Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
25.01.2020

Азму шижоатли халқимиз тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.

Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, нодавлат ташкилотлар фаоллари, жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг телерадиоканаллари, шунингдек, ҳудудий ва нодавлат телеканаллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида янгилик бўлган бундай тадбир илк бор 2017 йил 22 декабрда ўтказилган эди. 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга иккинчи Мурожаатнома тақдим этилди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган мазкур дастурий маърузаларда мамлакатимизни тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини ошириш, жонажон Ўзбекистонимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга қаратилган кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган ва ушбу маърузалар халқимизда, жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотган эди.

photo5285241447580282258.jpg

Бу галги Мурожаатномада ҳам ўтган йилда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди, жорий ва келгуси 5 йилга мўлжалланган истиқболли режалар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.

Президентимиз жонажон Ўзбекистонимиз янги ўн йилликка қадам қўйгани, эришилган натижаларимиз тарихга айланиб, эндиликда олдимизда янги-янги ўзгаришларни амалга ошириш, бундан-да улкан марраларни эгаллаш бўйича вазифалар пайдо бўлаётганини таъкидлади.

Маълумки, 2019 йил Президентимиз таклифи билан мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинган эди. Замон шиддат билан ўзгариб, дунё миқёсида манфаатлар кураши, рақобат тобора авж олиб бораётган бир пайтда тараққиётимизнинг устувор йўналишлари аниқ-равшан белгилаб олингани самарасида ўтган йилги натижалар ҳам салмоқли бўлди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатбардошликни кучайтириш дастурлари жадал амалга оширилгани натижасида иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди.

Халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этди, шаҳар ва қишлоқлар ободлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бизнесга шарт-шароит кенгайди, янги тартиб-таомиллар жорий қилинди. Бу ташаббуслар туфайли тадбиркорларнинг манфаатдорлиги ортди. Натижада Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича 190 та мамлакат орасида 8-ўринни эгаллади ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди. Бундай ютуқларни яна кўплаб келтириш мумкин.

photo5285241447580282257.jpg

Таълим мазмунини тубдан ўзгартиришга қаратилган изланишлар давом эттирилди. Соғлиқни сақлаш, кам таъминланган аҳоли қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш, уй-жой қуриш қамрови кенгайди. Бир сўз билан айтганда, барча соҳадаги ислоҳотлар, аввало, халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, ҳаётини ўзгартириш тамойили асосида олиб борилди.

Президентимиз янги парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шартлигини таъкидлади.

Ҳар биримиз ишни ана шундай ташкил қилсак, зиммамиздаги масъулиятни тўлиқ ҳис этиб, виждонан ишласаккина халқимизнинг ишончини оқлаймиз, меҳрини қозонамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришдек олий мақсадга эришиш учун барча соҳадаги ислоҳотлар илм-маърифат ва инновацияга ёндашган ҳолда амалга оширилмоқда. Мурожаатномада илм-фанни ривожлантириш, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тайёрлаш орқали мамлакатни юксалтириш стратегик мақсадимиз бўлиб қолиши таъкидланди.

photo5285030380002454833.jpg

Шу мақсадда Президентимиз таклифига мувофиқ, 2020 йил – мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифи тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Президентимиз депутат ва сенаторларга, уларнинг тимсолида бутун халқимизга Мурожаатида мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар ҳеч қачон ортга қайтмаслигини таъкидлаб, янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги улуғвор мақсадларни баён этди, 2020 йилда илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб берди.

Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни пухта ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради, деди Шавкат Мирзиёев.

Мурожаатномада буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган азму шижоатли халқимиз бир тану бир жон бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилса ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир экани қайд этилди.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз Президентимиз бошчилигида маррани баланд олди. Мамлакатимиз тараққиёт йўлининг янги даврига қадам қўйди. Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш ижроси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаради, халқимизга муносиб ҳаётни барпо этишда пойдевор бўлиб хизмат қилади.

photo5285030380002454832.jpg



Матназар ЭЛМУРОДОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: