26.01.2013

БУЮК БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКЧИЛАРИ

Тошкентда 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман қўмитанинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти ва Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган устувор вазифалар, шунингдек, 2013 йилнинг мамлакатимизда Обод турмуш йили деб эълон қилиниши муносабати билан бажариладиган ишлар таҳлилига бағишланди.

Конференцияда туман, шаҳар ва вилоят хотин-қизлар қўмиталарининг конференцияларидан сайланган делегатлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Конференция делегатлари Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар. Улар, шунингдек, Ватанимиз пойтахтида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, янги маҳобатли бинолар ва спорт мажмуалари қурилиши билан танишдилар.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларининг республика конференцияси иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Конференция қатнашчилари Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларининг республика конференцияси иштирокчиларига табригини кўтаринки руҳ билан қабул қилдилар. Улар мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеи ва ролини ошириш борасида эришилаётган барча ютуқлар давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ва ғамхўрлиги самараси эканини таъкидладилар.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Боситхонова қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти ва унинг истиқболдаги вазифалари ҳақида маъруза қилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришга, ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур улкан бунёдкорлик ишларидан кўзланган асосий мақсад инсон манфаатларини таъминлаш, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун муносиб турмуш шароитини яратиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида одамларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, миллий ўзликни англаш ва жамиятдаги маънавиятни мустаҳкамлашдан иборат. Мамлакатимизнинг бу йўлда эришган барча ютуқлари Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, бугунги кунда бутун дунёда тан олинган, ижтимоий йўналтирилган ривожланишнинг “ўзбек модели” самараларидир.

Амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар доирасида жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини юксалтиришга, уларнинг интеллектуал ва маънавий ривожланиши, билим ҳамда замонавий касбларни эгаллаши, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этиши учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, фақат ҳар томонлама билимли, оила ва жамият олдидаги юксак масъулияти ва бурчини чуқур англайдиган, ўзининг хайрли ишлари билан Ватан равнақига ҳисса қўшишга интиладиган хотин-қизларгина буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари бўла оладиган, янги ҳаётни барпо этиш бўйича олдимизда турган энг муҳим вазифаларни амалга оширишга қодир ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1991 йил 27 декабрда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташкил қилинди. Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий мақсади – хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг социал, ижтимоий-ҳуқуқий ва меҳнат жабҳасидаги фаоллигини, ҳуқуқий ва иқтисодий билим даражасини юксалтириш бўйича хотин-қизлар ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш ва эҳтиёжларини янада тўлароқ таъминлашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1995 йил 2 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарининг раислари эса жойлардаги ҳокимларнинг ўринбосарлари этиб тайинланиши белгиланган.

Жамиятимизда хотин-қизларнинг мавқеини ошириш борасидаги навбатдаги қадам 2004 йилда Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ. Уларга кўра, сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота ажратилиши кўзда тутилган. Мазкур меъёрнинг жорий этилиши натижасида ҳозирги пайтда хотин-қизлар Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 22 фоизни ташкил этади.

Ушбу барча чора-тадбирлар хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланиш масалаларини ҳал қилишга кенг жалб этишга, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга, оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоялаш ишларини кучайтиришга, шунингдек, вазирликлар, идоралар, ҳудудий бошқарув органлари ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Қайси соҳада бўлмасин, хотин-қизларнинг Ватан равнақи йўлидаги фидокорона меҳнати, мамлакатимизда ёш авлодни – жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал ривожланган йигит-қизларни тарбиялашга қўшаётган улкан ҳиссаси муносиб баҳоланмоқда. Улар орасида нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур инсонлар – корхоналар, ташкилотлар ва ННТ раҳбарлари, фермерлар, шифокорлар, фан, маданият, санъат, таълим соҳалари намояндалари кўп. Қатор хотин-қизлар Ватанимизнинг юксак мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаровонлигини таъминлаш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда, қишлоқда яшайдиган аёлларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Сўнгги йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида минглаб замонавий, қулай ва шинам уй-жойлар бунёд этилди. Аҳолининг даромадлари ўсиши ва кенг истеъмол кредитларининг ташкил қилиниши самарасида бугун мамлакатимиздаги ҳар бир оилада аёлларнинг уй-рўзғор юмушларини енгиллаштирувчи замонавий маиший техника мавжуд. Оилаларга, биринчи галда, ёш оилаларга ипотека кредитларини ажратиш орқали уй-жой харид қилиш ва қуришда ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланмоқда, бу ҳам аёлларнинг кундалик турмуш ташвишларини енгиллаштиришга кўмаклашмоқда. Буларнинг барчаси жамиятимизда хотин-қизларга ҳурмат ва эътиборнинг нақадар юксак эканлигидан далолатдир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш борасида янги имкониятлар очиб берди.

Ўтган давр мобайнида хотин-қизларнинг ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатини амалга оширишдаги иштирокини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази билан ҳамкорликда бу соҳадаги энг муҳим халқаро ҳужжат – БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича конвенциясининг қоидаларини амалга ошириш бўйича иккита миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Барча соҳаларда гендер тенглигини таъминлаш бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари хизматларидан умумфойдаланиш, хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилиши ишларида иштирок этиш имкониятини кенгайтириш бўйича Ўзбекистонда қабул қилинаётган чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қошида Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш соҳасида жамоат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил қилинган. Таълим муассасалари, корхоналар, ташкилотлар ва маҳаллаларда “Соғлом она – соғлом бола” дастури доирасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ёшларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарбиялаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича маърифий ишлар олиб борилмоқда. Адлия органлари билан ҳамкорликда ўрта махсус ўқув юртларида “Ёш оилалар мактаблари” ташкил қилинган. Мураккаб турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Психологлар, юристлар, маҳаллалар фаоллари иштирокида оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда оилавий спорт, хотин-қизлар ва болалар спорти жадал тараққий этмоқда. Барча ҳудудларда хотин-қизлар учун 39 спорт тури бўйича 35 минг секция ташкил қилинган. Уларда бугунги кунда 3,5 миллиондан зиёд хотин-қиз шуғулланмоқда. Ҳар йили ҳудудий хотин-қизлар спорт фестиваллари ўтказилмоқда. Аёлларни, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб қилиш уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаёт сифатини юксалтириш имконини бермоқда. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг ўртача умр кўриши 7 йилга узайиб, ҳозирги кунда 75 ёшни ташкил этаётгани бундан ёрқин далолатдир.

Хотин-қизлар бандлиги масалаларини ҳал қилишга, биринчи галда қишлоқ жойларда уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга, уларни тадбиркорлик фаолиятига, аввало, кичик ва оилавий бизнес соҳаларига, хизмат кўрсатиш, фермерлик ва касаначиликка жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Уларга ўз бизнесини очиши учун ажратилаётган кредитлар ҳажми ортиб бормоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан тадбиркор аёлларга 491,7 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.

Мамлакатимиз Президентининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган фармонига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий қилинган. Ушбу муҳим вазифаларни аҳоли ўртасида обрў қозонган, чуқур билим ва бой ҳаётий тажрибага эга аёллар бажармоқда. Уларнинг фаолият доирасига жамиятда миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш, халқимизнинг энг яхши анъаналарини, меҳр-мурувват, бағрикенглик, саховат каби фазилатларни ривожлантиришга оид масалалар киради. Айни пайтда маҳаллалар маслаҳатчилари хотин-қизлар ва ёш авлод вакиллари ўртасида турли бузғунчи кучлар томонидан уларнинг онгига таъсир ўтказишга бўлаётган уринишларга нисбатан маънавий етуклик ва қатъиятли бўлиш фазилатларини тарбиялаш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳар томонлама баркамол ёшларни, шу жумладан қизларни тарбиялаш борасида алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган. Ушбу мукофот ўқишда, ижодда ва ижтимоий ҳаётда юксак натижаларга эришган қизларга берилади.

Конференцияда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тузилмалари фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ҳам муҳокама қилинди, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди. Таъкидландики, мамлакатимизнинг хотин-қизлар ташкилотлари улкан салоҳиятга ва фойдаланилмаётган имкониятларга эга. Хусусан, уларнинг мамлакатимизда, биринчи навбатда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги ролини, баркамол ёш авлодни тарбиялаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг онги ва дунёқарашини кенгайтириш, шу жумладан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёш оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини кенг ривожлантириш бўйича ишларни янада фаоллаштириш жараёнидаги иштирокини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Конференцияда бу вазифаларнинг барчаси мамлакатимизнинг ҳозирги замонавий ривожланиш тенденцияларига мос равишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини янада юқори даражага кўтаришни, айни пайтда мамлакатимизнинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни тақозо этаётгани таъкидланди.

Муҳокамада конференция делегатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ф.Абдураҳимова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси хотин-қизлар қўмитасининг раиси З.Иброҳимова, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят хотин-қизлар қўмиталарининг раислари – И.Каримова (Қашқадарё вилояти), М.Азизова (Наманган вилояти), С.Файзиева (Тошкент вилояти), халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати, Фориш туманидаги «Фортекс» корхонаси раҳбари Б.Тўраева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати, Қашқадарё вилояти Муборак тумани Иссиқликэлектрмарказининг илмий ходими Х.Холиқова, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасининг ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бўлим инспектори Ш.Ҳидоятова, Фарғона вилояти Учкўприк туманидан касаначи И.Рашидова ва бошқалар сўзга чиқди.

Конференция иштирокчилари муҳокама натижалари бўйича Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, 2013 йилнинг Обод турмуш йили деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва оилани мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги кенг иштирокини таъминлаш бўйича 2013-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини қабул қилди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада тўлароқ таъминлаш мақсадида белгиланган янги вазифалар алоҳида долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Зеро, бу вазифаларнинг амалга оширилиши ушбу жараёнларни янада чуқурлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Конференция делегатлари, шунингдек, ушбу вазифаларнинг жойлардаги муҳокамаси ва хотин-қизлар қўмиталарининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур демократик ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Конференцияда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Устави янги таҳрирда қабул қилинди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг таркиби сайланди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг раиси этиб Э.Боситхонова сайланди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.

ЎзА, Анна Иванова



DB query error.
Please try later.