26.01.2013

ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИНИНГ РЕСПУБЛИКА КОНФЕРЕНЦИЯСИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Азиз опа-сингиллар, муҳтарама аёллар!

Авваламбор, сизларга – Ўзбекистон хотин-қизлари республика конференциясининг барча иштирокчиларига, сизларнинг тимсолингизда бутун мамлакатимиз аёлларига ўзимнинг чуқур ҳурматимни билдириб, анжуман ишига катта муваффақиятлар тилайман.

Бундан йигирма бир йил олдин ташкил топган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўзининг жойлардаги бўлимлари ва тузилмалари билан бирга ўтган қисқа давр мобайнида, айтиш мумкинки, ўта муҳим ва масъулиятли, улкан вазифаларни амалга оширишда кўпгина ютуқ ва марраларга эришди. Бу ташкилотнинг мамлакатимиз аёлларининг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш борасидаги кўп қиррали фаолияти, жаҳон хотин-қизлар ҳаракатининг эътибор марказида турган долзарб масалаларни ҳал қилишга қўшган ҳиссаси айниқса охирги йилларда унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кучайтиришга олиб келди.

Мамлакатимиз олдида турган устувор вазифаларни амалга оширишда – бу жамиятни демократик янгилаш бўладими, иқтисодиётимизни ислоҳ қилиш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш бўладими, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият соҳаларини ривожлантириш бўладими – буларнинг барчасини мужассам қилиб айтганда, Ўзбекистонимиз эришган ва дунё ҳамжамияти тан олаётган марраларни эгаллаш йўлида бутун халқимиз қатори аёлларимизнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳиссаси борлигини бугун яна бир бор чуқур миннатдорлик билан эътироф этишни зарур деб биламан. Ҳақиқатан ҳам, улар ўзларининг меҳнатсеварлиги, оқилалик ва шукроналик фазилатлари, сабр-бардоши, эртанги кунга ишонч туйғуси билан барча қийинчилик ва машаққатларни енгиб, бошқаларга ўрнак бўлиб келаётганини кўплаб ҳаётий мисолларда яққол кўриш мумкин.

Шу борада ўзимизга мос қадрият ва қарашларимизни ифода этадиган муҳим бир масалага эътиборимизни қаратишни ўринли, деб ҳисоблайман.

Ҳар қайси оилада гўзаллик ва нафосат, меҳр-муҳаббат тимсоли, хонадонларимиз осойишталигининг посбони бўлмиш, бир сўз билан айтганда, оилани оилага, жамиятимизни жамиятга айлантирадиган аёл зотига қанча тасаннолар айтсак, қанча таъзим этсак – барибир барчамиз ўзимизни улар олдида доимо қарздор, деб ҳис қиламиз.

Фақатгина аёл зотига мансуб бўлган мана шундай ноёб, бетакрор хусусият ва фазилатларни таърифлаш ва улуғлаш, уларнинг кундалик турмушимиздаги аҳамияти ва таъсирини кучайтириш, оилаларимизни янада мустаҳкам қилиш, шу аснода ҳаётимизни ҳар томонлама обод, гўзал ва мазмунли этиш – бундай долзарб вазифалар бугунги кунда Хотин-қизлар қўмитаси иш фаолиятида эътибордан четда қолмаслигини истардим.

Такрор-такрор айтишга тўғри келади: ҳозирги вақтда оилани, хусусан, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оғирини енгил қилиш, улар дуч келадиган турли муаммоларни ечиш, зарур кўмак ва ёрдам бериш ҳам ана шу масалаларнинг узвий бир қисми эканини яхши англаб олишимиз лозим.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳар бир ота-онанинг эзгу орзуси бўлган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш сингари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган вазифаларни амалга оширишда хотин-қизлар ташкилотлари ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятининг самарасини янада кучайтиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Муҳтарама опа-сингилларимизнинг ўз билим ва профессионал малакасини, салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари учун, аёлларимиз, ёш қизларимизни айниқса қишлоқ жойларда иш билан таъминлаш, касаначилик, оилавий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар туғдириб бериш бугунги куннинг энг долзарб вазифалари қаторига киради.

Ҳозирги вақтда дунёда ва минтақамизда вазият тобора кескинлашиб, ўзаро қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган бир шароитда оилаларда, маҳаллаларда фаол иш олиб бориш, ёш авлодимизни турли зарарли оқим ва таъсирлардан сақлаш, азал-азалдан халқимизга мансуб бўлган инсоний фазилатларни асраш қандай муҳим аҳамият касб этаётганини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шу борада болаларимизни, айниқса, қиз болаларни соғлом руҳда тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, ҳаётда ўз муносиб ўрнини эгаллашига кўмаклашиш, урф-одат ва маросимларни давр талаблари билан уйғунлаштириш Хотин-қизлар қўмитаси, унинг жойлардаги вакиллари ва фаоллари, диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилар олдида турган энг муҳим вазифадир.

Бугунги анжуманда сизлар айни шу йўналишда олиб бораётган ишларингизга танқидий баҳо бериб, хотин-қизлар ташкилотлари фаолиятини янги, юқори босқичга кўтаришга қаратилган амалий қарорлар қабул қиласиз, деб ишонаман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, ишларингизда янги муваффақиятлар тилайман.

Ислом Каримов, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.