Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
18.02.2020

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг турк дунёси олдидаги мислсиз ва тарихий хизматлари тан олиниши билан муборакбод этаман»

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ, Самарқанд давлат университети филология факультети декани, турколог-олим:

— Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар халқаро доира вакиллари, экспертлар, сиёсий институтлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг диққат-эътиборини тортмоқда. Дунёдаги  турли сиёсий арбоблар, молия-инвестиция доиралари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар узоқ йиллар давомида “зулмкор тузум, абгор иқтисод ва ёпиқлик билан ном чиқарган”  мамлакатда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик ислоҳотларнинг Ўзбекистон, минтақа ва дунё учун катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этмоқда. Ўзбекистонда юритилаётган очиқлик, либерал иқтисодий сиёсатнинг минтақада ва  жаҳонда бераётган акс-садоси ҳам эътиборга моликдир: халқимиз қатори дунё жамоатчилигини  ҳам ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг қийинчилик билан бораётгани, ўтиш даврига хос муаммоларнинг тўсиқ бўлишига қарамай, ислоҳотлар мамлакатимиз раҳбари томонидан собитқадамлик билан давом эттирилаётгани, бу ўлканинг ижтимоий ҳаёти ва халқ­аро муносабатларга янгича руҳ ва жўшқинлик бахш этаётганлиги мамнун этмоқда.

Британияда чиқадиган нуфузли The Economist ҳафталиги  томонидан 2019 йил якунларига кўра,  дунёдаги 200 дан зиёд мамлакатлар орасидан ­Ўзбекистон “йил мамлакати” деб тан олинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг изчил демократик сиёсий ва иқтисодий ҳамда ташқи сиёсати Туркий дунёда ҳам ўз эътирофини топмоқда. 2020 йилнинг бошида турк матбуоти Ўзбекистон ­Президенти ­Шавкат Мирзиёев «Турк дунёсини тиклаш учун қўшган улкан ҳиссаси учун» халқаро мукофоти билан тақдирланганини маълум қилди. Ушбу мукофот Турк дунёси ёзувчилари, зиёлилари ва санъат арбоблари жамғармаси TÜRKSAV (Türk Dünyası Yazarlar ve Sanatçılar Vakfı) томонидан таъсис этилган. Ҳар йили бир марта бериладиган ушбу халқаро мукофот ҳайъатининг қарори Ўзбекистон раҳбарининг “мамлакатнинг ташқи дунё, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларини изчил мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматлари ва амалий ҳиссаси, шунингдек, Туркий кенгашдаги ҳамкорликни сезиларли даражада жонлантиргани, ушбу ташкилот доирасидаги янги ташаббуслар, шу жумладан, 2020 йилда Хива шаҳрини “Турк дунёсининг маданий пойтахти” деб эълон қилиш бўйича ташаббуси“ учун бир овоздан қабул қилингани маълум қилинди.

Ўзбекистон Президентининг ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланиши ҳақида TÜRKSAV’нинг Анқарадаги махсус анжуманида эълон қилинди.   Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда барча соҳаларда Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашган. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг жадал ислоҳотчилик фаолияти, унинг нафақат Ўзбекистон ва унинг халқи, балки бутун Марказий Осиёнинг фаровонлиги учун қулай ташқи ва ички шароитларни шакллантиришда ўз аксини топаётган шахсий сифатлари таъкидлаб ўтилган.  TÜRKSAV раҳбари, турк ёзувчиси Яҳё Энгин барча иштирокчилар олдида «Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Турк дунёси олдидаги мислсиз ва тарихий хизматларини тан олиниши билан муборакбод этаман», деб таъкидлади.

Ушбу нуфузли мукофотга Туркия Президенти Сулаймон Демирел, Озарбайжон Президенти Ҳайдар Алиев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва Турк дунёсининг бошқа давлатлари сиёсатчилари ва энг нуфузли кишилари сазовор бўлишган.

Дарвоқе, қардош Туркия Республикаси жамоатчилиги  ватанимиз мустақиллигининг биринчи кунларидан бошлаб Ўзбекистонда юз берган ижтимоий-сиёсий жараёнларни диққат билан кузатиб келади. Турк матбуоти, телевидениеси, радиосининг, Интернет-нашрларида кун йўқки, мамлакатимиз ва унинг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётидаги ўзгаришлар хусусида хабар, таҳлилий мақола, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эълон қилинмаган бўлсин. Айниқса, кейинги уч йилда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар турк жамоатчилигининг узлуксиз эътиборини тортмоқда.

Маълумки, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлатдир. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Халқларимиз кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, турк жамоатчилигини мамлакатимизнинг  2019 йил октябрда “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши”га аъзо бўлиб кириши жуда мамнун қилди.

 Мамлакатимизнинг ушбу обрўли халқаро ташкилотга аъзо бўлиб кириши сунъий тўсиқлар туфайли ўн йилга кечиккан бўлса-да, Президентимизнинг ташаббуси билан бу халқаро ташкилотга аъзо бўлишнинг сиёсий ва ҳуқуқий томонлари синчиклаб ўрганилди ва у Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ҳамда тинчликпарвар халқаро сиёсатига уйғун келиши тўғрисида хулосага келинди ҳамда “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2019 йил 14 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Давлатимиз раҳбари алоҳида эътироф этганидек, Турк Кенгашига аъзо бўлган қардош давлатлар  долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

Президентимиз Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми биргина 2018 йилда  40 фоиздан зиёдга ошганини маълум қилган эди. Шунингдек, қадимий Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталарида жойлашган туркий тилли мамлакатлардаги бой маданий мерос туризмни ривожлантириш бўйича улкан имконият эканлиги, маданий-гуманитар алоқаларни ­мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши Президентимиз томонидан алоҳида қайд этилган эди., 2019 йил давомида статистик маълумотларга кўра Ўзбекистонга 6 748 500 нафар сайёҳ ташриф буюрган, 2018 йилда бу кўрсаткич 5 346 200 кишини ташкил қилганди. Туристлар оқими ҳисобот даврига нисбатан 26,2 фоизга ошган. Энг кўп сайёҳ Марказий Осиё минтақасидан ташриф буюрган бўлиб, уларнинг сони 5 764 500 кишига етган. ­Сайёҳларнинг асосий қисми Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон каби қўшни ва қардош  давлатлардан ташриф буюрган. Туркия Республикасидан келган сайёҳлар сони тарихда илк бор 50 минг кишига яқин бўлган.

Президентимиз Чўлпонотадаги Турк Кенгаши саммитидаги нутқида Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳрини 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этган эди. Ҳақиқатан ҳам, дунёдаги ягона музей-шаҳар мақомидаги ва ўрта асрлардаги туркий цивилизациянинг ноёб маданий ва меъморий обидаси бўлган Ўзбекистон инжуси Хива шаҳри бундай юксак эътирофга лойиқ ва шундай бўлди ҳам — 2019 йилнинг 30 ноябрь куни Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ доимий кенгашининг 37-мажлисида 2020 йилда Хива шаҳри турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинди.

Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга аъзолиги қардош туркий давлатлар раҳбарияти томонидан катта қувонч ва қониқиш билан кутиб олинди. Қатор чет эл ОАВларида бу хусусда бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилинди.

Туркия Республикаси Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзолиги борасидаги қарорини мамнуният билан кутиб олди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда таъкидланишича, “Тошкентнинг ташкилотга тўлақонли аъзолиги туркий тилли мамлакатларнинг бирдамлигига ҳисса қўшади, ҳамкорликни чуқурлаштиради, халқларнинг фаровонлиги йўлида қилинаётган ишларнинг даражасини юксалтиради”.

Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Ўзбекистоннинг Нахичеван келишуви ратификациясининг якунлаши туркий тилли давлатлар бирдамлигини мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим воқеа бўлганини эътироф этди. “Ўзбекистон Республикасининг Турк Кенгашида ўзини тақдим этиш қарори бизнинг кўп асрлик чуқур илдизларга асосланган маданий ва тарихий қардошлигимизни янада ривожлантириш, замон талабларига мувофиқ туркий тилли давлатлар манфаати, фаровонлиги нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Турк Кенгашига қўшилиши ҳақидаги тарихий қарорнинг Нахичеван келишуви имзоланишининг 10 йиллик санасига тўғри келишида Озарбайжон Республикаси учун алоҳида рамзий маъно бор. 2019 йилнинг 15 октябрь куни Бокуда бўлиб ўтадиган Турк Кенгашининг 7-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги қардош Ўзбекистон делегациясини қарши олиш кўнгилли хушхабар ва улкан шарафдир”...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари ушбу мамлакатда бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ, Анқара шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида икки томонлама ­Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Йиғилишда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилади. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича фикр алмашилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашади, Туркия Республикаси Президенти кутубхонаси мажмуасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади.

 Туркия ва Ўзбекистон тарихи буюк, урф-одат ва анъаналари муштарак, энг яқин дўстлар сифатида танилган. Халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам улар бир-бирини доимо қўллаб-қувватлайди. Президентимизнинг ушбу ташрифи дўстлик ришталарини яна бир поғона юқорига олиб чиқишига ишонамиз.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистонимизнинг қардош халқлар билан азалий дўстлик алоқаларини янада юқори поғонага кўтариш стратегияси минтақа ва жаҳонда тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, Президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Ўзбекистоннинг қардош, қўшни давлатлар ва узоқ-яқиндаги дунё мамлакатлари билан дўстона алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайди.

 

Фаррух ҲАМРОЕВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: