Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.12.2019

ЎЗБЕКИСТОН БАҒРИКЕНГ ДИЁР

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Президентимизнинг маърузасини диққат билан тинглаб, кўпмиллатли Ўзбекистонимиз  яқин йиллар ичида дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишига амин бўлдим. Президент Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқлигига алоҳида урғу берди.

Жамоатчилик қонун бузилиши ҳолатларига қарши турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар, турли лавозимдаги мулозимлар фаолияти умум назоратида бўлмас экан, йўл қўйилган хато ва нуқсонлар оқибатида, ислоҳотлар кутилган натижани бермаслиги аниқ. Ҳозир халқимиз уларнинг хатти-ҳаракатига бевосита  баҳо  бермоқда, ўз фикрини эркин ифода этишга ҳаракат қилмоқда. Бугун жамоатчилигимиз том маънода фаоллашди, . Эндиликда турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ижтимоий тармоқлар, ОАВ орқали таҳлил қилинади, муносиб баҳосини олади, шубҳасиз.  

Маърузада жамоатчиликни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар бирма-бир санаб ўтилди, уларни бартараф қилиш, ечимларини топиш бўйича ҳам аниқ фикрлар билдирилди. Масалан, ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати депутатлар кенгашига берилиши, Ўзбекистон тарихида илк бор прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартибининг жорий этилиши, эндиликда суд бирор-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўйилмаслиги каби бир қатор янгиликларни анжуманда ўтирганлар қарсак билан кутиб олдилар.

Мамлакатимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек тинч-тотув, иноқ ва дўстликда яшаб келмоқда. Албатта бунинг учун Республикада барча миллат ва элат вакилларига уларнинг яшаши ва фаолияти учун керакли шарт-шароитлар яратиб берилган ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистонда 300 мингдан зиёд қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида, Тошкент шаҳрида ва бошқа ҳудудларда яшайдилар ва Ўзбекистонни ўз Ватани деб билади. Чунки инсон боласининг туғилган жойи ватан ҳисобланади. 

Чунки бизлар шу диёрда туғилдик, вояга етдик ва ҳозирги кунда ўзбек халқи билан ака-ука, қуда-анда, дўст-биродар бўлиб яшаймиз. Бозоримиз ҳам, тўйларимиз ҳам бирга, битта маҳаллада тинч-тотув, бир оиланинг фарзандларидек яшаб ва меҳнат қилиб келмоқдамиз.

Мен Ўзбекистонда туғилдим, вояга етдим, униб-ўсиб, фарзанд ва набиралар кўрдим. Ўзбек устозларимдан илм ва билим олиб, юрт корига яраб, ўзбек дўстларим билан бирга умргузаронлик қилиб келаётганимдан Оллоҳга минг қатла шукрлар қиламан.

2017 йилнинг 24 январида Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган Бобур номли истироҳат боғи ва уч қаватли ҳашаматли бино “Дўстлик саройи” деб аталди ва у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари” қўмитаси балансига берилди. Бундан Миллий маданий марказлар фаоллари жуда мамнун бўлди. Бу ерда Ўзбекистон қирғиз миллий маданий марказининг фаолият олиб бориши учун ҳам барча шарт-шароит яратилган. Биз турли миллат вакиллари билан биргаликда ўтказилаётган ҳар бир байрам ва тадбирларда қатнашиб келмоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Президентимиз ҳар доимгидек, “Биздан халқимиз рози бўлиши керак”, деган сўзларни такрор-такрор қайд этди. Биз албатта, олийжаноб ва меҳнаткаш, кўп миллатли халқимиз билан биргаликда белимизни маҳкам боғлаб, шу она юртга хизмат қиламиз.

 

Раҳматилло ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: