26.01.2013

НАФИСА МЎМИНОВА — ХАЛҚАРО ГРОССМЕЙСТЕР

22 ёшли шахматчимиз Нафиса Мўминова ўзбек қизлари ўртасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳар жиҳатдан соғлом, интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Фарғоналик Алишер ака ва Қаноатхон опа оиласида вояга етган Н.Мўминова ҳам ана шундай ёшлардан бири.

Нафиса тўрт ёшлигидан спортга меҳр қўйиб, шахмат ўйнашни қунт билан ўрганган. Тўққиз ёшидан Қўқондаги шахмат клубида тажрибали мураббий Анваржон ­Алиев раҳбарлигида маҳоратини оширган. 2002 йилда ўз тенгқурлари ўртасида

Ўзбекистон чемпиони бўлган.

Мамлакатимиз миқёсидаги кўплаб мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўл­ган Н.Мўминова 2007 йилда минтақавий саралаш му­собақасида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпио­натига йўлланма олди. У дунёнинг энг кучли 64 шахматчиси дона сурадиган ушбу турнирда қатнашиш учун Марказий Осиё минтақасига ажратилган ягона йўлланмани қўлга киритди ва ўзбек хотин-қизларидан катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган биринчи спортчи бўлди.

— Катта спортга қадам қўй­ган кўпчилик йигит-қиз жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилади, — дейди Н.Мўминова. — Жаҳон чемпиони бў­лиш — менинг ҳам олий мақсадим. Албатта, жаҳон шахмат тожини қўлга кири­тиш осон иш эмас, лекин давлатимиз яратиб бераётган шароит ва имкониятлар бизга катта умид ва ўз кучимизга ишонч бағишламоқда.

Олти йилдан буён мамлакатимиз терма жамоаси сафида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келаётган Нафиса 2008 йилда 18 ёшгача қизлар ўртасида Осиё чемпионати кумуш медалига сазовор бўлган. Кўплаб йирик халқаро турнирларда хотин-қизлар ўр­тасида биринчи ўринни эгаллаган.

У 2010 йилда йигирма ёш­гача бўлган қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кучли тўртликдан жой олди, Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларининг жамоавий беллашувларида терма жамоамиздаги дугоналари — Ольга Собирова, Юлдуз Ҳамроқулова, Нодира Нодиржонова билан бирга кумуш медални қўлга киритди. 2011 йили I Марказий Осиё кубоги ва 2012 йил Тошкентда ўтказилган «Тош­кент опен» халқаро шахмат турнирида ғолиб бўлди.

Н.Мўминова учун 2013 йил ҳам омадли бошланди. Халқаро шахмат федерацияси ўзбек қизига халқ­аро гроссмейстер унвони берилганини эълон қилди.

— Ушбу юксак унвон биз, ёшларнинг камолоти йўлида барча шароитларни яра­тиб бераётган Президентимиз кўрсатаётган юксак ғамхўрликнинг амалдаги самараларидандир, — дейди Нафиса. — Биз, ўзбек ёшлари ҳар қандай соҳада энг юқори чўққиларни забт этишга қодирмиз. Бунинг учун имконият, шароит ва катта иштиёқ бор.

Нафисанинг сингиллари — Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар ҳам опаси изидан бориб, шахматни танлаган. ФИДЕ устаси Ҳ.Тоҳиржонова қатор халқ­аро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлса, Гулруҳбегим 2011 йилда Бра­зилияда ўтган 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учин­чи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон терма жа­моаси етакчиси Нафиса Мўминова энди мусобақаларда халқаро гроссмейс­тер, деган юксак ном билан дона суради. Бунинг масъулиятини чуқур ҳис этаётган шахматчимиз ян­ги мавсумга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.