10.03.2020

«ИШГА МАРҲАМАТ» МОНОМАРКАЗИ ЎҚИТАДИ, ИШГА ЖОЙЛАШТИРАДИ

Инсонга бахтли, кўнгилдагидек ҳаёт кечириши учун кўп нарса керак эмас. Соғлик, тинчлик-хотиржамлик ҳамда доимий иш жойи ёки зарур эҳтиёжлари учун етарли даромад манбаига эга бўлиш кифоя. Буни кўпчиликдан эшитганмиз, ҳаётимиз давомида ҳам амин бўлиб боряпмиз. Айтиш керакки, эртасини ўйлаган ҳар бир мамлакат бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратади, бўш иш ўринлари яратиш ҳамда малакали кадрларни тайёрлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни, дастурларни амалга оширади, чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

Президентимиз ташаббуси билан ўтган йил сентябрь ойида Яшнобод туманида фаолиятини бошлаган «Ишга марҳамат» мономаркази ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, эришилган натижалар қувонарли.

Статистик маълумотларга кўра, бугунга қадар моно марказга беш юз нафардан ортиқ фуқаро мурожаат қилган. Шундан 63 фоизи хотин-қизлардир. Уларнинг уч юз нафарга яқини ўқишни битириб, ўз йўналишларида сертификатга эга бўлди.

— Хабарингиз бор, мамлакатимиз раҳбари Яшнобод туманига ташрифи давомида марказимизда бўлиб, ҳар бир тингловчи билан самимий суҳбатлашганди, — деди мономаркази директори Нодира Умарова. — Ўқув-машғулот хоналарига кириб, шарт-шароитлар билан танишди. Ўқувчиларнинг бир дақиқа вақти ҳам бекорга кетмаслигини, марказда ўргатилаётган касблар ноёб ва келажакда ҳаётларида асос ва кафолатланган даромад манбаи бўлишини алоҳида таъкидлади.

Президентимиз мамлакатимизда саноат ривожланаётганини айтиб,  бу борада қатор вазифаларни белгилаб берди. Масалан, Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда биттадан моно-марказ ташкил этиш лозимлигини таъкидлади ва буни икки ой ичида амалга ошириш кераклигини айтди. Шунингдек, пойтахтимиздаги 18 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун беш ойлик кечки ўқув шаклида курслар ташкил этиш кераклиги бўйича тавсиялар берди. Буларнинг замирида аҳолини рози қилиш мужассамланганини барчамиз яхши англаб турибмиз. Ҳар бир ўзгаришга бефарқ бўлмасдан амалий натижаларни кўрсатишимиз лозим. Шу боис жамоамиз билан маслаҳатлашиб, фикрлашиб, аниқ режаларни белгилаб олдик.

— Марказимиз Президентимизнинг 2018 йил 20 августдаги қарорига асосан аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган, — деди моно марказ бўлим мудири Шоҳрух Нуралиев. — Айни вақтда 22 йўналишда таълим берилиб, беш хорижий тил — яъни, рус, инглиз, корейс, япон, хитой тиллари ҳам ўргатилмоқда. Муҳими, меҳнат бозорида зарур бўлган кадрларни етиштириб беришга ҳаракат қиляпмиз.

Ўқиш даврига тўхталадиган бўлсак, ўқув курси уч ой бўлиб, дарслар асосан амалий машғулотлар асосида олиб борилади. Айтиш керакки, хорижда ишлаш ниятидаги тингловчиларга мазкур давлатларнинг қонунчилиги, маданияти, тилини ҳам ўргатиш йўлга қўйилган. Шунингдек, курс якунида битирувчилардан иш берувчи корхоналар томонидан комиссия ташкил этилиб, амалий имтиҳон олинади. Жараёнда иш берувчилар мутахассисиларни танлаб олишади. Шунингдек, марказимизда қўшимча хизматлар ҳам кўрсатилади. Хусусан, ўқувчилар малакали психологдан, ҳуқуқшуносдан маслаҳат олишлари мумкин. Айтиш керакки, мономарказда мини-технологиялар кўргазма майдончаси ташкил этилгани ҳам фойдадан холи бўлмаяпти.

Эришилган натижадан қониқмай, келгуси режаларни, марраларни баланд олишимиз лозим, деб ўйлайман. Шундагина кўзланган мақсадга, аҳоли розилигига эришишимиз мумкин.

— Аёлларни доимо гўзал бўлиб юришларини истайман, — деди марказда нейл-стилист йўналишида таҳсил олаётган Гулчеҳра Абдуллаева. — Шу боис, мазкур йўналишда тадбиркорликни бошлаганман. Бироқ истакнинг ўзи етарли эмас экан. Вақт ўтиб, малака оширишим, соҳамга тегишли замонавий билимларни эгаллашим кераклигини тушундим. «Ишга марҳамат» мономаркази ҳақида эшитиб, ҳужжатларимни топширдим. Рости, бугунги кунда мижозларим сони ортган, улар ишимдан хурсанд. Келажакда тадбиркорликни кенгайтириб, 2 та янги иш ўрни очиш ниятидаман. Албатта, моно марказда ўқиган опа-сингилларимизни ишга оламан.

— Марказ ҳақида интернет орқали маълумот олганман, — деди «Қизил тоғ» хусусий корхонасида ишлаётган Ҳусан Йўлдошев. — Йўналишлар, ўқув курслари муддати билан танишиб, тил ўрганиш мақсадида марказга бордим. У ерда мени устозим Нормат Бобоев кутиб олди. Айни вақтда токарликка эҳтиёж катта эканини айтиб, мазкур йўналишда ўқишни тавсия қилди. Уч ой давомида талабчан ҳамда меҳрибон устозлардан таҳсил олдим. Назария билан биргаликда амалий ишлар билан машғул бўлдик. Дастгоҳларда деталлар ясадик. Хато ва камчиликларимизни кўриб, тузатишга ҳаракат қилдик. Муҳими, ишимизнинг устасига айландик. Ўқишни битиришим билан ишга жойлашдим. Ойлик даромадим ҳам кўнгилдагидек. Ҳаётимдаги ўзгаришларни кўраётган қариндошлар, ўртоқларим бунинг сабабини сўрашади. Мен уларга моно марказ ҳақида сўзлаб бераман. Ҳатто аксарият танишларим у ерда ўқиш учун навбатга ҳам ёзилишди.

«Ишга марҳамат» мономаркази Ҳусан Йўлдошев, Гулчеҳра ­Абдуллаева сингари юзлаб инсонларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига сабаб бўлмоқда. Ўйламизки,  марказнинг кейинги фаолияти ҳам самарали бўлади ҳамда мамлакатимизда ишсизликни олдини олиш, жамиятга керакли кадрлар тайёрлашда муваффаққият билан хизмат қилади.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: