Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
25.02.2020

ШУҲРАТПАРАСТЛИК, ДАБДАБАБОЗЛИК

маъмурий жавобгарликка тортиш учун сабаб бўла оладими?

Парламентнинг қуйи палатасида турли мазмундаги қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилиб, депутатлар жойлардаги ўрганишлар, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, уларга таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Демократик давлатларда қонун устувор бўлиб, улар инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади. Табиийки, фуқароларнинг қонун олдида бурчлари ҳам бор, албатта. Шу маънода парламентга киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси депутатлар диққат марказида бўлди.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Кўп бора таъкидланган бўлишига қарамасдан, ҳали ҳануз тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар давом этаётгани оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шунинг учун тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга эҳтиёж туғилди. Шу жиҳатдан мазкур қонун лойиҳаси муҳим ҳисобланади.

Одамларнинг дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўйиши натижасида жамиятда турли кўнгилсизликлар юзага келмоқда. Мисол учун, пули ва имкони бор одам йўл қўйган ортиқча ҳашамга тенглашмоқчи бўлган оддий оилаларнинг тинчлиги, ҳаловати йўқолмоқда.

Мазкур лойиҳа билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш, жумладан, қўшма қарор билан тасдиқланган «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги Низомнинг 2-бобида белгиланган тадбирлар ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларга риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур низомнинг 19-бандига мувофиқ ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар тартибини таъминлаш белгиланмоқда. Лойиҳа амалиётга татбиқ этилса, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор меъёрлари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга хизмат қилади.

Улуғбек ВАФОЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ҳамда дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиш эса турли кўнгилсизликларнинг олдини олиши, табиий албатта. Шунингдек, бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаш ҳам муҳим саналади.

Шу сабабли, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш масаласини ички ишлар органларига юклаш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Лойиҳанинг бугунги кундаги долзарб масалани қамраб олиши аҳамиятлидир. Шу жиҳатдан мазкур лойиҳани фракциямиз аъзолари қўллаб-қувватлади. Табиийки, кейинги ўқишга қадар ўз таклиф ва мулоҳазаларимизни билдирамиз.

Фракция йиғилишида яна бошқа қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Ҳар бир лойиҳа бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: