Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
21.01.2020

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА БАРЧА МАСЪУЛ

Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли яшашини таъминлашдан иборатдир.

Оилаларнинг, айниқса, ёш оилалар бахтли яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш, турли ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар бериш орқали қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўта муҳим бўлиб, келгусида ўз ижобий натижасини бериши шубҳасиз.

Аммо таъкидлаш керакки, инсоннинг бахтли яшаши фақат моддий таъминот билангина ўлчанмайди. Ҳаётий мисоллар,  таҳлилларга суяниб айтадиган бўлсак, бахтли яшашнинг яна бир энг муҳим омили — маънавият, ахлоқ масаласидир.

Зеро, адиб Тоҳир Малик қайд этганидек, «... бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ»дир.

Дарҳақиқат, оиласидан ажрашиб, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан жудо бўлган бой одамни бахтли деб бўлмаганидек, камхаржроқ бўлса-да оиласи, фарзандлари қобил, ўзаро меҳр-муҳаббатли оила  аъзоларини бахтсиз, дея олмаймиз.

Айни пайтда  турмушда дуппа-дуруст ака-ука, ота-бола ёки эр-хотин ўртасида турли низоларнинг вужудга келаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши.  Ҳатто, ўзаро низолашув натижасида бири иккинчисининг жонига қасд қилиш,  бир сиқим пул эвазига ўз фарзандидан воз кечиб, гўдагини  тирик етим қилиш ҳоллари ҳам одатга айланиб бормоқда. Буларнинг асл сабаби нимада, нега бағрикенгликда оламга ибрат бўлган халқимиз орасида бундайлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда?!

Мулк илинжида “бой ўғил”нинг ўз отасини руҳий касаллар шифохонасига жойлаштирганини, шифохонадан чиққач, бир хонали уйда бошқа фарзанди (қизи)га кўрсатмасдан сақлаганига ёки бошқа бир “бой ўғил”нинг бир нечта уйи бўла туриб, ўз онасини уйдан ҳайдаб юборганини қандай тушуниш лозим? Булар ақл бовар қилмайдиган ишлар, тўғрими? Аммо, минг афсуски, бу каби жирканч ҳодисаларга кам бўлса-да дуч келяпмиз.

Ёки ҳавас қилса, арзигудек турмуш ўртоғи, фарзандлари бўла туриб, уларни тарбиялаш, йўлга солиш, уйлантириш-узатиш каби  фараҳли ташвишлар билан яшаш ўрнига, оиласини сабабсиз ташлаб, ўзи бошқасига уйланиб кетган отага, оиласига хиёнат қилиб, фарзандларини  хору зорликка ташлаб,  бошқа эрнинг этагини тутиб кетаётган, “она” деган мўътабар номга  номуносиб аёлни ким деб аташ мумкин?! 

Нега оила аъзоси бўлган эр-хотин ёки фарзандлар ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётига якун ясамоқда? Оилавий низоларнинг бу каби  оқибатларига нималар  сабаб бўлмоқда?

Ушбу саволларнинг биронтасига сабаб моддий томонда деб жавоб бера олмаймиз ва шунингдек, муаммони моддий жиҳатдан, яъни пул ва бойлик билан ҳал этиб ҳам бўлмаслиги барчага аён. Ахир Иккинчи жаҳон уруши йилларида, аҳоли оч-наҳор қолганида ҳам бу каби қабиҳликларга борилмаган эди-ку!  Буларнинг бари омма орасида кенг тарқалиб бораётган маънавий инқирознинг оқибатларидир.

Такрор бўлса-да, таъкидлаш лозим. Муаммо бой ўғилнинг маънавий қашшоқлиги, яъни унинг ўз вақтида олмаган меҳри ва тарбиясидаги бўшлиқда, ажрашаётган ота-онанинг масъулиятсизлигида, бир сўз билан айтганда, бош масала шахс маънавияти ва ахлоқи  билан боғлиқ эканлигидадир.

Ҳеч кимга сир эмас, жамиятда маълум бир масалада ўзгаришга эришишда жамоатчиликнинг фикри, муносабати ва саъй-ҳаракати жуда муҳим омил ҳисобланади. 

Оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, ота-оналар масъулияти ва оиладаги муносабатлар масаласига, айниқса, муаммоли, нотинч оилалар билан ишлашга хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар ташкилоти вакиллари – кенг жамоатчилик томони-дан алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Тўғри, бу бирдан ҳал бўлиб қоладиган масалалар эмас. 

Шунинг учун фикримизча, биринчидан, мустаҳкам, рисоладагидек оилалар вужудга келиши масаласига доимий эътибор қаратиш, лозим бўлса, вақтинча, аҳоли орасида ушбу масалада қатъий тўхтамга келингунга қадар хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда маҳалла фаоллари ва бошқалар томонидан жиддий жамоат назорати ўрнатилиши керак.

Бунда асосий эътиборни мактаб ва Олий ўқув юртларида ёшлар маънавиятини шакллантириш ҳамда уларни оилага тайёрлаш масаласига қаратиб, айни пайтда бу борада олиб борилаётган ишлар, дарсларни таҳлилий ўрганиб, уларни такомиллаштириш борасида тегишли чоралар кўриш керак.

Шунингдек, масалан, ФХДЁларда оила қуриш истагида мурожаат қилган ёшлар билан ишлаш тартибини йўлга қўйиш, керак бўлса, бунинг учун ФХДЁ масъулиятини ошириш, уларга қўшимча ваколатлар бериш, дин идоралари вакиллари иштирокида ёшларга амалдаги оила қонунчилиги талаблари билан биргаликда, шариат  қоидалари, хусусан, эр-хотинлик, эр-хотиннинг бурчи, хотиннинг эрдаги ҳаққи, эрнинг хотиндаги ҳаққи, уларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги бурчи масалаларини батафсил тушунтириш, турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар бу масалада бирор тўхтамга келгандан сўнг уларнинг никоҳ тўйларига оқ йўл тилаш ва бу борада  дуч келиниши мумкин бўлган барча қийинчиликларга ҳамжиҳатлик билан барҳам бериш лозим. Чунки оила ҳамон жамиятнинг бир бўлаги экан, унинг соғлом бўлиши ҳам жамият аъзоларининг Ватан манфаати, миллат тақдири олдидаги муқаддас бурчига айланиши керак!

Иккинчидан,  омма орасида одоб-ахлоқ, нафс тарбияси, яхшилик ва ёмонлик, гуноҳ ва савобнинг сифатлари ҳамда инсон ва унинг масъулияти борасида тегишли мутахассислар, адиблар, олим ва файласуфлар, имом-хатиблар иштирокида кенг қамровли ва тизимли ҳамда таъсирчан тарбиявий иш олиб бориш лозим кўринади ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш керак.

Тинч ва аҳил яшаб, фарзандларини яхши тарбиялаб, умргузаронлик қилиб келаётган ота-оналар, уларнинг ҳаёт йўли ҳамда бошқалар бахти учун холис ёрдам қўлини чўзаётган инсонлар тўғрисида маълумотлар бериб борилиши ҳам жамоатчилик, айниқса, ёшлар маънавияти ва ахлоқига ижобий таъсир этувчи муҳим омил бўлиши мумкин.  

Шунинг учун бугун оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари орқали  жамоатчилик содир этилаётган оилавий низо ва жиноятлардан хабардор қилиб борилаётганлиги каби, оилалардаги ижобий ҳолатларни ҳам ёритиб бориш лозим кўринади. Зеро, ўқувчи, хусусан, ёшларнинг масалага муносабатини шакллантиришда биргина салбий ҳолатларни кўрсатиш эмас, балки ўрнак оладиган ҳолатларни ҳам улар ҳукмига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. Бунда асосий эътиборни оила мустаҳкамлиги нимага олиб келиши, шунингдек, ажралишлар оқибати инсон ҳаётига қандай таъсир этишини аниқ мисолларда, масалан, ажрашган оила аъзолари, ота-она ва фарзандларнинг жиноят кўчасига кириб кетганлиги каби ҳолатларни кўрсатиш лозим ва бу яхши самара бериши табиий.

Нотинч, ажрашиб яшаётган оила аъзолари, уларнинг ота-оналари билан Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан очиқ мулоқот ўтказилиб, аёллар ва вояга етмаган болалар жазо ўташ муассасасидан олинган видеолавҳаларни намойиш этиш, улардан айримларининг тақдирини баён қилиб, ажралиш оиладаги барча муаммолар бошланиши эканлигини тушунтириш орқали республика бўйича минглаб оилаларни тиклашга муваффақ бўлингани бунинг исботидир.

Қачонки оила аъзолари ўзаро тотув ва иноқ бўлса, улар ўртасидаги муносабатлар азалий қадриятларимизга асосланган бўлса, у оила бахтли бўлади ва жамият таянчига айланади, бахтсиз, нотинч-носоғлом оила жамият учун муаммолар манбаидир. 

Муқаддас ҳадисда “Мўминлар бир-бирларини севишда ва бир-бирларига марҳамат кўрсатишда бир тан — бир жонга ўхшайдилар. Таннинг бир аъзоси хасталанган пайтда бошқа аъзолар уни даволашга ҳаракат қилади”, деб такидланади.

Оила бахти – жамият бахти, оила муаммоси – жамият аъзолари, яъни сиз ва бизнинг муаммоимиздир!

Агарда ҳар қандай оила муаммосига  “бу менинг муаммом эмас, менга нима” қабилида эмас, аксинча, “бу бизнинг муаммомиз” деб қарасак, бирини ака, бошқа бирини ука, опа-синглим десак, зарур маънавий кўмак берсак, оиладаги фарзандларни ўз фарзандимиз қаторида кўрсак ва кимгадир моддий ва кимгадир маънавий кўмак қўлимизни чўзсак, адашганга тўғри йўлни кўрсатсак ёки далда берсак, натижа ўта ижобий бўлиши, юқорида қайд этилган, бугун оммавий ахборот воситаларида бот-бот ёритилаётган оилавий низолар, бир-бирини уриб жароҳатлаш, жонига қасд қилиш ҳолатлари, қолаверса, бутун жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кескин камайишига олиб келиши шубҳасиз.

Шунингдек, адиб Тоҳир Малик: “Зиммангиздаги инсоний вазифаларни адо этинг — бахтнинг ўзи сизни излаб топади. Инсоний вазифаларни адо этиш учун эса кучли ирода талаб этилади. Ҳа, бизнинг бахтимиз ўз ҳаётимизни ирода қилувчи ўз иродамизга боғлиқ. Шу боис бахтиёр бўлишни истаган кимса иродасини тарбия қилиши шарт” деб уқдирганидек, ҳар қандай инсон ўз иродасини тарбия қилиши жамиятимиздаги салбий ҳолатларга барҳам бериб, нафақат ўзининг, балки бутун жамият аъзоларининг бахтли бўлишига олиб келади. Ана шундагина жамият аъзоларининг бахту саодати йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган улкан ишларга ҳамоҳанг иш олиб борган, жамият олдидаги бурчимизни мукаммал бажарган бўламиз.

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Олий суд раиси ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: