29.01.2013

САЙЛОВ ЖАРАЁНИ ДЕМОКРАТЛАШУВИНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТЛАРИ

Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш, сайлов тизимини либераллаштириш мақсадида соҳага оид қонунчилик изчил ва босқичма-босқич ривожлантирилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борада янги даврни бошлаб берди.

2012 йил 19 декабрда ушбу Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилган «Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мух­бири Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек АБДУСАЛОМОВ билан мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сайловларбу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нор­маларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини на­моён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқару­видаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир, — дейди М.Абдусаломов. — Шу боис мамлакатимизда самарали, демократик сайлов тизимини ривожлантиришга қаратилган чуқур ўз­гаришлар амалга оширилмоқда.

2012 йил 19 декабрда қа­бул қилинган «Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимча­лар киритиш ҳақида»ги қо­нун сайловларни янада либераллаштириш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, фу­қароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ва мустақил билдириши учун янада қулай шарт-шароит яра­тади.

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳу­дудий сайлов комиссияларининг аъзолари, вазирликлар ва идоралар, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва сайлов ҳуқуқи соҳаси бў­йича хорижий мутахассис-олимлар иштирокида кенг муҳокамадан, халқаро экспертизадан ўтказилди. Жум­ладан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси ва Евро­пада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Демокра­тик институтлар ва инсон ҳу­қуқлари бўйича бюро­сининг биргаликда тақдим қилган хулосасида қонунга ижобий баҳо берилди.

Янги қонуннинг ўзига хос жиҳатлари, аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.

Қонуннинг асосий мақсади сайловнинг ошкорали­ги ва очиқ-ойдинлиги прин­ципларини мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, ун­да овоз бериш кунига қа­дар қолган уч кун ичида, шу­нингдек, овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқи­қотларни чоп этишга, шунингдек, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан интернетга) жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги каби ян­ги меъёрлар ўз ифодасини топган.

Илгари бундай меъёр фақат «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунда мавжуд эди. Ушбу норма янги қонундаги муҳим янгиликлардан бири бўлиб, моҳият-эътибори билан сайловчи­ларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, муайян номзодга нисбатан нохолис, янглиш муносабатни ҳамда сайлов қонун ҳужжатларининг бузилиши эҳ­тимолини истисно этиш имконини беради.

Яна бир эътиборли жиҳатэндиликда кузатувчиларга Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш бўйича конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Ушбу ҳуқуқий механизм парламент қуйи палатаси депутатлари сайловининг ошкоралиги ва очиқ-ойдинлигини таъминлайди.

Айбдорлик масаласи судда ҳал этилмаган ёки турли сабаблар билан эҳтиёт чораси сифатида қамоқда вақтинча ушлаб турилган шахслар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга. Уларнинг ушбу ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида қонунга қамоқда сақлаш жойларида ҳам сайлов участкалари ташкил этилиши тўғрисидаги норма киритилди. Бу қўшимча мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципига амал қилишнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Янги қонуннинг қайси жиҳатлари сайлов жараёнида очиқ-ойдинлик ва холисликни таъминлашга хизмат қилади?

Маълумки, сайловнинг натижасида сайловолди ташвиқоти муҳим ўрин тутади. Сайловолди ташвиқоти тўлақонли ўтказилса, сайловчи ўз нуқтаи назарини белгилашга қийналмайди. Шунинг учун янги қонунда сайлов­олди ташвиқоти билан боғлиқ масалаларга кенг ўрин берилган. Аввалги қонун меъёрларида сайловолди ташвиқоти ўтказиш тартиби умумий асосларга кўра акс эттирилган бўлса, энди «сайловолди ташвиқоти» тушунчасига алоҳида таъриф берилиб, унинг турлари, шакллари, усуллари аниқ баён этилди.

Қонунда мустаҳкамлаб қўйилганидек, сайловолди ташвиқотисайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий пар­тияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Бу жараён Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Уни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизмат кўрсатиш, шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Ташвиқотдан мақсадномзодга овоз беришга даъват этиш. Бунда сиё­сий партиянинг дастури ёки сайловолди платформаси, депутатликка номзод тўғрисидаги ахборот тарқатилади. Омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари ўтказилади. Сайлов жараёнларида сиёсий партия, депутатликка номзод тўғрисидаги роликлардан фойдаланилади.

Сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш ҳам қонун билан алоҳида тартибга солинди. Бу борада давлат томонидан депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, депутатликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Сайловолди ташвиқоти сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бош­қа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали ҳам олиб борилиши мумкин. Бу жараёнларда ҳам сайлов иштирокчиларига тенг шароитлар яратилади.

Янги қонунга кўра, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга илгари жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари сайловга бир кун қолганда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйилади.

Тараққий этган давлатлар қонунчилигида мавжуд бундай норманинг қонунчилигимизга киритилиши сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳлигини аниқлаб олиш, ким ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча имконият яратади. Шунингдек, бу овоз бериш куни арафасида турли суиистеъмоллик ҳолатлари ва қонун бузилишларининг олдини олади.

— Қайси ҳолларда муддатидан олдин овоз берилади ва бу жараён қандай амалга оширилади?

— Сайлов куни айрим фуқаролар хизмат сафари, таътил ёки бошқа юмушлар сабабли ўз яшаш жойида бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда уларга муддатидан олдин овоз бериш учун шарт-шароит яратилиши сайлов ҳуқуқи кафолатларидан бири ҳисобланади.

Қонун асосида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши вақти ва тартиб-таомиллари аниқлаштирилгани ана шу мақсадга хизмат қилади. Энди муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганда бошланади ва сайловга бир кун қолганда тугалланади. Уни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланиб, сайловчилар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Бунинг учун сайловчи ўз яшаш жойида бўла олмаслиги сабаблари кўрсатилган ариза асосида участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Уни тўлдириш учун сайловчига қонунда белгиланган ша­роитлар яратиб берилади. Сайловчи варақани тўлдиргач, уни конвертга солади ва ёпиқ ҳолда сайлов комиссиясига топширади.

— Янги қонун Марказий сайлов комиссияси зиммасига қандай вазифалар юклайди? Бу борада қандай ишлар амалга оширилади?

— Ҳар бир қонун ижроси ундан аҳо­лининг хабардорлик даражасига боғлиқ. Шу боис Комиссиямиз сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, адлия органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда жойларда ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик эътиборига етказишга қаратилган тадбирлар ўтказишни мақсад қилган.

Бундан ташқари, сайлов ташкилотчилари ва сиёсий партияларнинг маҳаллий органлари, оммавий ахборот воситалари ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари учун сайлов қонунчилигига амал қилиниши масалалари юзасидан минтақавий семинар машғулотларини ўтказиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, сайлов қонунчилигига киритилган янги нормалар сайлов кампанияси мобайнида сиёсий партияларга ва депутатликка номзодларга тенг шарт-ша­роитлар яратиш механизмларини ривожлантириш билан бир қаторда фуқароларга ўз сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишлари учун ҳуқуқий кафолатлар таъминланиши янада мус­таҳкамланди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ошкоралик ва очиқлик принципларининг янада мустаҳкамлангани мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи эркинлиги принципининг тўлиқ жорий этилиши ва сай­лов жараёнининг янада демократлашувига хизмат қилади.

ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.