31.01.2013

БУНЁДКОРЛИК ЗАВҚИ БИЛАН ЯШАШ БАХТИ

Ҳар бир одам умр бўйи бахт излаб яшайди. Халқимиз бу саодат манзи­лини аввало фарзандлари саломатлиги, рўзғори ободлиги, юртининг тинчлиги ва фаровонлигида кўради.

Аждодларимизнинг қон-қонига сингиб кет­ган бунёдкорлик салоҳияти ва иштиёқи мангу яшайди. Майса нурга талпинганидек, халқи­миз ҳам ҳамиша ободликка интилиб яшайди. Бу, айниқса, мустақиллик йилларида ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётир.

Ободлик — тириклик ифодаси

Обод сўзининг луғавий маъноси «сув етиб борган жой» демак. Ободлик — меҳнатсеварлик, бунёдкорлик маҳсули. Хал­қимиз бадиий эпик тафаккуридаги қаҳрамонлар ҳам ҳа­миша эл-юртга сув келтириш — ободлик йўлида курашган.

Ота-боболаримиз жойларни номлашда ҳам обод сўзига му­рожаат қилган: Бекобод, Шер­обод, Халқобод, Деҳқон­обод...

Мустақиллик йилларида хал­қимиз ана шундай мезон ва мақсадлар, бунёдкорлик завқи билан яшаб келмоқда. Давлатимиз раҳбари 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган энг муҳим ус­тувор йўналишларга бағиш­ланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маъруза­сида таъкидлаганидек, бунинг самарасида 2000 йил билан таққослаганда, реал даромад аҳоли жон бошига 8,6 баробар кўпайди, сўнгги ўн йилда аҳолининг банклардаги омонатлари ўсиши 40 баробардан зиёд ошди.

Узоққа бормайлик, ўн беш-йигирма йил олдин уйимизга келган меҳмонга дастурхон тузаш ҳам бир муаммо эди: иккита нон, бир пиёла чой, ма­йиз ё ерёнғоқ, қовурилган картошка ёки устига тухум бостирилган ош. Бир томондан қўл­нинг калталиги, иккинчи томондан дўкону бозорлардаги танқислик.

Илгари аксарият уйлар шунчаки оҳаклаб қўйилар, «хона гуллатиш» — девору шифтларга тасвир ёки нақшлар сол­дириш — бадавлатлик бел­гиси саналарди. Бугун Президен­тимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқларимизда ҳар йили намунавий лойиҳа асосида минглаб бир-биридан чиройли ва замонавий уйлар қурилмоқда. Уларда ҳар бир инсон ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун етарлича замонавий шароит яратилган.

Ёки олдинлари қишлоқда яго­на ҳаммом бўлар (шу ҳам ҳам­ма қишлоқда йўқ эди), улар бузилгач, тоғора жонивор қишда печканинг олдига, ёзда ошхона ё бошқа хонага кўчиб юрарди. Бугун бу масалада ҳам одамлар ўзига етарлича шароит яратмоқда.

Қишлоқдан шаҳарга қатнашни эслайлик: одамлар кунига бир марта бориб-келадиган ав­тобус ё юк машинасига улгурол­май сарсон эди. Муайян қиш­лоқ ё маҳаллага бировни излаб борсангиз, машинасининг рақамини айтиб дарров топса бўларди: автомобиль жуда кам эди-да. Бугун эса мамлакатимиздаги ҳар уч оиладан бири шахсий машинасига эга.

Хонадонларда, одатда, икки хил хонтахта бўларди: бири оилага, иккинчиси, албатта яхшироғи, меҳмон кутиш учун мўл­жалланган. Диван, кресло, музлатгич, кир ювиш машинаси, видеомагнитафон, чангютгич, биллур идиш-товоқ мана ман деганларда ҳам йўқ эди.

Бугун бу буюмлар ҳар бир хонадонда бор. Энди уларга ҳеч ким эътибор ҳам бермайди. Бу халқимизнинг турмуш даражаси, шу билан бирга, онгу тафаккури ва дунёқараши ўзгариб бораётганининг ҳаётдаги бир кўриниши. Ай­ниқса, бу борада мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган ­мебель, маиший техника ва бошқа уй-рўзғор буюмларини харид қилиш учун банкларимиз томонидан ажратилаётган истеъмол кредитлари муҳим омил бўлмоқда. 2012 йилда ана шу мақсадларга 71 миллиард сўмдан зиёд маблағ йў­налтирилди.

— Мустаҳкам оила йилида банкдан олинган истеъмол кре­дити эвазига музлатгич, чанг­ютгич ва ошхона жиҳозлари харид қилдик, — дейди зангиоталик Ҳайбатулло Хўжаев. — Замонавий буюмлар билан рўзғорингиз бут бўлса, нафақат уй-рўзғор юмушлари енгиллашаркан, балки одамнинг диди, ҳаётга муносабати ҳам анча ўзгарар экан.

Интилганга толе ёр

Ўтган йилларда юртдошларимиз орасида ҳунармандчилик, гулчилик, кўчат етиш­тириш, иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, интенсив боғ барпо этиш анча кенгайди. Илгари лалми ердаги ҳосил табиатнинг ҳиммати эди, бугун томчилатиб суғориш деҳқончиликнинг ажралмас қисмига айланмоқда.

Деҳқонларимиз уйида пальма ниҳоли, мандарин, апельсин каби тансиқ маҳсулотларни етиштирмоқда. Ўтган йили Сурхондарёда зайтун ҳосилга кирди. Яқинда Бўстонлиқ туманида 42 ёшли тадбиркор Бахтиёр Ҳакимовнинг ўзи ясаган инкубаторида Африка қора туяқушларини кўпайтираётгани анча шов-шув бўлди.

Бу мисолларда ўзбек халқининг ҳавас қилгулик тадбиркорлик маданияти намоён.

...Музработлик Алия Имомбердиева гиламдўзлар сулоласининг тўртинчи авлоди. Эндигина 25 ёшни қаршилаган Алия бугун 7 нафар ишчи ва 11 касаначига бош. Улар табиий ипак ва қўй жунидан турли хил гилам тўқийди. Бўяш учун рўян илдизи, ёнғоқ ва пиёз пўстлоқларидан табиий ранг тайёрлайди.

Алия қисқа вақт ичида мамла­катимиздаги икки юздан зиёд хотин-қизга гилам тўқиш ҳунари­ни ўргатди. Демак, шунча рўз­ғордаги барака янада кўпайди. Шунинг учун ҳам Алия «Ташаббус — 2012» кўрик-танлови­нинг мамлакат босқичи­да «Устоз-шогирд» мактабини ташкил этган энг яхши ҳунарманд» номинациясига сазовор бўлди.

— Момоларим ҳам гилам тў­қишган, аммо уларнинг меҳнати маҳсули ва самараси ҳовлисидан нарига чиқмаган, чунки уларда бугунгидек катта имкониятлар бўлмаган, — дейди А.Имомбердиева. — Бугун ҳу­нармандлик, оилавий тадбиркорлик ривожи учун яратилаётган кенг шароитлар туфайли хорижда ишлаб чиқарилган 4 тикув машинаси ва 16 гилам тўқиш ускунасига эга бўлдим. Германия, Малайзиядаги кўр­газмаларда қатнашдим. Энди банкдан 4 миллион сўм кредит олиб, ўқув маркази ташкил этяпман. Яна кўплаб хотин-қизларимизга гиламдўзлик сирларини ўргатишни, шу йўл билан янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Ўтган йили Оқтош тадбиркор­лик ва сервис касб-ҳунар коллежини битирган нарпайлик Шаҳноза Тоғаева тикувчилик билан шуғулланарди. «Микрокредитбанк»дан 1,8 миллион сўм кредит олгач, фаолияти анча жонланди. Ҳозир сингиллари билан 8 хил кийим-кечак ва пардалар тикмоқда. Ўзининг айтишича, бу маҳсулотлар ички бозорда жуда харидоргир. Келажакда яна кредит олиб, тикув цехи, ўқув маркази ташкил этмоқчи.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, одамларнинг интилиши қўллаб-қувватланаётган мамлакатимизда ташаббус кенг қулоч ёзмоқда. Яратиш ва яшнатиш завқидаги йигит-қизларимиз жамиятга наф келтириш билан бирга, ўз ҳаёт мазмунини ҳам англаб етаётир.

Турмуш чиройи

Президентимиз «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида тириклик мазмунини ҳа­лол ҳаёт ҳаловатида деб биладиган инсонлар билан бирга фақат нафс қайғуси ва ўткинчи ҳою ҳавасга берилган кимсалар дунёқарашлари тўқ­нашувидан ҳосил бўладиган саволлар ҳануз ўткир ва долзарб бўлиб қолаётганини таъкидлайди: «Агар одамзот бу дунёда руҳан пок бўлиб, иродаси бақувват, иймони бутун, виждони уйғоқ бўлиб яшамас экан, инсон ҳаётининг қандай маъноси қолади?».

Чиндан ҳам, ҳар бир инсон онгу қалбида кечадиган тан ва руҳ курашида иймону виждоннинг мағлуб бўлиши жамиятда катта ижтимоий-маънавий муаммоларни келтириб чиқаради. Бунинг олдини олиш эса аввало ёшларни ҳаётга тайёрлаш, уларга тўғри тарбия беришга боғлиқ. Зеро, халқимизнинг «Меҳнатдан келса бойлик — турмуш бўлар чиройлик» деган мақоли замирида ҳар бир одамнинг ўз меҳнати билан аввало ўзига, оиласига, қолаверса, эл-юртига наф келтириши мужассам. Аслида ҳам обод ҳаётга — фаровонлик, тўкинлик, мўл-кўллик, қут-баракага самарали меҳнат билан эришиш мумкин.

— Ҳудудимиздаги уч минг икки юздан зиёд аҳолининг қарийб 24 фоизи ёшлардир, — дейди Марҳамат тумани­даги «Мингтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, «Эл-юрт ҳур­мати» ордени соҳибаси Хайрихон Эгамбердиева. — Ке­йинги ўн-ўн беш йил ичида ҳа­лол меҳнати туфайли одамларнинг фаровонлиги ҳам ошди.

Масалан, ўн йилча олдин маҳалламизда кам таъминланган 97 оила мавжуд эди, ҳозир уларнинг сони бор-йўғи 17 та­ни ташкил этмоқда. Аксарияти банклардан имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Натижада, ҳам рўзғорига барака киряпти, ҳам одамларга наф келтиряпти.

Илгари уй бекаси деганда кўпроқ эрининг қўлига қараб қолган аёллар тушунилган бўл­са, бугунги бекалар уй-рўзғор ташвишидан ортиб, касаначилик билан машғул. Кимдир пишириқ, қатлама ё торт пиширса, биров тўн қавийди, кийим тикади. Ҳам вақт самарали ўтади, ҳам рўзғорга барака киради. Шу туфайли ички бозорда арзончилик. Одамлар тафаккурининг ўзгаргани, ҳаётга интилиши ва дунёқарашининг юксалаётгани — ана шу.

Мангу маънавий асос

Бунёдкор одам — ўз йўли ва манзилига эга одам. Унинг ҳаёт ҳақида ўз фикри бор. Бундай одамни йўлдан оздириш, чалғитиш, адаштириш қийин.

Бу ҳақиқат ўтган йил охи­рида дунё бўйлаб тарқалган охирзамон ҳақидаги миш-мишлар мисолида инсониятга яна бир бор эслатилди. Ўшанда айнан иродаси ожиз, иймони суст, энг асосийси, эртанги кунга ва ўзига ишончи йўқ кимсаларгина ваҳимага тушди. Баъзи давлатлар фуқароларини тинчлантириш учун расмий баёнотлар беришга ҳам мажбур бўлди.

Шукрки, халқимиз бу каби миш-мишларга парво ҳам қилгани йўқ. Чунки халқимиз меҳнатидан, турмуши ободлиги ва фарзандлари камолидан завқ олиб яшайди. Шу йўлда уй қуради, тўй қилади, ниҳол экади. Ҳар куни ҳаёт ташвишлари билан кунни қаритаётган, шундан завқ ва ҳаловат топаётган ҳамюртларимизнинг кундалик ҳаёти бунга далил.

Ўз қарашлари ва мезонларига эга, йўли ойдин, манзили ёруғ халқ карвонини ҳеч қандай куч чалғитолмайди. Зотан, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ­халқимизнинг қалбида не-не авлодлардан мерос енгилмас куч — маънавият бор.

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.