Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
18.02.2020

ОМБУДСМАН АХБОРОТ БЕРДИ

Кеча парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, вазирлик, ташкилотлар вакиллари, экспертлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия масъуллари иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди ва қизғин баҳс-мунозара, танқидларга бой бўлди. Улуғбек Муҳаммадиев инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунлар ва ташкилий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, мамлакат қонунлари ҳамда халқаро шартномалар ижроси устидан мониторинг йўналишларида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берди.

Қайд этилдики, 2019 йилда қамоқда сақланаётган шахслардан 1314 та мурожаат келиб тушган бўлиб, биз 2018 йилга нисбатан 1,4 баравар  кўп дегани. Жазони ижро этиш муассасаларидан Омбудсманга ишонч телефони орқали 103 та оғзаки мурожаат келиб тушган.

Давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноятда гумон қилинувчилар ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари кўрилгани тўғрисидаги шикоятлар Омбудсманнинг алоҳида назоратида бўлган. 2019 йил давомида Омбудсман бу борада 138 та шикоятни қайд этган.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелда қабул қилинган 309-сонли қарори билан Ички ишлар органларининг Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари ташкил этилган. Омбудсман томонидан қонунга мувофиқ ўз ваколатлари доирасида ҳудудлардаги 963 ўринга мўлжалланган 12 та реабилитация марказида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир қонунлар ижроси юзасидан мониторинг олиб борилган.

Реабилитация марказларида яратилган шароитлар у ерда сақланаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситади, бу эса “Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисида”ги низом талабларига зиддир, деб хулоса берилади Омбудсман ҳисоботида.

Айтиш керакки, ҳар бир йўналиш бўйича ҳисоботлар таҳлил қилиниб, парламент аъзолари эътиборига ҳаволи қилинди. Бажарилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди. Депутатлар Омбудсман ҳудудлардаги вакиллари фаолятини кучайтириш, аввало уларга ишлаш учун шароит яратиб бериш тўғрисида таклифларини билдиришди.

Фракция аъзолари Омбудсман институтининг бугунги ислоҳотлар даврида янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва узил-кесил ҳал қилиш бўйича амалий ишларни кўпайтириш лозимлигига ­эътибор қаратишди. Лекин шунга қарамай,  айрим йўналишлардаги мурожаатларга ечим топиш кўрсаткичи фоизларга ҳисобланганда ҳам натижалар қониқарли эмаслиги қайд этилди.

Омбудсман инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда тегишли амалиётни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифларини ҳам берди. Хусусан, прокуратура, ички ишлар ва давлат хавфсизлик хизмати тизимидаги тергов идораларини бирлаштириш ҳамда ягона тергов органини ташкил этиш, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва уни Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ёки алоҳида мувофиқлаштирувчи орган ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Фракция аъзолари омбудсман жамиятини кучайтириш билан боғлиқ баъзи масалаларни ўрганиб чиқиб, таклифлар тайёрлаш керак деган хулосага келинди.

 Йиғилишда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, «Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Фракция аъзолари Халқ демократик партияси ғоялари ва Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, биринчи ўқиш жараёнида билдирган таҳририй таклиф инобатга олингани таъкидлаб ўтилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги (янги таҳрир) қонун лойиҳаси баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айниқса, депутатлар юртимиздаги жадал қурилиш жараёнларида шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилиш, бу жараёнда жамоатчилик назорати йўлга қўйилишига ҳуқуқий шароит яратиш масалаларига эътибор қаратди. Шаҳарларда қурилиш ишларини амалга оширишда тадбиркорлар манфаатларинигина эмас, шаҳарнинг яхлит қиёфаси, ҳамма учун қулайлиги масалаларига эътибор бериш кераклиги таъкидланди.

Шу билан бирга, депутатлар Шаҳарсозлик кодексига юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишини назарда тутадиган меъёр киритилаётганини қўллаб-қувватлашларини билдирди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: