29.01.2013

НАМУНАВИЙ УЙ-ЖОЙЛАР

одамлар кўнглини яшнатиб, турмушини обод қилмоқда

Юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутадиган сурхон воҳаси аҳолисининг асосий қисми қишлоқларда яшайди. Бугун ана шу қишлоқ одамларининг турмуш тарзи, уларга яратилган шарт-шароит ва қулайликлар тўғрисида ўзгача бир ғурур ва ифтихор билан ҳикоя қилиш мумкин.

Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қишлоқ аҳли манфаати йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. Тан олиш керак, бугун юртимизнинг энг чекка қишлоқлари, маҳаллалар чин маънода янгиланиб, кўркамлашиб бормоқда. Ажиб бир меҳр-эътибор билан барпо этилаётган уй-жойлар одамлар кўнглини яшнатмоқда, турмуши обод бўлишига хизмат қилмоқда.

— Бугун нафақат шаҳарларга туташ манзилларда, балки энг олис қишлоқларда бўлган киши ҳам бун­ёдкорлик ва ободончилик ишларидан фахрланади, — дейди вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси Орзуқул Соатов. — Мен йиғилишларда бу ишлар халқимизга бўлган чинакам ғамхўрликнинг амалий ифодаси, Мустақиллик шарофати эканини кўп гапираман. Бу уйлар қишлоқ одамлари ҳеч кимдан кам бўлмай, муносиб яшаши учун барпо этилмоқда.   

Дарҳақиқат шундай. Қарор чиққанининг дастлабки йили Жар­қўрғон, Термиз ҳамда Шеробод туманларида 60 та якка тартибдаги уй-жойга асос солинган бўлса, орадан бир йил ўтиб, бу каби уй-жойларнинг сони яна 660 тага оширилди. Барча туманларда барпо этилган уй-жойлар учун 16 та стационар трансформатор ўрнатилиб, 39 километрга газ, 32 километрга тоза ичимлик суви тортилди. 21 ки­лометр­лик масофага асфальт ётқизилди. Эътиборли томони шундаки, шинам уй-жойлар ёнида замонавий мактаб, болалар спорт майдончаси, қишлоқ врачлик пункти ҳамда турли савдо шохобчалари бунёд этилди.

Аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида қилинаётган бунёдкорликлар натижасида 2011 йилда вилоятдаги 13 та туманнинг 36 та аҳоли массивида яна 675 та турар-жой биноси қад ростлади. Ўтган 2012 йилда эса 680 та намунавий уй-жойга асос солиниб, Президентимиз ташаббуси билан тўрт сотихлик ер майдони олти сотихга оширилди. Бунинг учун дастлаб қишлоқ ва ўрмон хўжалиги фондига кирмайдиган ерлардан 106,0 гектар ер майдони ажратилди. Буюртмачи «Қиш­лоқ қурилиш инвест» компанияси томонидан барча зарурий ҳужжатлар ишлаб чиқилгач, 680 та уй-жой қурилиши учун талаб этиладиган маблағнинг 25 фоизи, яъни 19 миллиард 200 миллион сўмдан иборат дастлабки тўловлар ҳамда банк томонидан ажратилган 42 миллиард 800 минг сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар жамғарилди. Туну кун қилинган самарали меҳнат туфайли қисқа муддат ичида бири-биридан кўркам, замонавий турар-жой бинолари бунёд этилди.

Уй-жойлар қурилиши учун танланган 21 та массивда жами 28 та ижтимоий инфратузилма объектлари барпо қилинди. Жумладан, 7 та маҳалла гузари, 7 та савдо мажмуаси, 3 та бозорча, 7 та нон ишлаб чиқариш цехи, 3 та маиший хизмат кўрсатиш уйи ва 1 та мини банк биноси қурилди.

Истиқлол берган имконият шарофати билан бунёд этилган бундай уй-жойларга шу кунгача кўчиб ўтган 1 минг 400 нафардан ортиқ оиланинг қувончи чексиз.

— Термиз туманидаги «Янгиобод» маҳалласида пахса деворли паст­қам уйда истиқомат қилиб келардим, — дейди Мўмин Шоймардонов.

— Ўтган йили 5 хонали янги уйга кўчиб ўтдик. Очиғи, ҳайратдан лолман. Қаранг, уйни қуришда ҳатто шамолнинг йўналишидан тортиб, ёз ва қиш ойларидаги иссиқ ва совуқ ҳаво оқимининг хоналарга таъсир кучигача инобатга олинган. Йўл ва йўлаклар, машина қўйиш учун гараж, болалар майдончаси,  тандирхона — ҳамма-ҳаммаси ҳисобга олинган. Илгари шаҳарликларнинг шунга ўхшаш уйларда яшаётганларини кўриб ҳавас қилардик. Бироқ, ўшанда ҳатто уларга ҳам бу қадар шароит яратилмаган эди.

— Қурувчи бўлиб ишлайман, — дейди яна бир суҳбатдошимиз ­Комил Рамазонов. — Узоқ йиллардан бери Термиздаги кўп қаватли уйлардан бирида яшаб келардик. Тор ва ҳаминқадар хоналардан кенг ва шинам, бунинг устига ер майдонига эга уй-жойга кўчиб ўтишимиз ҳаётимиздаги энг бахтли кунларимиздан бири бўлди. Айниқса, каталакдай хоналарда қисилиб, яшаётган тўрт нафар фарзандимизнинг қувончини кўрсангиз эди. Шинам меҳмонхона, айвон, катталар ва болалар учун алоҳида-алоҳида хоналар, ошхона, гулу гулзорга бурканган ҳовли, очиғи, таърифлашга ожизман.

Қурилиш кўламининг кенгайиши маҳаллий хомашёдан унумли фойдаланиш, сифатли ва арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни тақозо этади. Шу мақсадда вилоятда замонавий ускуналар билан жиҳозланган 35 та ғишт заводи ишга туширилди. Ўтган йили мазкур корхоналар томонидан уй-жой қурилишлари учун 36,7 миллион дона сифатли пишиқ ғишт етказиб берилди.

Шунингдек, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган кредит маблағларининг 30 миллиард сўмдан ортиғи ўтган йили қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кичик корхоналарни модернизациялашга йўналтирилди. Натижада «Марат Максим» хусусий корхонаси жамоаси ҳам уй-жой қурилиши учун бетон блоклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ўтган йили 13 та йирик темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 19040 тонна ҳар хил ўлчамдаги темир-бетон маҳсулотлари етказиб берилди.

Бунёдкорлик жараёнини йўлларсиз ёки замонавий инфратузилмасиз тасаввур этиш қийин. Ана шу мақсадда 1 миллиард 958 миллион 400 минг сўм эвазига 26,4 километр ички йўллар қурилди. 2 миллиард 800 минг сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига 49,1 километр масофага тоза ичимлик суви келтирилди. Шунингдек, 24 та ичимлик сув минораси қурилиб, 10 та ичимлик суви қудуғи қазилди. 19 та қудуқни реконструкция қилиш ҳамда 20 та янги насослар ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

«Ўзтрансгаз» АК томонидан 12,97 километр масофага газ тармоқлари олиб ўтилган бўлса, 11,7 километр масофага газ тарқатувчи тармоқлари тортилди. 36 та газ тақсимлаш шохобчалари ўрнатилди. Шунингдек, электр энергия таъминоти бўйича ҳам режадаги ишлар бажарилди.

Воҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами Обод турмуш йилида ҳам кенг миқёсда давом этмоқда. Шу кунларда яна 810 та ана шундай замонавий уй-жойни қуриш ишларига киришилди. Хусусан, Термиз шаҳридаги «Навоий» кўчасида бунёд этилаётган икки-уч қаватли уйлар шаҳар кўринишига ўзгача зеб бермоқда. Бу ерда биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатишга мўлжалланган 253 та хонадондан иборат 11 та  кўп қаватли уй барпо этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундай бунёдкорликлар вилоят аҳлини қувонтирмоқда, эртанги кунга ишончини ошириб, ғайратига-ғайрат қўшмоқда.

Абди Қодиров,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.