Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
26.01.2013

МУРОЖААТЛАРНИ ЎРГАНИШ ВА УЛАРГА ЕЧИМ ТОПИШ

эътибор ҳамда масъулият талаб этади

ЎзХДП маҳаллий Кенгашлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналари электоратни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати партия фаоллари ва депутатлар томонидан пухта ўрганилиб, тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ҳал этилаяпти.

ЎзХДП Андижон вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Жамоатчилик қабулхоналарига бўлган мурожаатларда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш бўйича муайян тажриба тўпланган.

Ўтган йили вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 350 га яқин мурожаат тушган бўлиб, шулардан 200дан ортиғи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатларда кўтарилган масалаларга ечим топиш халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига пар­тиямиздан сайланган депутатлар назоратига олинди.

— Зиммамиздаги асосий вазифа электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлашдир, — дейди ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши аҳоли бандлиги ва ижтимоий-сиёсий масалалар бўлими мудири ­Иноят Қосимова. — Шу боис мурожаатларнинг ҳар бирига жиддий эътибор билан қараяпмиз. Бунда асосан депутатлик сўрови, мурожаати ҳамда ижтимоий шерикчилик имкониятларидан унумли фойдаланиш қўл келаяпти.

Кўтарилган масалалар депутатлар кўмагида тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилаётгани одамларнинг Жамоатчилик қабулхоналарига ишончини янада мустаҳкамламоқда. Чунки депутат муаммони чуқур ўрганади ва шу асосда таклиф тайёрлайди. Таклиф партия фаоллари билан бирга муҳокама қилиниб маъқуллангач, тегишли идора ва ташкилотларга юборилади. Масала ечими доимий эътиборда туради.

Таҳлиллар кўрсатишича, Жамоатчилик қабулхоналарига бўлган мурожаатларнинг 20 фоизи уй-жой-коммунал хизмат, 15 фоизи ўз ишини йўлга қўйиш, 20 фоизи ишга жойлашиш, моддий ёрдам, иш ҳақи, нафақа олиш каби маҳаллий ижро ҳокимияти, мутасадди ташкилотлар масъ­улиятини ошириш билан боғлиқ масалаларда бўлди. Мурожаат қилувчиларнинг 28 фоизига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Айниқса, касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларни эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга кўмаклашиш каби долзарб масалалар депутатлар томонидан чуқур ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кў­рил­гани кўп­лаб янги иш ўринлари очилиши, ёш­ларнинг бандлиги таъминланишига хизмат қилди.

Аҳоли ва электорат вакиллари мурожаатларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этишда, Қорасув шаҳар, Қўрғонтепа ҳамда Асака туман партия кенгашлари тажрибасини эътироф этиш керак. Уларда қабул кунлари ва соати аниқ кўрсатилган. Мурожаатларни қабул қилувчи партия фаоли, депутат ва ҳуқуқшунослар белгиланган.

— Ўтган йили Жамоатчилик қабулхонасига 30 дан ортиқ мурожаат бўлди, — дейди ЎзХДП Асака туман кенгаши раиси Мўйдинжон Дадажонов. — Шундан 18 таси маҳаллий мутасадди ташкилотлар ёрдами билан ижобий ҳал этилди. Мурожаатлар асосан ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган. Биз ҳар бир мурожаат, унда кўтарилган муаммо ёки таклиф бўйича алоҳида тартибда ишлаймиз. Муаммони бартараф этиш давомида фаоллар жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганади. Бу — фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларни ечишда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзХДП  депутатлик гуруҳлари аъзолари фаол қатнашаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

— Ўтган йили иқтисодиёт­ коллежини тугатдим, — дейди «Қадим» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Нортой Эгамбердиев. — Ўзимга маъ­қул иш топишда ёрдам сўраб, ЎзХДП Асака туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилдим. Партия фаоллари ёрдами билан ҳудудимиздаги «Қипчоқ қуёши» фермер хўжалигига ишга жойлашдим.

ЎзХДП Жамоатчилик қа­булхоналарига мурожаат қилиб, ўзини ўйлантираётган масалаларга ечим топган кишилар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Одамлар мурожаатига эътибор билан қараш ва ёрдам кўрсатиш орқали ҳам депутатга, ҳам партияга ишонч ортаётир.

Аммо Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти Андижон вилоятининг ҳам­ма туман ва шаҳар партия кенгашларида яхши йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Хусусан, вилоят­нинг Хўжабод туман кенгаши Жамоатчилик қабулхонасида депутатлар ва ҳуқуқшуносларнинг доимий иштирокини таъминлашда камчиликлар кузатилаяпти. Бундай эътиборсизлик ва масъулиятсизлик партия обрўсига путур етказиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир партия ташкилоти Жамоатчилик қа­бул­хоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиши, шу орқали электорат манфаатларига хизмат қиладиган амалий ишларни кўпайтириш зарур, албатта.

Сиёсий партияни аҳолига яқинлаштирадиган, жамиятда нуфузини оширадиган энг муҳим восита бу одамлар манфаатини ҳи­моя қилиш, жамоатчилик ишончини қозонишдир. Бу борада Жамоатчилик қа­бул­хоналари  имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш ҳар бир шаҳар ва туман партия кенгашидан зиммасидаги масъулиятни теран ҳис этиб меҳнат қилишни талаб этади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.