10.03.2020

ЕРДА КЕЛАЖАК АВЛОДНИНГ ҲАМ ҲАҚҚИ БОР

Кейинги уч йил мобайнида фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, хусусан, минг-минглаб уй-жойлар барпо этилиб, имтиёзли нарх ва шартлар асосида муҳтож фуқароларга берилаётганидан барчамиз хабардормиз.

Шунингдек, 2018 йилда давлатчилигимиз тарихида илк маротаба Президентимиз томонидан бир марталик акция эълон қилиниб, фуқароларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларда қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқи белгилангани ва натижада минглаб-минглаб одамларнинг  хавотири йўқолиб,  кўнглига  хотиржамлик  ингани ҳам айни ҳақиқатдир.

Бундан ташқари, фуқароларга уй-жой қуриш учун ер майдонини бериш тартиби очиқланиб, ер участкалари эркин электрон савдога қўйилаётгани ҳам аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш, ҳам бу борадаги қонунбузилиши ва коррупция иллатларини йўқотишга қаратилган муҳим омил бўлди.

Қайд этиш жоизки, йиллар давомида айрим фуқароларимиз томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ўзбошимчалик билан, бирон-бир ҳужжатсиз эгаллаб олиниб, уй-жой ва бошқа нотурар жойлар: молхона ва бошқа турли ёрдамчи бинолар барпо этиш орқали қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ҳосилдор ерлар талон-тарожлигига йўл қўйилган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Буни судлар томонидан кўрилаётган қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган-суғориладиган ҳосилдор ерларда ўзбошимчалик билан қурилган бино-иморатларни бузиш ва эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ҳақидаги ишлар мисолида, хусусан, йил бошидан шу кунга қадар судларда кўрилган 4400 та ишнинг 3437 таси қаноатлантирилиб,  ер майдонлари мақсадли фойдаланиш учун қайтарилганида кўриш мумкин.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриб олган аксарият фуқаролар қонун талабини билмаганлигини важ қилиб, суддан қурган иморатини бузмасликни, аксинча қонунийлаштириб олишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилаётган ҳолатлар ҳам кўплаб учрайди.

Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик талабини билмаслик қонунни бузган фуқарога бирон-бир имтиёз бермайди. Иморат қуришдан олдин албатта тегишли тартибда рухсат олиш, шу ер майдонида иморат қуриш ҳуқуқини қўлга киритиш лозим (Ер участкасини олиш, иморат барпо этиш тартиб-тамойиллари амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ўз аксини топган).

Судга даъво ариза киритиб, суд қароридан норози ҳолда «адолатсизлик бўлди», деб турли йўллар билан жамоатчилик эътиборини жалб қилиш орқали ўзбошимча қурган иморатини сақлаб қолишга уринаётганлар ҳам бор.

Айрим ҳолатларда оилавий аҳволини ҳисобга олган ҳолда жойдаги мутасаддилар томонидан бошқа жойдан уй ёки ер майдони таклиф этилаётганда ҳам улар томонидан рад этилаётгани сабабини тушуниш қийин.  Бу ўзини жабрланган кўрсатиб, пешкирлик қилишга ўхшаб кетади.  Аслини олганда, бу  ўзининг ноқонуний ҳаракати ва шахсий манфаатини амалдаги қонунлар ва бутун бошли эл манфаатидан устун қўйишдан бошқа нарса эмас.

Шу ўринда, юртдошларимизга эслатиш жоизки, Асосий Қонунимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг ўзбошимчалик билан эгалланиши жамиятимиз аъзолари, ёшу қари  – барчанинг манфаатига зид – ноқонуний ҳаракатдир.  Бутун ҳаётимиз, турмушимиз шу замин орқасидан эканлигини, шунингдек, экин экиб ҳосил олиш мумкин бўлган ерларда келажак авлоднинг хам хаққи борлигини, шунинг учун ҳам уни авайлаб-асрашга барчамиз бирдай бурчли эканимизни унутмаслигимиз лозим, деб, ўйлайман.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

 Олий суд раисининг ўринбосари.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Бугун ноқонуний қурилган уйлар ва уларни бузиш масаласи атрофидаги баҳс-мунозаралар кучайгандан-кучайиб бормоқда, турли хил фикрлар, таклифлар билдирилмоқда.

Тўғри, мақолада айтилганидек, ер — авлодлардан-авлодларга қоладиган миллий бойлигимиз. Уни талон-тарож қилишга, қонун-қоидани бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Афсуски, ўтган йиллар давомида кўп қишлоқ жойларида рухсатсиз  иморат ёки молхона  қуриб олганлар бўлди. Ҳатто суғориладиган ёки фермерларга тегишли ерларда ҳам ўзбошимчалик билан уй-жойлар қурилди.

Хўш, бугунги муаммо ёки норозиликлар сабаби нимада?

Биринчидан, айримлар қонунни, жавобгарликни билиб-билмай иморатлар қурган. Тўғри, лекин қонунни билмаслик мақолада айтилганидек, жавобгарликдан озод қилолмайди. Бироқ  бошқа савол кўндаланг бўлади: маҳалла фуқаролар йиғини, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик масъуллари нега томошабин бўлиб туришган? Ёки улар кабинетдан чиқмай ўтиришадими?

Иккинчидан, фермер хўжаликлари ерларида одамлар қандай қилиб уй-жой қуриб олишди? Фермер кўрмай қолганми, билмай қолганми? Уйлар бир кечада қурилмайди-ку.

Йўқ, фермерлар ерларни сотишган. Ўтган йили Қашқадарёда бир неча кишига ер сотган фермер тўғрисида мақола эълон қилган эдик. Жиноят иши қўғатилиб, фермер жавобгарликка тортилди, одамлардан олган пулларини қайтариб берди. Аммо одамлар фермер гапига ишониб, моддий зарар кўришди. Чунки қурилган уйлар  бузиб ташланди, уй учун қилинган харажатлар ҳавога совурилди.

Бу каби ҳолатларда уй-жойларга сарфланган харажатни ҳам фермер ҳисобидан қопланса, адолатли бўлмасмиди?

Шунингдек, ер ҳоким қарори билан берилган бўлса ёки ҳокимият вакилларидан кимдир «қураверинг, ҳужжатларини тўғрилаб берамиз», деб ваъда қилгани исботланса, одамларнинг бузилган уйи харажатларини ҳоким ёки унинг вакили ҳисобидан ундирилса, тўғри бўлади ва бундай ечим коррупциянинг олдини ҳам олган бўларди. Бу нафақат уй-жой, балки ҳар қандай қурилишга тегишли. Ҳоким, архитектор ва бошқа масъуллар хатоси учун одамлар жабрланмаслиги керак. Одамлар эса қонунни ҳурмат қилиши, белгиланган тартиб-қоидага амал қилишлари шарт, деб ўйлаймиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: