31.01.2013

ДЕМОКРАТИК МОДЕРНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНИДА

тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш — долзарб масала

Ҳар бир сиёсий партия ўз ғоя ва дастурий мақсад-ларини аҳоли ўртасида эркин тарғиб қилади, жамиятда мустаҳкам ўринга эга бўлиш, том маънода сиёсий кучга айланиш учун рақобатга киришади.

ЎзХДП ҳам ўз дастурий мақсадлари, мафкураси ва ғоясини кенг тарғиб этиш, партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимини юксалтириш, шунингдек, кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада Тарғибот гуруҳлари фаолия­ти самарадорлигини янада ошириш муҳим ўрин тутади. Шу боис тарғиботчилар гуруҳларига тажрибали партия ­фаоллари, халқ орасида обрў-эътиборга эга кишиларни жалб қилишга аҳамият берилмоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, ЎзХДП Наманган вилоят ташкилотлари Тарғ­иботчилар гуруҳлари фаолиятини алоҳида эътироф этиш мумкин. Ҳозирги кунда вилоятда ташкил этилган мазкур гуруҳларда 400 нафарга яқин партия фаоллари иш олиб бораяпти. Улар фаолиятининг бош мақсади аҳоли орасига кириб бориш, партия ғоя ва мақсадлари ҳақида кенг тушунча бериш, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ҳамда улар ечими юзасидан депутатлик гуруҳларига таклифлар киритишга қаратилган. Шу билан бирга, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, давлат дастурларининг аҳамияти ва моҳиятини электоратга етказиш ҳам тағиботчиларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

— Ҳозирги кунда вилоят кенгашидаги тарғиботчилар гуруҳида 50 нафарга яқин фаоллар жамланган, — дейди ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Гулчеҳра Зоҳидова. — Гуруҳ аъзоларининг аҳоли, электорат вакиллари билан ишлаш тажрибасини ошириш мақсадида ойда икки марта сиёсий-ўқув, семинар-тренинглар ўтказиб борамиз. Маш­ғулотларда тадбирларни ташкил этишда таъсирчан сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш, одамлар фикрини ўрганишнинг тезкор ва самарали усулларини ўрганиш масалаларида таклифлар берилмоқда. Шу боис ўтган йили гуруҳларимиз фаолияти анча самарали бўлди, дейиш мумкин. Хусусан, 2012 йилда вилоят партия ташкилотларидаги тар­ғиботчилар гуруҳлари томонидан 100 га яқин ижтимоий-сиёсий тадбирлар, давра суҳбати, учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ўтказилди...

Шуни таъкидлаш керакки, тар­ғиботчилар гуруҳлари фаолиятини намунали ташкил этиб, бош­қаларга ўрнак бўлаётган туман кенгашлари талайгина. Жумладан, Наманган шаҳар, Косонсой, Учқўр­ғон, Тўрақўрғон ва Чуст туман партия кенгашларидаги тарғиботчилар гуруҳлари партия ғояси ва дастурий мақсадларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, электорат вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Улар томонидан ўтказилган «Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш», «Жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳамда диний экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш», «Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш», «Конституция — бош қомусимиз», «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий ва тиббий маданиятини ошириш» мавзуларидаги тадбирлар жамоатчилик ва электорат вакиллари эътирофига сазовор бўлди. Таъкидлаш керакки, бундай тадбирлар кишиларнинг сиёсий-ҳуқуқий дунёқараши кенгайиши, юртимиз ва жаҳонда юз бераётган воқеалар ҳақида хабардорлиги ортиши, электорат вакилларини ўйлантираётган кўплаб саволларга жавоб топилишида катта ўрин тутаяпти.

Бироқ вилоятда мазкур гуруҳлар ишини кучайтиришга етарли эътибор бермаётган, тарғибот ишлари таъсирчанлигини оширишда сусткашликка йўл қўяётган партия ташкилотлари ҳам йўқ эмас.  Масалан, Мингбулоқ ва Норин туманлари партия ташкилотлари тар­ғибот гуруҳлари фаолияти самарадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратиши талаб этилади.

Обод турмуш йилида тарғибот гуруҳлари аниқ режа асосида изчил фаолият кўрсатиши, маҳаллалар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарур бўлади.

Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий билими ва фаоллигини ошириш демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.