29.01.2013

ЎЗБЕКИСТОН — ЧЕМПИОНЛАР МАМЛАКАТИ

Ҳар биримизда ғурур туйғуси бор, лекин бу туйғуни амалий ишлар билан янада мустаҳкамлаш керак

Қаҳрамонимиз ҳар куни пойтахтимизнинг Алишер Навоий кўчасида янги қурилган муҳташам уйлардаги хонадонларнинг биридан чиқиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган «Ласетти» автомашинасига ўтириб, кундалик ишларини бажаришга отланади. Буларнинг асосийси эса – спорт машқлари. Унинг ҳаётида спорт билан шуғулланишдан ва спорт ғалабаларидан муҳимроғи бўлган эмас. Ҳаётидаги энг қувончли дақиқалар ҳам спортга боғлиқ.

Ўзбекистоннинг фахри — дзюдо бўйича икки марта жаҳон чемпиони, 2008 йилдаги Пекин ва 2012 йил Лондондаги ёзги олимпиадалар ўйинларининг бронза медали совриндори Ришод Собиров янги 2013 йилни оиласи билан янги уйда кутиб олди. Унинг қувончига ота-онаси, қариндошлари, ҳамқишлоқлари шерик бўлишди.

Айниқса, чемпионнинг онаси, ўттиз йил давомида бошланғич синф­ ўқувчиларига дарс бериб, алифбони ўргатган, ҳозирда пенсионер Гул­нора Раҳматованинг қувончу ифтихори чексиз. Ришод эришган бу ғалабаларда, албатта, ота-онасининг тўғри тарбияси, эзгу ниятлари ва мададларининг ўз ўрни бор.

— Фарзандларимизга болалигидан спорт тўгараклари ва стадионга борадиган йўлни кўрсатдик, — дейди чемпионнинг отаси Рашид ­Собиров.

Боболари полвон ўтган эмасми, Собировлар хонадонининг тўрт фарзанди ҳам кураш тушишнинг ҳадисини олган, тўй-томошалардаги беллашувлардан совринсиз қайт­маганлар. Уларнинг орасида фақат ­Ришод профессионал спортчи бўлиб етишди. Олот туманидаги спорт мактабида таълим олаётганидаёқ ўзининг катта-кичик ютуқлари билан устозлари ва ота-онасини хурсанд қилди.

— Турли даражалардаги спорт мусобақаларида ўғлим иккинчи ёки учинчи ўринни олиб қолса, дарҳол мураббийлар олдига бориб боламнинг хатоси нимада эканлигини билишга ҳаракат қилардим, — дейди Гул­нора Раҳматова.

— Бу спорт, ғалабадан ғурурланишни билганингиздек, мағлубиятни тан олишни ҳам ўрганишингиз керак, — деб жавоб беришган шунда улар.

 Аммо ғалабага эришиш учун яратиб қўйилган шундай имкониятлардан кейин мағлубиятдан хижолат бўлади киши.

 Гулнора Раҳматова бу имкониятларни санайди. Аввало, Олот спорт мактабидаги таълим туфайли ­Ришодда спортчи сифатида ўзига ишонч туғилди. Кейинчалик эришган ғалабаларининг маънавий ва моддий рағбатлантирилиши билан эса ишончнинг ёнига масъулият юки ҳам қўшилди.

 Ришод жаҳон чемпиони бўлганида унга давлатимиз томонидан берилган «Эпика» автомашинасини отасига совға қилди. Пекин олимпиадасида бронза медални қўлга киритганда берилган 75 минг АҚШ доллари ҳисобидан Тошкентда уй-жойи шароитини тўғрилаб олди.

 — Юртбошимизнинг оддий деҳ­қон билан ҳам, аскар йигит билан ҳам дилдан гаплашиб, ҳол-аҳвол сўраши, ҳаёти билан қизиқишини кузатиб ҳавас қилардим, — дейди Гулнора Раҳматова. — Бундай эътиборни, унинг натижасини шахсан ўзимнинг ҳаётимда ҳис қилдим.

 Бу эътибор фақат Собировлар оиласининггина эмас, уларнинг ҳамқишлоқларининг ҳам тақдирида муҳим ўрин тутса ажаб эмас. Қишлоқларида кичкина болакайлар ҳам уни кўришса, чемпион Ришод Собировнинг онаси, деб олдига югурадиган бўлишди, опа ҳам уларни қучиб, пешонасидан ўпиб қўяди. Ота-оналар эса қандай қилиб чемпионни тарбиялаш мумкин, деган савол билан мурожаат қилишади.

 — Бу жуда оддий ва осон — болалар спортини ривожлантириш учун яратилган шароитларни кўра олинг ва улардан тўлиғича фойдалана билинг, — деб жавоб беради уларга чемпионнинг ота-онаси.

 Кейин эса жараён давом этаверади — ғалаба нашидасини бир бор тотиб кўрган спортчи ана шу ҳаяжонли дақиқаларни яна бошидан кечириш учун интилади.

— Халқаро мусобақаларда ватандошимиз ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон мадҳияси янграганда юртидан ифтихор ҳисси бўлган ҳар бир юртдошимиз ҳаяжонланиб, кўнглида ғурур уйғонади ва кўзларига ёш келади. Шоҳсупада турган спортчининг ўзи қандай кечинмаларни ҳис қилади, — сўраймиз Ришоддан.

— Ўша ҳаяжонли дақиқаларда энг аввало кўз олдимга Президентимиз келади. Бизнинг ютуқларимиздан энг кўп у киши қувонади. Мен мана шу ишончни оқлаш учун курашаман. Ва шоҳсупада туриб Ватан байроғи олдида янги-янги ғалабалар ҳақида ўйлайман, ҳаяжонланаман ва нав­батдаги ғалабани кўнглимга тугаман, — дейди у.

 Ҳозир Ришод ана шу ғалабаларга эришиш учун Ўзбекистоннинг дзюдо бўйича бош мураббийи Андрей Штурбабин бошчилигида шуғулланяпти. Машқлар эса яқинда фойдаланишга топширилган, энг замонавий стандартлар талабида қурилган ва жиҳозланган Осиё дзюдо марказида олиб борилади. Марказнинг тренажёр залидаги жиҳозларни санамоқчи бўлсангиз ҳисобдан адашасиз, меҳмонхона ва дам олиш хоналаридаги шароитлар кўзни қувонтиради.

 — Янги очилган бу марказ ҳақида эшитиб, уни кўришга келгандим, — таассуротларини бўлишади спорт фахрийси Маъруф Маҳмудов. — Тўғрисини айтсам, бугунги ёшларга жуда ҳавасим келади. Спортчиларга Юртбошимиз томонидан бўлаётган эътибор, ғамхўрлик, маънавий ва моддий рағбатлантириш, элнинг ҳурмати уларнинг халқаро ареналарда эришаётган муваффақиятларининг асоси бўляпти. Зеро, бу спортчининг янги ғалабаларга эришиши учун имконият яратибгина қолмай, унинг ғалабалари мамлакат учун, халқ учун кераклигини чуқур ҳис қилишига сабаб бўлади.

Фахрий спортчи самбо бўйича собиқ иттифоқ кубогини қўлга киритганида қандай тақдирланганини эслайди — унга муҳандиснинг бир ойлик маоши — 170 сўм миқдорида мукофот беришганди.

 2011 йил Парижда бўлиб ўтган анънавий «Катта дубулға» турниридан сўнг «L’esprit du judo» журнали жаҳон дзюдосининг янги юлдузи — Ришод Собиров билан суҳбатлашди.

 Журналнинг олимпиада ва жаҳон чемпионатларидаги муваффақияти сабаби ҳақидаги саволига спортчимиз шундай жавоб берди:

 — Мамлакатимиз Президенти ­Ислом Каримов спортни ривожлантиришга катта эътибор бераяпти. Мен ва юртдошларим қўлга киритаётган ғалабалар замирида мана шу ғам­хўрлик ётади. Ўзбекистон ёшларининг бир вакили сифатида нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиш ва Ватаним шаънини ҳимоя қилиш мен учун шарафдир.

 Лондон Олимпиадасида мамлакатимиз жамоаси ҳисобига биринчи медални Ришод Собиров олиб келди. Бронза бўлса ҳам бу биринчи медаль эди, миллионлаб ўзбекистонликлар кўз тикиб кутаётган медаль эди. Шундан кейин спортчиларнинг ҳам, мухлисларнинг ҳам, ойнаи жаҳон қаршисида михланиб, яхши хабар кутаётган ватандошларимизнинг ҳам руҳи кўтарилди.

 Аммо ҳамма — ота-онаси ҳам, мураббийлар ҳам, мухлислари ҳам ундан олтин медаль кутаётган эди.

Президентимиз Лондон олимпиадаси ғолибларини қабул қилганида Ришод унга кўнглидаги гапни айт­ди:

— Сиз бағрингизга босган спортчилар олтин медаль олишяпти...

 Президент уни бағрига босди.

 — Бу менга катта масъулият юклайди. Мен, албатта, Олимпиада олтин медалини олишим керак, — дейди Ришод.

— Боламни ўз боласидай бошини силагани учун, унга кўпдан-кўп мукофотлар бергани учун Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат, — дейди Гулнора Раҳматова. — У кишининг барча ишонч­ларини Ришод албатта оқлайди. Менинг она кўнглим буни ҳис этмоқда. Бугун ўғлим Президентнинг совғаси бўлган машинада юради, Президент совға қилган уйда яшайди. Бундан ортиқ бахт борми дунёда!

Мен мамлакатимиздаги барча оналарнинг фарзандлари чемпион бўлишини, Ўзбекистон номини, байроғини баланд кўтаришларини истайман. Бугун икки набирам полвон, мен уларнинг жаҳон чемпиони бўлиши учун ҳаракат қиляпман. Бунинг учун эса барча имкониятлар бор. Болалар спортига берилаётган эътибор туфайли эртага Ўзбекистон чемпионлар мамлакатига айланади.

Фарруҳ Ҳамроев,

Шарофат ЙЎлдошева,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.