03.03.2020

БОР-ЙЎҒИ 3,1 ФОИЗ

ҳисобот эшитилди, камчиликлар танқидий таҳлил қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг қўшма йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директорининг «Ўзбекистон Республикасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизмат аҳволи ва келгусидаги режалар тўғрисида»ги ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик, идоралар, Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши мутасадди ходимлари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш жуда долзарб масала экани, партия Сайловолди дастури асосида фракция аъзолари бу йўналишда парламент ва депутатлик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор ­қаратишини таъкидлади. Чунки таҳлиллар мазкур йўналишда мурожаатлар кўпайганини кўрсатяпти.

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Алишер Иноқов ўз ҳисоботи аввалида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кейинги йилларда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Айниқса, давлат раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тиббий-ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди. Фармонга мувофиқ, кексалар, ­ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ҳамда мувофиқлаштириш Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги зиммасига юклатилган.

Ҳисоботда келтирилишича, 2016-2019 йилларда 64 минг нафар (ҳар йили ўрта ҳисобда 16,5 мингта) ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар уйида тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олинган, муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар қарийб 100 минг дона реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган, 143 минг нафар уруш ва меҳнат фахрийси, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар санаторийларда соғломлаштирилган. 26 та тиббий-ижтимоий муассасаларда жами 209 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилган. Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда соҳада ўзгариш, ўсиш сезилган. Лекин ҳали ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас.

Жумладан, ўтган йиллар давомида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматни ташкиллаштириш, протезлаш йўналишлари бўйича тизимли тарзда илмий изланишлар олиб борилмагани сабабли соҳа ривожи тўхтаб қолган. Ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация ва протезлаш Миллий маркази, ҳудудий марказларнинг қамров даражаси жуда пастлигича қолмоқда: бор-йўғи 3,1 фоиз.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари йиллар давомида ҳал этилмай келаётган ўткир муаммолар бўйича танқидий фикрларини билдирди. Тўсиқсиз муҳит яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишларда ногиронлиги бўлган шахслар ва тегишли ташкилотларнинг фикри, таклифи ҳисобга олинмаётгани таъкидланди. Ногиронлиги бўлган шахслар учун турли зарурий асбоб-ускуналарни харид қилишда шаффофлик йўқлиги, бунинг натижасида сифатсиз ускуналар берилаётгани ва бошқа муаммоли ҳолатлар қатъий қайд этилди.

Муаммолар ечими юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга ошириш кераклиги таъкидланиб, таклифлар берилди.

Шунингдек, йиғилишда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит – бинолар, транспорт, ахборот ва алоқалардан фойдаланиш имкониятини, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб этиш, таълим олиш ва ишга жойлашиш, маданий ҳаётда иштирок этиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини яратишга хизмат қиладиган чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенсиянинг асосий қоидаларини амалга ошириш соҳасида замонавий услублар ва халқаро стандартларни жорий этишга ёрдам беради. Лойиҳа юзасидан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси каби бир қатор жамоат ташкилотлари вакилларининг таклифлари ҳам инобатга олиниши муҳим экани таъкидланди.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенсияни ратификация қилишга тайёргарлик жараёнларини жадаллаштириш, икки йил давомида қабул қилинмаган қонун лойиҳасини имкон қадар қисқа муддатларда такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар берди.

Қўшма йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмита ва фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: