29.01.2013

ТИНЧЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ФАРОВОН ҲАЁТ ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА

Дунёнинг турли мамлакатлари ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва академик доиралари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг давлатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 21 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам  табриги тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини мамлакатимизнинг хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган дипломатия ваколатхоналарига маълум қилмоқдалар.

Александр Синайский, МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Кенгашининг котиби:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур байрам табригини алоҳида диққат-эътибор билан ўқиб чиқдим. Мазкур табрикда янги ташкилий-штат тузилмаларини, ҳарбий бошқарув тизимларини, турли қўшин турлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш механизмларини шакллантириш бўйича кўлами ва маъно-мазмунига кўра, улкан ва беқиёс ишларга оқилона баҳо берилиб, Ўрта Осиёдаги минтақавий хавфсизликка таҳдид солиб турган муаммолар батафсил таҳлил қилинган.

Қуролли Кучларни модернизациялаш Ҳамдўстликнинг барча давлатлари учун биринчи даражали вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги муваффақиятлари ҳам илмий-назарий, ҳам амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга моликдир.

Эммануэль Дюпюи, Европада хавфсизлик ва истиқболлар тадқиқот институтининг президенти (Франция):

— Ўзбекистон Президентининг ушбу мурожаатида Ўрта Осиё минтақасидаги барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан ўсиб бораётган таҳдидлардан ташвишланиш ҳақли равишда изҳор этилган.

Мамлакатда ва минтақада барқарорликни сақлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан мудофаа тизимини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган сиёсат умумбашарий хавфсизликни таъминлаш жараёнида муҳим ўрин тутади.

Республика ҳарбий-сиёсий соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларга ва ўзгаришларга баҳо бериш ҳамда уларни таҳлил қилишда, ҳақиқатан ҳам қўшни Афғонистонда можароларнинг давом этаётганини ва 2014 йили бу мамлакатдан халқаро коалицион кучларнинг босқичма-босқич олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ таҳдидларни ҳисобга олиш жоиздир.

Мохд Ридзуан, Малайзия Дипломатия ва халқаро муносабатлар  нститути ўқув бўлими директорининг биринчи ўринбосари:

— Ўзбекистон раҳбари томонидан Қуролли Кучларни такомиллаштириш бўйича узоқни кўзлаган чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда қуролли кучларни модернизациялаш ва уларнинг жанговар тайёргарлигини, мамлакатга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузга ўз вақтида ва муносиб зарба бериш қобилиятини оширишни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ҳозир Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари Ўрта Осиё минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг кафолатларидан бири саналади, чунки улар диний экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик сингари трансчегаравий муаммоларнинг тарқалишига қарши курашда ишончли тўсиқ бўлиб хизмат қилмоқда.

Саураб Кумар Шоҳи, «The Sunday Indian» ижтимоий-сиёсий  журналининг халқаро шарҳловчиси (Ҳиндистон):

— Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армияни шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Натижада бугун Қуролли Кучлар мамлакат мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатига айланди.

Ўзбекистон раҳбарининг байрам табригида Афғонистондан халқаро коалицон қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ таҳдид ва муаммолар холисона таҳлил қилинган. Чегарага яқин ҳудудларда бузғунчи тўдалар ва қўпорувчи-террорчи гуруҳларнинг фаоллашуви, ижтимоий-иқтисодий муаммолар, сиёсий ва миллатлараро зиддиятларнинг кескинлашиб бораётгани ҳақида фикр юритар экан, Президент Ислом Каримов мамлакат сарҳадларига бевосита яқин ҳудудларда юзага келган мураккаб вазият кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этаётганини таъкидлайди.

Артур Гашенко, «Украина-Ўзбекистон. Дўстлик ва ҳамкорлик кўприклари» лойиҳасининг раҳбари:

— Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтгани баробарида олиб борилган изчил ислоҳотлар туфайли бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, ўзига юклатилган вазифаларни тўла-тўкис равишда бажаришга қодир армия сифатида ўзини намоён этмоқда. Шу билан бирга, Қуролли Кучлар Бош Қўмондони ўзининг байрам табригида Ватан ҳимоячиларида юксак маънавий фазилатлар, мустаҳкам ирода, мамлакат тақдири учун масъулият ҳиссини камол топтириш, ҳарбий жамоаларда соғ­лом ахлоқий-руҳий муҳитни шакллантиришга қаратилган тарбиявий ишлар тизимини тубдан яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратган.

«Жаҳон» АА



DB query error.
Please try later.