26.01.2013

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚНИНГ СИЁСИЙ «ИШЛАР»И

ёхуд интернетдаги ижтимоий тармоқларнинг муаммога айланаётгани хусусида

Президентимизнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида дунё аҳолисининг хавфсизлигига таҳдид солаётган хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантирилиб, «Бугунги кунда дунёда кибержиноятчилик, коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда салбий информацион таъсир ўтказиш каби халқаро хавфсизликка нисбатан илгари кўрилмаган хавф-хатарларнинг авж олаётганига етарли баҳо бермасдан, уларнинг олдини олмасдан, бепарво бўлиб яшаш мутлақо мумкин эмас.», дея таъкидланди.

Дунёда ядровий техноло­гиялар ва оммавий қирғин қуролларига эгалик қилиш, сиёсий ва диний радикализм, экстремизм, қурол ва одам савдоси, терроризм, оғуфурушлик, этник ҳамда мил­латлараро зиддиятлар авж олаётган бир вазиятда коммуникация технологиялари орқали вужудга келаётган таҳ­дидларга бежиз алоҳида эъти­бор қаратилмаяпти.

Яқинда нидерландиялик ёш бир қиз Youtube орқали йигитларни туғилган кунига таклиф қилди. Айтилган пайт (ал­батта кечки) белгиланган жой­да 3 мингга яқин йигит тўп­ланди. Туғилган кун эгасини кута-кута йиғилганларнинг тоқати-тоқ бўлди. Охири орада жанжал кўтарилди. Кимнингдир кўйлаги йиртилди, кимдир жароҳат олди.

Қиз, билибми-билмайми, ижтимоий тармоқнинг қудратли таъсир кучидан енгилтаклик йўлида фойдалан­ди. Афсуски, бу қудратли восита «мижоз»лари орасида ҳар хил сиёсий кучлар, ҳатто давлатлар бор. Ваҳоланки, уларнинг мақсадлари бекорчи­ликдан эрмак учун ёхуд оқи­батини ҳис қилмасдан амалга оширилмайди. Оширил­маяпти...

«Араб баҳори» деб ном олган тўполонлар ва қон тўкишларда ижтимоий тармоқлар муҳим ўрин эгаллаганини ҳамма билади. «Баҳор»да ундан сиёсий мақсадларда фойдаланилди. У сиёсий кучлар учун одамларни йиғиб берди, кўчага олиб чиқди. Сайёҳлик ўлкаси бўлмиш биргина Миср иқтисодиёти ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган беқарорлик ва ғалаёнлар оқибатида 5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ зарар кўрган. Фуқаролар ўртасида эса бўлиниш, душманлик кайфияти пайдо бўлган ва бундай таранг ижтимоий вазият ҳамон мамлакат мувозанатини чайқалган ҳолатда ушлаб турибди. Сурияда ижтимоий тармоқлар орқали бошқарилаётган тўполонларда, хориж матбуоти манбаларида қайд этилишича, 60 минг аҳоли ҳалок бўл­ган, ярим миллион киши қо­чоқ ва дарбадар юрибди.

Бугун интернетни турли куч­лар, мафкуралар, бузғунчи ва хакерлардан ҳимоялаш, бир сўз билан айтганда, хавфсиз интернет масаласи дунё бўй­лаб долзарб бўлиб турибди. Яқинда ахборот манбалари Европа иттифоқи ҳудудида бир йилда кибержиноятчилар фирибгарлик йўли билан 1,5 миллиард еврога яқин маблағ топиши ҳақида хабар тар­қатди. Уларнинг даромади асосан банклардан пул ўғирлаш, ижтимоий тармоқлар ва болалар порнографиясидан тўп­ланиши таъкидланади. Кибержиноятчилик хуружлари орқали корхоналар, ташкилотлар, компаниялар сайтлари ва маълумотлар базаларига катта шикаст етказилмоқда, уларни тиклашга миллиардлаб маблағлар сарф­ланаяпти.

«Uff.uz» сайти маъмурияти сайт ўтган йили киберларнинг кенг кўламдаги ҳужумларига учрагани ва бу кўплаб ноқулайликлар туғдиргани ҳақида маълум қилди. Айниқса, компьютер тармоғи ор­қали фуқаролар номини булғаш, ёлғон маълумотлар тар­қатиш, шаън ва қадр-қимматни камситиш ҳолатлари интернетнинг, хусусан, ижтимоий тармоқларнинг муам­моли масаласи ҳисобланади.

Газеталаримиздан бири «Odnoklassniki.ru» ижтимоий сайтида бир хонанда номидан сохта 400дан кўп профил очилгани ва унинг номидан кўплаб қизларга хатлар йўллангани ҳақида ёз­ди. Ҳатто бир қиз билан учрашув белгиланган ва «таклиф» эгаси ўзи эмаслигини исботлагунча хонанда анча азият чеккан.

Дарҳақиқат, ушбу тармоқдан бугунги кунда асосан ёшлар танишиш, дўстлашиш, эски дўстларни қидириш ва мулоқот ўрнатиш мақсади­да фойдаланади. Бир қарашда, бунинг ёмон томони йўқ. Лекин ҳамма танишмоқчи бўлганларнинг мақсади дўст­лик билан изоҳланмаслиги ҳам бор гап. Ёки ҳамма ёзишмаларни одоб-ахлоқ доирасида деб бўлмайди. Ахлоқсизлик ва андишасизликка хизмат қиладиган профил ва гуруҳлар ҳам оз эмас. Айтайлик, «Фақат асал қизлар ва келинойилар учун» гуруҳини олайлик. Бу гуруҳга қў­шилиш учун «асал қиз» ёки «келинойи» бўлиш керак. Унинг фотогалереясидаги сурат­лар илонни пўст ташлатишга мажбур қилади. Ёзишмалар одоб кўчасидан бир бор ўт­маганларга тааллуқли — ғирт беҳаёлик. Гуруҳ аъзолари сони эса кичкина шаҳарчани тўлдириши мумкин. Шунча одам енгилтаклик ва бузуқлик тарғиботига хизмат қилиши, вақтини ана шу бемаза нарсага сарфлаши ачинарли ҳол, албатта.

Фейсбук ижтимоий тармоғидан фойдаланувчи копенгагенлик Торлоу Агусдоттир хоним юзи қонга беланган моматалоқ ҳолатдаги «сурати» «муаллифи» кимлигини излаяпти. Абгор, зўрланган ҳолатни тасвирловчи ушбу сурат бир неча кун тармоқ ичида пайдо бўлгани уни ғазаблантирди ва айбдорнинг жазоланишини хоҳламоқда. Мутахассислар фикрича, унинг камситилган ҳуқуқлари тикланиши имконияти жуда кам. Биринчидан, шундай суратни яратган мазахист киберфирибгарни топиш анча мушкул. Иккинчидан, тармоқ операторида бунинг учун жавобгарлик масъулияти йўқ. Энг ёмони, ёлғон, туҳмат, қадр-қимматни камситувчи ахборот тарқатиб бўлинди. Унинг оқибат ва зарарини бартараф қилиб бўлмайди. Ундан ҳам хавотирлиси — шу каби ҳолатлар ижтимоий тармоқ орқали яна такрорланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ ва бу тармоқ ичида тез-тез учраб турадиган ҳо­диса ҳисобланади.

— Назаримда, одамлар бугун икки: реал ва виртуал дунё­да истиқомат қилаяпти. Айримлар фақат биринчиси билан чекланган бўлса, бошқалар иккинчисида кўпроқ банд ва унга ортиқроқ ишонади, — дейди Ўзбекистон Миллий университети журналис­тика факультети Интернет журналистика назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси, фан номзоди Нозима Муродова. — Тад­қиқотларга қараганда, дунё аҳолиси ахборотни асосан интернетдан олмоқда. Унда эса ҳамма нарса аралаш — оқ билан қора, яхши билан ёмон. Тезкорлик ва турли кўринишларда информация тарқатиш имконияти, аудиториянинг қайта алоқага чиқиши учун мавжуд қулайликлар бизнес, тадбиркорлик, реклама, оммавий алоқалар (ПР) ҳамда ахборот хизматлари учун катта ахборот майдонини яратаётган бўлса, шу билан бирга, уни чегара ва назорат қилишнинг имкони йўқ — бузғунчи ғоялар, террорис­тик даъватлар, порнография ва ҳоказоларни учратиш мумкин. Айтайлик, виртуал олам — интернет орқали терро­ристик ташкилотлар ҳам ўз­ларига ҳудуд яратган. Фоҳишалик айнан интернет хизмати орқали амалга оширилмоқда. Одам савдосининг умумдунё миқёсида ёйилишида унинг имкониятларидан фойдаланилаяпти.

Ижтимоий тармоқлар фикр ва тажриба алмашиш, маълум бир соҳа вакиллари ўр­тасида мулоқот ўрнатиш ка­би мақсадларга хизмат қи­лиши лозим. Афсуски, ис­теъмолчи томонидан бу тармоқлар кўпроқ эрмак, кўнгилхушлик учун танланмоқда. «Odnoklassniki.ru»ни олайлик. Унга МДҲ давлатлари ўртасида энг кўп мурожаат қиладиганлар сони бўйича биз олдинги ўриндамиз. Шу боис тармоқ операторлари ўзбек тили вариантини ҳам айнан эҳтиёждан келиб чиқиб жорий қилди. Лотин Америка­си мамлакатларида миллий ижтимоий тармоқлар ривожига алоҳида эътибор қаратилгани боис, чет доменлардаги ижтимоий тармоқларнинг таъсири суст. Ушбу тажриба эътиборли, албатта. Миллий доменимизда яратилган «Fikr.uz», «Muloqot.uz», «Sinf­dosh.uz», «Olam.uz» каби ижтимоий тармоқлар ишини янада ривожлантириш ва кенгайтириш миллий ман­фаатларимизга хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки ахборот хавфсизлиги миллий хавфсизликнинг муҳим бир қис­ми, виртуал дунёни мутлақо назоратсиз қўйиш реал дунё­да кўплаб бузғунчиликларни келтириб чиқаради.

Мутахассислар фикрича, фильтрларни қўллаш ва интернетдан фойдаланишни чеклаш доим ҳам кўзланган мақсадга олиб келмайди. Бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат, аввало, одамларнинг информацион маданиятини ошириш, ме­диатаълим йўналишида иш олиб боришдир. Чунки ахборот уммонида асосий объект инсон онги ҳисобланади. Шу сабаб, аҳолини ахборот олиш ва тарқатиш маданиятига ўр­гатиш, информацион ҳудудда ўзини тутиш қонун ва қоидаларини кўрсатиш керак. Ана шуларни инобатга олган ҳолда ахборот оқимларини маърифий ва таълимий йў­налишда ишлатиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш­да ҳамда бу борада кучли иммунитетни ҳосил қилиш­да фойдали натижа бериши мумкин.

Дарҳақиқат, болалар ва ўс­мирлар учун миллий интернет ўйинларини яратиш, «Ziyo-net»га ўхшаш маърифий тармоқлар сонини кўпайтириш ва имкониятларини кенгай­тириш лозим бўлади. Бундан ташқари, дунё тажрибаси аҳолини, айниқса, ўсиб ке­лаётган ёш авлодни оммавий ахборот ва коммуникация тизимларининг глобаллашуви жараёнида ахборот хуруж­лари ва таҳдидларидан ҳи­моялашда нафақат маъри­фий ва ахборий, шу билан бирга, ҳуқуқий ҳамда технологик ресурс ва механизмларни сафарбар қилишни, шунингдек, такомиллаштиришни талаб этади. Ривожланган давлатлар тажри­ба­сида тажовузкор ҳамда одоб доирасидан ташқаридаги сайт­лар, блоглар ва порталларга миллий ҳу­дудда техник жиҳатдан блок қўйиш ёки чекловчи калит сўзлар рўйхатини яратиш, фильтрлаш ама­лиёти мавжуд.

Шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб, ахборот соҳасини ички ва таш­қи таҳдидлардан ҳимоялашда, албатта, ахборот хавфсиз­лигининг ҳуқуқий таъминланганлиги муҳим аҳа­мият касб этади, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Ахбо­рот ва ком­муникация технологияла­ри масалалари қўмитаси аъзоси Дилбар Холиқова.Шунинг учун қатор хорижий давлатлар қонунчилигида интернет тармоқларидаги ахборот, коммуникация ва ахборот хизматлари зарарли мазмунининг маълум бир белгилари бўйича чекловлар мавжуд. Масалан, кўпчилик Осиё давлатларида интернет порнографияси қаттиқ назоратга олинади ва таъқиб қи­линади. Францияда идентификация қилинмаган фуқа­роларга хос­тингдан фойда­ланишга йўл қўйган интернет провайдерлари учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Қонунга биноан маҳаллий серверлар орқали ахборот тарқатаётган сайтдаги барча муаллифлар ўзи ҳақидаги ҳамма маълумотларни беришга мажбур. Агар ушбу маълумотлар ёл­ғон бўлса, уни узатган муаллифига 6 ойгача қамоқ жазоси берилади. Австралия қо­нунчилиги ҳам провайдерларга алоҳида мажбуриятлар юклайди. Айрим давлатларда болаларнинг соғлиги ва ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қи­лиш ва интернет тармоғидаги қонунга хилоф ахборотдан чегаралашни белгиловчи қо­нун қа­бул қилинган.

Ахборот мазмунига оид шикоятлар тизими ишлашини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, шартли воситалар орқали, яъни кодлар, шифр ва парол ёрдамида ахбо­ротдан фойдаланиш бўйича ижобий хорижий тажрибалардан фойдаланиш лозим, деб ўйлайман.

Компьютер ва ахборотлаштириш соҳасидаги қонунбузарлик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида қонунла­римиз такомиллашиб бормоқда. Жумладан, 2007 йилда қабул қилинган «Ахборотлаштириш ва маълумотлар узатиш соҳасида қонунга хилоф ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ушбу соҳага доир жавобгарлик кенгайтирилди ва кучайтирилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-моддаси («Ахборотдан фойдаланиш қои­даларини бузиш») 155-1-мод­да билан тўлдирилди («Компьютер тизимидан фойда­ланиш қоидаларини бузиш»). Жиноят кодексига эса «Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноят» деган алоҳида боб киритилди. Ундаги 6 та модда ахборотлаштириш қои­даларини бузиш, компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда рухсатсиз фойдаланиш, ундан рухсатсиз фойдаланиш учун махсус воситаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, ўтказиш ва тарқатиш, модификациялаштириш, компьютер саботажи, зарар келтирувчи дастурларни яратиш, ишлатиш ёки тар­қатиш каби хатти-ҳаракатларга жиноий жавобгарликни белгилайди. Ваҳоланки, ил­гари бу борада битта — 174-модда («ахборотлаштириш қоидаларини бузиш») мавжуд эди холос ва компьютер соҳасидаги муносабатларни етарлича қамраб ололмасди.

Афсуски, дунёда киберфирибгарлик, ахлоқсизлик ва жиноятнинг турлари ва усуллари тобора кўпайиб бормоқда. Уларга нисбатан қонунчиликни янада такомиллаштириш, аҳолининг холис ахборот ва хавфсиз интернетга бўлган ҳуқуқларини етарли ҳимоя қилиш бугунги кун талаби ҳисобланади.

Ахборот хавфсизлиги — тизимли жараён. Дунёда содир бўлаётган ҳозирги воқеа-ҳо­дисалардан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда сиёсий партиялар веб-сайтларини янада ривожлантириш, унда, айниқса, мулоқот, алоқа ва савол-жавоб хизматларини кучайтириш талаб этилади.

Айниқса, ахборот тарқатишга мўлжалланган сайтлар ишини такомиллаштириш зарур бўлади. Ғоявий, маънавий-маърифий, илмий, бадиий, спорт, ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ўйинлар ва бошқа йўналишларда миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш — бугунги кун талаби. Фуқароларнинг ахборот чанқоқлиги қондирилмаса, у бошқа манба қидиради, уни бошқалар қондиради. Дарҳақиқат, ахборот хавфсизлиги — барқарорликнинг шарти, хавфсизлик кафолати ҳам­да тинчликнинг гарови ҳисобланади.

Акбар ЖонузоҚов



DB query error.
Please try later.