31.01.2013

ТУРМУШ ОБОДЛИГИГА ЭРИШИШ

ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига  боғлиқ

Мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор   суръатлар билан ўсиб бораётгани ҳаётимиз янада фаровон, турмушимиз обод бўлишига хизмат қилмоқда. Ўтган йили ялпи ички маҳсулот 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 7,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 7 фоизга, чакана савдо айланмаси ҳажми 13,9 фоизга ошгани ҳам фикримиз далилидир.

Халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини юксалтиришда сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иштирокини кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаяпти. Хўш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз депутатлик гуруҳлари фаолияти бугунги кун талабига жавоб бераяптими, жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини таъминлаш учун яна нималарга эътибор қаратиш лозим? Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП де­путатлик гуруҳи аъзоси, Иж­тимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий ­комиссияси раиси Зебо ­АБДУЛЛАЕВА билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, электоратни қийнаётган муаммолар ечимини топиш учун янада қатъият билан ишлашгина ижобий натижа бериши мумкин.

Мен Ғиждувон туманидаги 46-Ғалаба сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланганман. Ҳудуд 8 та маҳаллани ўз ичига олган. Ўтган йили Тўқимачилик кўчаcида ички йўлларни таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг боришини депутатлик назоратига олдим. Табиий газ таъминотини яхшилаш учун «Шарқ» маҳалласида 2,34 км. линияни реконструкция қилиш ҳамда Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан 4,5 км. қувурлар тортиб келиш ишлари охирига етказилди.

Тан олиш керак, фаолиятимизда камчиликлар кўп. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал хом ашёни қайта ишлаш, қишлоқ жойларида замонавий хизматлар ва сервис соҳасини ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилишимиз керак. Имконият ва шарт-шароитлар етарли. Аммо улардан унумли фойдалана олмаяпмиз.

Айтайлик, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хизмат кўр­сатиш соҳасида иш бошлайман, деган киши учун барча қулайликлар яратилган. Қиш­лоқ жойларида истиқомат қи­лувчи аҳолини ана шу имкониятлардан кўпроқ хабардор қилиш, тарғибот ишларини кучайтиришимиз керак.

— Партиямиз дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Аммо партия дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича ҳамма жойда ҳам ташаббускорлик етарли эмас, назаримизда.

— Саволингизга ўзим депутат этиб сайланган Ғиждувон тумани мисолида жавоб берсам. Эътироф этиш керакки, туманда ишлаб чиқариш, саноат анча ривожланган. Шу боис янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида ҳар йили қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биз дас­тур ижроси бўйича мунтазам мониторинг олиб бориб, режага киритилган иш ўринларининг ўз вақтида очилиши ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келамиз.

Ўтган йили туманда 812 та корхонада 8 мингдан ортиқ иш ўрни очилди. Уларнинг аксарияти ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келади. Масалан, янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, ишлаб турган корхоналарни модернизация қилиш ва кенгайтириш ҳисобига 137 та, кичик корхоналар ва микрофирмаларни ташкил этиш ҳамда ривожлантириш орқали 2717 та иш ўрни яратилди.

Аммо меҳнатга лаёқатли электорат вакиллари орасида вақтинча ишсизлар ҳам оз эмас. Шуни инобатга олсак, олдимизда турган вазифалар кўлами катта экани ойдинлашади. Энг аввало, кишиларни, айниқса, уй ишидан ажралиб корхона ва ташкилотда ишлаш имкони бўлмаган, бола тарбияси билан банд аёллар ва ногиронларни уй меҳнати ҳақидаги билим ва тушунчасини кенгайтириш лозим. Жойларда аҳоли билан учрашганда, кўпчилик касаначи бўлиб ишлаш қулай ва афзал эканини, унинг қонуний асослари ҳақида етарли тушунчага эга эмаслиги маълум бўлди.

Яқинда ўзини ўзи бош­қариш идоралари билан ҳамкорликда яқин атрофда жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти, улар тайёрлаётган маҳсулотлар ҳажми, сифати ва тури, иш ўринларини ўрганиш бўйича махсус чоралар ишлаб чиқдик. Шу асосда меҳнатга лаёқатли, касби, ҳунари бор электорат вакилларини касаначиликка жалб қилмоқчимиз. Ҳозир уларни корхоналарга бириктириб, қонуний меҳнат асосида ўз ишини йўлга қўйиши, оила фаровонлигини мустаҳкамлашига кўмаклашишни мақсад қилганмиз.

— Маҳаллий Кенгаш депутати ўз фаолиятини янада кучайтириши учун нималарга эътибор бериши керак?

— Ҳудудларда қонунлар ва давлат дастурлари ижросини назорат-таҳлил қилиш, сессия муҳокамасига киритиш учун турли соҳадаги масалаларни ўрганиш жараёнида амин бўлдимки, депутат ўзи сайланган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини яхши билиши керак экан. Шунда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилиш бўйича амалий таклиф бера олади. Давлат ва маҳаллий дас­турлар ижросини назорат қилишда сусткашликка йўл қўймайди.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг «2012 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилги иқтисодий дастурнинг асосий устувор вазифалари тўғрисида»ги қарорида 2012 йилда ҳудудларни комплекс ривожлантиришда айрим вилоятларда имкониятдан самарали фойдаланилмагани қайд этиб ўтилган. Хусусан, саноатни ривожлантириш, биринчи нав­батда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш, қишлоқ жойларда замонавий хизматлар ва сервис соҳасини ташкил этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобига комплекс ривожлантиришни таъминлаш борасида Бухоро вилоятида ҳам мавжуд салоҳиятдан тўла фойдаланилмаётгани танқид қилинди.

Албатта, бу борадаги камчиликларни бартараф этишда ҳудудларда саноат, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, ижтимоий ҳи­мояга муҳтож фуқароларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали уларнинг даромадини ошириш, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаш, айни пайтда, уларни самарали бажаришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши зарур.

Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари таннархини пасайтириш мамлакат тараққиёти учун ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Биз ўтказган таҳлилларга кўра, айрим корхоналар электр қувватидан оқилона фойдаланмаяпти, уни белгиланган миқдордан ортиқча сарфлаяпти. Бу уларнинг иқтисодига сезиларли зарар келтирмоқда, маҳсулот таннархининг ортишига олиб келмоқда. Жорий йилда мазкур масалани депутатлар иштирокида чуқур ўрганиб, вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига киритишни режалаштирдик.

Саноат корхоналарини модернизация қилиш, хусусан, электр қувватини кам сарфлайдиган ускуналар билан таъминлаш, бунга инвестиция жалб этиш, корхоналардаги ишчи-хизматчилар, инженер-техник ходимларнинг бу борадаги тажрибасини ошириш бўйича ҳам таклифлар тайёрлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Мазкур йўналишдаги ишлар бевосита партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар билан боғлиқ. Шу боис жорий йилда депутатлик гуруҳимиз жойларда саноат, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали уларнинг даромадини ошириш, шунинг­дек, коммунал хизматларнинг сифат даражасини юксалтириш, кўп қаватли бинолар орасидаги пиёдалар йўлаклари аҳволини яхшилаш каби масалаларни ўрганиб, бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқиш устида иш олиб боришни режалаштирган.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди. 



DB query error.
Please try later.