобиллар»нинг нархи ошмади? Уларда ҚҚС йўқми? Бу муносабат унчалик ҳам тўғри эмас. Бир сўз билан айтганда, айнан ҳозирги ҳолатда ҚҚСнинг автомобиль нархи ошишига умуман таъсири йўқ. Чунки 3 фоизлик давлат божи бекор қилинди, у автосаноатга ўтказиб берилди, бундан ташқари, машина ишлаб чиқариш билан боғлиқ акциз солиғи ҳам бекор қилинган.

 

Ўз мухбирмиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: