Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
18.02.2020

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ВА РУХСАТНОМАЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев 17 февраль куни тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга яқинда йўллаган Мурожаатномасида тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

Илғор хорижий тажриба асосида лицензия ва рухсатномалар турини қисқартириш, уларни бериш тартибини соддалаштириш ва тегишли талаблар бажарилишини мониторинг қилишнинг ошкора механизмларини ишлаб чиқиш бугунги кун талабидир.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман таркибида махсус Ишчи гуруҳ тузилган.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур Ишчи гуруҳ ишини ташкил этишдаги асосий йўналишларни белгилаб берди.

Аввало, инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланиши лозимлиги таъкидланди. Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни фуқаролар ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаса-да, лицензияланади.

Айни пайтда айрим лицензия шартлари соҳада рақобатни ҳам чекламоқда. Хусусан, кредит тарихи тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш билан ягона кредит бюроси шуғулланиб, бозорга бошқа тадбиркорлар киришига имкон деярли қолмайди. Кредит бюросини очиш учун камида 10 та тижорат банкининг розилигини олиш талаб этилади. Мавжуд 30 та банкдан 26 таси ушбу ягона кредит бюросининг муассиси ҳисобланиб, қолган 4 та банк янги бюро ташкил этишга розилик берган тақдирда ҳам ташаббускор лицензия ололмайди.

Шу билан бир қаторда, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини кенг жорий қилиш лозимлиги қайд этилди.

Хорижий тажрибада лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш, мажбуриятни суғурталаш, ўзини-ўзи бошқариш, техник тартибга солиш каби муқобил усуллар мавжуд. Мисол учун, турар жой объектларини нотурар жой сифатида қайд этиш учун тадбиркор алоҳида рухсатнома олиши керак. Ваҳоланки, бунинг учун давлат идоралари хабардор қилинса, кифоя бўлиши мумкин.

Худди шундай, риэлторлик, аудиторлик, суд бошқарувчилиги каби фаолият турлари билан шуғулланувчиларнинг жавобгарлигини суғурталаш ёки ўзини-ўзи бошқариш тизимларига ўтказиш мумкин.

Шу муносабат билан Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига икки ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Давлатимиз раҳбари лицензия ва рухсатномалар бериш тартиби ва муддатларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Адлия вазирлигига бир ой муддатда лицензия ва рухсатнома бериш муддатлари ва тўловларини ўрганиб чиқиб, уларнинг шартларини аниқ белгилаш юзасидан топшириқ берилди.

Бундан ташқари, баъзи ҳолатларда тадбиркор лицензия олиш учун узоқ вақт давомида сарсон бўлиб, керакли ҳужжатларни тўплаб топширади, бироқ арзимаган сабаблар билан унинг аризаси қайтарилади.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев лицензиялаш жараёнига замонавий технологияларни тўлиқ жорий қилиш зарурлигини қайд этди.

Лицензияларнинг 79 фоизи, рухсат берувчи ҳужжатларнинг 80 фоизи ҳанузгача қоғоз шаклида берилмоқда. “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси 2014 йилда ташкил этилганига қарамай, бугунги кунда бу портал деярли фаолият юритмаяпти. Ўтган йили 4 мингдан ортиқ лицензия “бир дарча” тамойилига риоя қилинмасдан берилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига жорий йил 1 августга қадар лицензия бериш билан боғлиқ барча жараёнларнинг тўлиқ автоматлашган ягона электрон тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, лицензия талабларига риоя этишни мониторинг қилишнинг янги, ошкора тизимини жорий қилиш лозимлигини қайд этди. Масалан, ёнғин назорати органлари ёнғинга қарши воситаларни ўрнатувчилар фаолиятини назорат қилиши керак бўлса-да, бундай назорат тизими амалда мавжуд эмас.

Илғор хорижий тажриба асосида барча лицензия талаб қилувчи фаолият турларида автоматлаштирилган риск-анализ тизимини ва масофавий назоратни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Президентимиз таъкидлаганидек, соҳада коррупция ва турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назорати тизимини жорий қилиш талаб этилади.

Йиғилишда мутасаддилар олиб борилаётган ишлар ҳамда ҳар бир тармоқ кесимида қайси лицензия ва рухсатномаларни қисқартириш мумкинлиги тўғрисида ахборот берди.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: