Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
25.02.2020

МЎЙНОҚДА ТОНГ ОТДИ

Тонглар ичра ажойиб бир тонг, орзу-умидларга тўла тонг, қуёшли тонг...

Кўпчиликка, эҳтимол ҳар бир инсонга хос бу туйғу: қайси бир машҳур шаҳарга бораётганингда ҳаяжонланасан, кўнглинг шошади, ошиқади... У шаҳарнинг тарихини ўйлайсан, эшитганларинг ёдингга тушади, тезроқ етиб боргинг, кўргинг келади. Муқаддас масканлар зиёратига йўл олганингда қалбинг илоҳий туйғулар, шукроналиклар, эзгу ниятларга тўла бўлади.

Кимдир ишонар, кимдир ишонмас, Тошкентдан Нукусга — Мўйноққа — Орол денгизининг суви қочган ҳудудига бора-боргунча барча ҳамроҳларим — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ана шундай кайфиятда эди. Бу ҳолат уларнинг ҳаяжонга тўла кўзлари, сўзларидан билиниб турарди.

Кимдир Мўноққа — Оролга биринчи келиши, кимдир иккинчи, Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза  қилиш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов кўп  марта келган, бу ерларнинг пасти-баланди, муаммоларини яхши билар экан. Сенатор Икром Нажмиддинов 1970-71 йилларда Мўйноққа яқин жойда ҳарбий хизматда бўлганлигини айтди. Ўшанда Мўйноқ консерва заводидан аскарларга консерва олиб кетиш учун келгани, Орол денгизини бир марта кўрганини эслади. Шундай денгиз қуриб кетганига ҳалигача ишонмайди...

Депутат аёлларимиздан бири — Тошкент вилоятилик Моҳира Ходаиева «қачондан бери Мўйноққа келишни, Оролни кўришни орзу қилардим, шунинг учун бу акцияга жон-жон, деб қўшилишди», деди.

Мўйноққа кўп ташкилотлар, вазирликлар вакиллари бориб-келиб туради, албатта. Бироқ биз акциямизни бироз ўзига хос, янгичароқ тусда ўтказиш, кўпроқ амалий иш қилиш устида ўйладик, мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Қисқаси, 3 тоннадан ортиқ саксовул уруғи ва мингдан кўпроқ арча кўчатлари тўпладик. Маданият вазирлиги ҳам ташаббусимизни қўллаб-қувватлади, бир гуруҳ санъаткорларни юборадиган бўлди.

Яна нима қилиш мумкин? Биз қишнинг изғирини, қору ёмғирига бардош бериб, жасорат ва матонат кўрсатиб меҳнат қилаётган марду майдон кишиларни имкон қадар хурсанд қилишни ўйлардик. Депутатлардан таклифлар ёғилиб кетди. Улардан энг маъқулларини танладик. Кимдир Сурхондарёдан тандир, кимдир қорақалпоғистонлик депутатлар эса нон, мева-чева, ширинликлар Нукусда мўл-кўллигини айтди...

Тошкентдан кеч соат 20:00 да самолётда учиб, Нукусдаги «Тошкент» меҳмонхонасига жойлашгунча икки ярим соатча вақт кетди. Эрталаб соат 7:00 да нонушта бўлди. 7:45 да йўлга тушдик. Иккита микроавтобус ва иккита енгил машинада кетаяпмиз. Йўлда Орол тарихи, тақдири, табиати ҳақида роса гап борди. Кейин саксовулнинг, янтоқнинг хосиятлари тўғрисида ҳар ким билганича сўзлади...

— Бир туп саксовул икки юз тоннагача қум йўлини тўсади, — деди сенатор Баҳодир Тожиев. У асли хоразмлик, бир пайтлар фермер бўлган, қишлоқ хўжалигини ҳам, бу ҳудудларни ҳам яхши билади. Унинг гапига ишонқирамайроқ, «Бир туп саксовул-а?» деб сўрашди. Унинг айтишича, бир туп саксовулнинг томиридан ҳар йили тўрт-беш шох ўсиб чиқаркан, ёйилиб боравераркан. Кейин йўлда кўп кўрдик тарвақайлаб кетган саксовулларни... Яна айтишди: саксовул ўзидан уруғ чиқаради, шамол унинг уруғини ҳар томонга сочиб юборади. Демак, бугун экилаётган минг-минг туп саксовул эртага минг-минг тонналаб қум кўчиши, осмонга учишининг олдини оларкан.

Кимдир ёмғир ёғадиганга ўхшайди, деди машина деразасидан осмонга қараб. Кимдир «Ёғса ҳам кўчатларни экиб, тадбирни ўтказиб олганимиздан кейин ёғсайди», деди.

Ҳаммамиз қизиқиш билан осмонга қараймиз, булутлар кулрангроқ, қорамтирроқ бўлиб осмонни қоплаб олган, бирорта дарчаси йўқ, қуёш нури кўринадиган.

Шу йил май ойи охирида Мўйноқ ва Оролга қандай келиб-кетганим ёдимга тушди. Қуёш еру кўкни тандирдек қиздириб ётганди, гармсел шамол, айрим жойларда чанг-тўзон кўзни очирмайди. Ўша пайтда Мўйноққа олиб борадиган йўлнинг икки четида кўм-кўк бўлиб ёки гуллаб турган турли ўсимликлар қуриб, сарғайиб ётарди, ёз уларнинг тинка-мадорини қуритган. Ана, саксовулми, юлғунми, янтоқми, унинг бир тури бурганми, қамишларми... Бари-бариси қуриб, сарғайиб кетган. Кета-кетгунча бир хил манзара. Кейин ора-орада қишлоқлар пайдо бўлади. Янги ва эски уйлар. Янгилари кўпроқ. Эски уйлар томи тунука билан қопланган бўлса-да пастқамроқ, кўримсизроқ, янги уйлар баландроқ, савлатлироқ, кўркам ва замонавий...

Ёдимдан кўтарилай дебди, Амударё кўпригидан ўтаётганимизда  ҳаммамиз табиийки, қизиқиш билан дарёга қарадик. Ҳаммамиз юрагимизда оғриқ сездик. Бир пайтлар шу атрофда икки километр кенгликда тўлқин-тўлқин бўлиб оққан дарё кичик ирмоққа ўхшаб оқаяпти. Кўз ўнгимга Чирчиқ дарёси келди, улар бир-бирига жуда ўхшаш туюлди. Чирчиқни-ку биламиз, ҳеч қачон тўлиб оққанини кўрмаганмиз. Амударё улкан дарё эди-ку. Амударёдан бошланди юрагимиздаги оғриқ, Оролга етмай туриб, унинг дардини ҳис этдик. Номи ўчган, қарғишга учраган, қайтмас бўлиб кетган совет замонининг асоратлари, жароҳатлари бугун ҳам халқимизга қанчалик зиён-заҳмат, алам-изтироб етказаётгани ҳақида фикрлашдик. Бир пайтлар кучи-қудрати жўшиб, қирғоқларидан тошиб турган азим дарё дармони қуриб, зўрға нафас олаётган одамга ўхшайди. Денгиз-ку қуриди, ўйламасак, куйинмасак, чора-тадбир кўрмасак, эрта бир кун Амударёнинг ҳам борар йўли қисқармайдими, умри қисқармайдими?..

Бугун ҳар бир дарахтни сақлаб қолиш учун кураш бораётган, Оролнинг қуриган ҳудудларида юз бериши мумкин бўлган экологик фожиалар олдини олиш учун катта ташвиш, катта меҳнат, катта харажатлар қилинаётган бир пайтда Амударёнинг тақдири ҳақида ўйламаслик мумкинми?

Худога  шукр, бебаҳо неъматини бераяпти, лекин биз уни қадрлаяпмизми? Ҳисоб-китобини олиб боряпмизми? Қанча сув бекорга исроф бўлиб кетаётганини биламизми, билсак, нега дадил чора кўрмаяпмиз? Бу каби саволлар кўп,  кимлардир «Биламиз, чора кўраяпмиз», дейиши мумкин. Лекин одамлар кўрганига қараб баҳо беради. Демак, нималар қилаётган бўлсак-да, оз, сувни асраш, дарёларимизни сақлаб қолиш учун жиддий бош қотириш керакка ўхшайди...

Мўйноққа яқинлашганимиз сайин  ҳаяжонимиз ошади. Диққат билан йўлнинг икки четига қарайман. Туман марказининг ёздаги ҳолати кўз ўнгимга келади. Йўл четида кўримсиз, хароб қамиш деворли уйлар бузиб ташланаётган эди. Айрим қариялар бу манзарани кўриб, «Бутун Мўйноқ бузиб ташланяпти, эртага нима бўларкин?», дегандек ажабланиб, ҳайратланиб, бу ишларни кузатиб турганликларини кўргандим. Чунки ҳеч қачон Мўйноқда бундай улкан ишлар қилинмаганди-да. Қуриш нари турсин, денгиз қочиши билан бу ерда ҳаёт издан чиққанди. Балиқчилик тугаган, кемалар қумга бағрини бериб туриб қолган, машҳур консерва заводи тўхтаган, минглаб одамлар ишсиз қолганди. Ёшлар катта шаҳарларга ўқишга ёки иш излаб кетишди, кимлардир бошқа ҳудудларга кўчди. Қишлоқларда Мўйноқдан, Оролдан кўнгил узолмаганлар ва қариялар қолганди. Вақт ўтгани сайин Мўйноқ ғариблашиб бораверди, муаммолар устига муаммолар қалашиб келаверди. Энг ачинарлиси, одамларнинг ҳаётга, эртанги кунга ишончи деярли сўниб бўлганди, тақдирга тан бериб, тонг билан туннинг фарқига ҳам эътибор бермай қўйишганди. Бу ҳудудда яшаётганлар ҳаёт завқидан, ширин орзулардан маҳрум бўлишганди. Уларга кимдир Мўйноқ шаҳарчасининг бугунги суратини кўрсатиб, шаҳримиз бир-икки йил орасида шундай бўлади, деса ҳеч ким ишонмасди, албатта. Ишониши мумкин ҳам эмасди.

Мана, бугунги Мўйноққа қаранг... Бир йилда шунча ўзгариш бўлганини таърифлаш қийин, келиб кўриш керак, фахрланиш керак, ғурурланиш керак. Биз туман марказида  ўн-ўн беш дақиқа тўхтадик-да, Орол томон йўлни давом эттирдик, қайтишда бемалол тўхтайдиган бўлдик. Мўйноқ марказидан 6-7 километр нарида Оролнинг собиқ соҳилида жойлашган Мерес қишлоқдаги Балиқчилар уйини кўриб ўтишни тавсия қилишди.

Бу ерда балиқчилар қайиқлари, фонуслари, тўрларидан тортиб, тўшакларигача сақланган. Балиқчилар ҳаёти акс этган суратлар қўйилган.  Балиқчилар уйининг рўпарасида 20 кишилик меҳмонхона, ўнг томонидаги мўъжазгина дўкондан қорақалпоқларнинг миллий кийимлари, сўзаналар, дўппи, нимча, тўқилган шолчалар, турли тақинчоқларни эсдаликка сотиб олишингиз мумкин.

Бу музей ташкилотчиси, нукуслик Миясар Аимбетова билан танишамиз. У Тошкент кимё-технология институти ва Тошкент иқтисодиёт университетини тугатган.  Отаси академик экан. Унинг Оролбўйида бу қишлоққа келиб, музей ташкил этиши сабаби билан қизиқдик.

— Орол ҳаммамизнинг дардимиз. Ҳозир Президентимиз ташаббуси билан тарихий ишлар бошланди. Буларни кўриб, билиб турибмиз. Мен нима иш билан ҳисса қўшишим мумкин, деб ўйладим. Президентимизнинг туризмни ривожлантириш бўйича берган топшириқларидан сўнг бу ерда Балиқчилар музейини ташкил этишга қарор қилдим.

Ҳозирда музейимизга туристлар келиши кўпайди. Мен бу ишлар билан чекланиб қолмоқчи эмасман. Хорижлик туристлар ва мамлакатимизнинг турли жойларидан келадиган сайёҳлар учун кенг шароит яратмоқчиман. Тегишли ташкилотлар қўллаб-қувватлашса, хурсанд бўлардим. Лойиҳам тайёр...

Шу пайт бир автобус ёшлар келиб қолишди, Урганч давлат университети талабалари экан. Улар депутатлар ва сенаторлар билан биргаликда музей ортидаги майдонда 100 тупдан кўпроқ арча ва шу ҳудудга мос мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишда қатнашишди. Бу ҳудуд келажакда «Орол денгизи боғи»га айлантирилар экан.

— Биз 40 киши келганмиз, — дейди педагогика факультети талабаси Барно Матқурбонова. — Оролнинг қуриган ҳудудида ишларга ҳисса қўшиш учун саксовул, гужум кўчатларини олиб келдик. Орол денгизи қуриш қандай оқибатларга олиб келганини ҳам ўз кўзимиз билан кўрмоқчимиз. Шунингдек, ўсимликлар дунёсини ҳам ўрганамиз.

Қуриган ҳудудлардан бири бўлмиш бу ерни одамлар «ноловая участка» дейишар экан. Чунки Оролнинг қуриган ҳудудларига кўчат экишлар дастлаб шу ердан бошланган экан.

«Балиқчилар уйи»дан чиқиб, Оролнинг қуриган ҳудуди томон йўлга тушдик. Бир соатлардан сўнг  чўл бошланди. Бу ерлар денгиз туби бўлганига ишонгинг келмайди. Одам гавжум бир ҳудудда тўхтадик. Бу ерда қорақалпоғистонлик ва самарқандлик ишчилар саксовул кўчатлари экишаётган экан. Улар билан сўрашиб, биз ҳам кўчат экишга киришиб кетдик, ҳар биримиз ўртача 20-30 тадан экдик.

Шу даражада ишга берилиб кетдикки, маҳаллий йўлбошловчилар бизни қайта-қайта чақиришларига тўғри келди.

Яна йўлдамиз, унинг нотекислигидан машинамиз тебраниб-тебраниб кетаяпти. Ниҳоят манзилга етиб келдик. Биздан икки кун олдин кетган вакилларимиз. Ислом Хушвақтов. қорақалпоғистонлик экологлар ёрдамида барча ташкилий ишларни бажаришга улгуришибди. Санъаткорлар учун саҳна тайёрланибди, дастурхонлар безатилган, нондан тортиб бўғирсоқ, ширинликлар, мева-чевалар, ҳатто сумалак ҳам қўйилган. Бир четда 50 килолик дошқозонда палов дамланаяпти. Шу орада ишчилар ҳам йиғилиб, саф тортишди. Асосан механизаторлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари ва бошқа вилоятлардан келган ёшлар. Энди карнай-сурнай чалинганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал майор Турсунхон Худойбергенов етиб келди. У кишини ушбу ҳудудда танимайдиган одам йўқ. Ҳафталаб, ойлаб ишчилар билан вагон уйларда яшаб келмоқда. Уни ердаги ишлар қўмондони десак хато бўлмайди. Президентимизнинг ташаббуси ва топшириғи билан амалга оширилаётган барча ишлар унинг назоратида, ҳар қандай муаммони вақтида ечиш ҳам унинг зиммасида. Генерал, аввало, ишчилар билан сўрашди, уларга сидқидилдан қилаётган меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди, кўнгилларини кўтарадиган гапларни айтди. Сўнгра сенаторлар ва депутатларни таништирди. Концерт дастури бошланди, ҳамма дастурхонга таклиф этилди. Республикамизнинг барча вилоятларидан келиб, бу ерда матонат билан меҳнат қилаётганлар шаънига муносиб сўзлар айтилди. Шу пайтгача бу ерга ишлаш учун келган бирор киши иш ёки шароит оғир экан, деб кетиб қолган ҳолат бўлмабди. Янги йилни ҳам вагонлар олдидаги майдонга арча ўрнатиб, кутиб олишибди.

— Президентимизга раҳмат, — дейди Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидан келган механизатор Ўрол Абдиев. – Чунки бу ишлар у кишининг ташаббуси билан бошланди. Катта фожианинг олди олинмоқда. Бу ишларга ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Ишлар тугасин, кўрасиз, ўрмонлар пайдо бўлади, бу ерларнинг ҳайвонот дунёси ўзгаради, туристлар келадиган бўлади.

— Икки ой бўлди келганимга, — дейди боёвутлик механизатор Иномжон Эргашев. – Ўтган йили ҳам келганман. Қанча керак бўлса, шунча ишлаймиз. Ўзбекистонга, Қорақалпоғистонга хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Илтимос, айтганларимни албатта ёзинг, бобом газета ўқийдилар. Гапларимни ўқиб, хурсанд бўладилар.

Сардобалик механизатор Улуғбек Раҳмонов, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, майор Баҳодир Содиқов ва бошқалар ҳам бу тарихий ишларга ҳисса қўшаётганларидан мамнунликларини айтишди.

Баъзан одамларнинг воқеа-ҳодисаларга бефарқлигидан ранжиймиз, қачон бир бутун халқ бўламиз, деб куйинамиз. Мўйноқда, Орол денгизининг қуриган ҳудудларида меҳнат қилаётган одамларни кўриб, уларнинг гапларини эшитиб, фикрингиз ўзгаради. Бу ишларда мамлакатимизнинг барча вилоятлари вакиллари қатнашмоқда, турли олий ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилари саксовул, балиқкўз, шўра, қандим, қорабароғ уруғларини, кўчатларини олиб келиб экишмоқда. Ўтган ҳафтада Самарқанд давлат университетининг бир гуруҳ талабалари устозлари билан келиб, саксовул кўчатлари экиш ҳашарида қатнашишибди. Тошкентдаги қатор олий ўқув юртлари талабалари ҳам бу муҳим ишларга ҳисса қўшиш, Орол бўйидаги экологик аҳвол билан танишиш учун Мўйноққа келиб кетишмоқда.

 

              Айни пайтда Оролнинг қуриган ҳудудларида 3 мингга яқин киши, 600 та техника, жумладан 5 таАн-2” самолёти ишламоқда.

              Ўтган йили 500 минг гектар майдонга кўчат экилиб, уруғлар сепилган эди. Жорий йилнинг февраль ойи биринчи ярмида 700 минг гектар майдонга саксовул кўчатлари экилиб, уруғлари сепилди. Бу ишлар март ойи охиригача давом этади.

              Денгизнинг қуриган ҳудудида 57 та қудуқ қазилди.

 

Бу ҳаракатлар Орол муаммосига халқимиз бефарқ эмаслигини кўрсатади. Узоқ-узоқлардан йўл босиб, бу ерга келаётганлар қалбида Орол дарди бор, Ватанга меҳр-муҳаббат бор. Ёзиб ифодалаб бўлмайдиган яна қанча-қанча туйғулар бор.

«Штаб»даги суҳбатларда ҳар ким ҳар хил фикр билдирди.

— Бир таклифим бор, деди республика ўрмон хўжалиги раиси Низомиддин Бакиров. Қорақалпоғистондан тортиб, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари 5-10 куб сувни иқтисод қилиш ҳисобига Оролнинг ҳақини беришсин. Озгина сув тушиб турса ҳам ҳайвонот дунёси қайтади. Балиқчиликни ривожлантириш имконияти кенгаяди.

Яна бир ниятим худди шу жойда «Ўрмончилар уйи»ни қурдирмоқчиман. Лойиҳа тайёр бўлаяпти, бир ойдан сўнг пойдеворини қурамиз. Кўрасиз, ҳали бу шаҳарча пайдо бўлади. Бизнинг уй биринчи уй бўлади.

Одамлар яхши орзу ниятлар қилишяпти. Бу гапларни улар ишонч билан айтишяпти. Бу ишларга асос бор, замин бор.

— Халқимизнинг ватанпарварлигини ўз кўзим билан кўрдим. Булар шу куннинг ҳақиқий қаҳрамонлари, — деди Қонунчилик палатаси депутати Камол Жуманиёзов. — Шу штаб ҳудудида бир ёдгорлик ўрнатиш керак, бу ерга биринчи бўлиб қадам қўйганлар, биринчи бўлиб денгизнинг қуриган ҳудудини тартибга келтириб, кўчат экканларни, биринчи палаткалар ва биринчи уйларни кимлар қурганини кейинги авлодлар билиши керак.

Оролнинг қуриган ҳудудидан қайтаётиб Мўйноқ шаҳрининг кечки чиройини томоша қилдик. Равон, кенг кўчаларда ранг-баранг чироқлар ёғду сочиб турибди. Йўлнинг икки тарафида қатор тизилган арчалар, кўркам бинолар. Олдинги ғариб, кўримсиз, қовоғи солинган, кўнгилни хира қиладиган уйларнинг изи ҳам қолмаган.

Туман ҳокими Ерпулат Еримбаев қурилиб, фойдаланишга топширилган биноларни санайди: — Амфитеатр, стадион, бассейн, спорт зали, Ёшлар маркази, курант, Орол тарихи музейи, консерва заводи, минг иш ўрнига эга тикувчилик фабрикаси, иккита мактабгача таълим муассасаси, йўлнинг икки томонида 48 та коттеж қурилди. Яна 20 та уч қаватли уй-жой қуриляпти, яқинда биттаси битказилди...

— Бу йил яна нималар қурилади, муҳимларини айтсангиз, деб сўрайман.

— Аэропорт қуриб битказилади, болалар санаторийси, клиника, инновацион марказ, яна иккита мактабгача таълим муассасаси қурилади. 3,5 миллиард сўмлик ичимлик суви қувурлари тортилади...

— Бир пайтлар Мўйноқдан кўчиб кетганлар қайтиб келишяпти, деб эшитдик...

— Қайтишяпти, ҳали яна қайтишади, — деди у мамнунлик билан.

Қаранг, ўйланг, узоқ йиллар давомида Мўйноқ эътиборсиз қолди. Орол қуриди, Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронтга, ундан олдинроқ Россиянинг очарчиликка учраган ҳудудларига маҳсулотлар жўнатиб турган консерва заводи ёпилди. Лекин одамлар бор эди, улар тақдири эртага нима бўлиши, олдинда қандай экологик фалокатлар кутаётганини тўлиқ англамадикми ёки катта куч, маблағ талаб этадиган бундайин қиёси йўқ ишларга қўл уришга ботинолмадикми, ҳар ҳолда қатъий амалий чоралар кўрилмади.

 — Мўйноқдаги ўзгаришлар ўйлаганимиздан ўн чандон юқори экан, – дейди сенатор Икром Нажмиддинов. – Гўё мўъжиза рўй бергандек. Лекин бу шаҳар осмондан тушмаган. Президентимизнинг эътибори, меҳри, халқимизнинг қаҳрамонона меҳнати билан бунёд этилди.

У киши ҳақ гапни айтди. Бу тарихий ишлар замирида энг аввало одамларга меҳр, уларни қадрлаш ётибди. Мўйноқ тарихида қиёси  бўлмаган бу янгиланишлар одамларнинг ҳаётга муносабатини ҳам бутунлай ўзгартириб юборди. Уларнинг юз-кўзида табассум пайдо бўлди, кеча меҳмон келса, мўйноқликлар уялиб қолишгани ҳақиқат. Бугун меҳмон келса, қувонишлари, фахрланиб шаҳарларини кўрсатишлари ҳам ҳақиқат.

Бир йилча илгари тонг отармиди, тун тушармиди, одамларга фарқи, аҳамияти йўқдек эди. Бекорчилик, оғир ҳаёт уларни орзу-умидлардан ҳам маҳрум қилиб қўйганди.

Бугун мўйноқликлар ҳар тонгни хушкайфият, янги орзу-ниятлар билан кутиб олишаяпти. Бугун Мўйноқда чинакамига тонг отди. Тонглар ичра ажойиб бир тонг, қуёшли тонг...

 

Сафар ОСТОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: