16.12.2019

ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАМАЛИ

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали анжуманда сўзлаган нутқи мамлакатимиз ва жаҳон оммавий ахборот воситаларида муносиб шарҳланмоқда.

ОАВда давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон кейинги 28 йил давомида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл ҳамда бугунги кунда кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишда мамлакатнинг Асосий ҚонуниКонституция асос ва илҳом манбаи бўлаётганига эътибор қаратгани қайд этилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан   жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг бош ҳуқуқий асоси Асосий қонунимизКонституциямиздир.

Асосий Қонунимизнинг барча бўлим ва моддалари мустақил ­Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ҳамда виждон эркинлигини таъминлашга, оилада соғлом ва мустаҳкам муҳитни таъминлашга, халқимизнинг асрлар давомида яратган бой маънавий ва миллий-маданий меросидан оқилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва  дўстона муносабатларни яхшилашга ва Конституциямизнинг пировард мақсади қилиб қўйилган бошқа эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилган.

Маърузанинг Конституция ва қонун устуворлигиҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир деб аталишининг ўзидаёқ унинг мазмун-моҳияти тўла англашилади.  Қайд этилганидек: “Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди”.

Маълумки, конституционализмнинг умумбашарий  моделида эркинликка энг устувор қадрият сифатида қаралган.   Масалан, АҚШнинг Мустақиллик декларациясида фуқаролик жамиятининг белгиловчи роли қуйидагича акс эттирилганини кўрамиз – барча инсонлар яшаш, эркинлик, мустақиллик, мулкка эгалик, бахтли бўлиш ва хавфсизликка оид табиий ҳуқуқларга эгадирлар; халқ ҳокимият манбаи ва суверенитет унга тегишли, ҳукумат халқнинг хизматкоридир. Давлат ҳокимиятининг барча органлари халқ манфаатлари йўлида ҳаракат қилишлари шарт, агар улар халқ манфаатларини поймол этсалар, ўзларининг бевосита вазифаларини бажармас ҳамда биринчи галда халқнинг фаровонлиги ҳақида қайғурмас экан, халқ уни сайловлар йўли билан қайта ташкил этиш ҳуқуқига эгадир.

  Президентимиз ўз нутқида ҳам  айнан Конституциямиз асосига қўйилган умумбашарий конституцион нормаларга оғишмай амал қилинишига жиддий эътибор бериш лозимлигини уқтириб ўтдилар: “Қонун устуворлиги — бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фа­қат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир... Шу боисдан ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишимиз зарур”. Таъкидлаш лозимки, ­ўтган 27 йиллик тарихий даврда Конституциямиз мамлакатимиз, халқимиз ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солаётган миллий ҳуқуқий тизимимизнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, ушбу ҳужжат кейинги уч йил ичида инсон ҳуқуқлари, эркинликларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш кафолатларини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлгани ва унинг бу муҳим тамойиллари ҳаётга оғишмай жорий қилинаётганини таъкидлаш зарур. Зотан, қисқа вақт ичида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида йўл қўйилган камчиликларни  бартараф этиш борасида эътиборга молик  ишлар амалга оширилди, минглаб инсонларнинг топталган тақдирлари ва  инсоний қадри-қиммати тикланди.

Маълумки, тарихда ижтимоий ишлаб чиқариш ва меҳнат тақсимотининг юксалиши натижасида инсоният фаоллашган, миқдорий жиҳатдан ўсган, функционал жиҳатдан ранг-баранглашган ва барқарорлашган. Умумий манфаат жамият аъзоларини боғлаб турувчи кучга айланган.

Жамиятимизда рўй бераётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид турли соҳаларнинг вужудга келиши,  ватандошлар фаолиятининг ранг-баранглашуви ва ижтимоий муносабатларнинг янгича шакллари намоён бўлмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ало­қаларнинг турличалиги ҳокимиятга тобе бўлмаган, балки унинг билан тенг, оқилона давлат-хусусий мулкий-молиявий муносабатлар ўрнатишни тақозо қилади. Жамият ҳаётининг маълум бир босқичида шерикликнинг асосий тамойиллари: хусусий шерикликнинг давлат томонидан тартибга солиниши, давлат-хусусий шериклигининг тарафлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш ва тайёрлаш, хусусий шерикни танлаш, хусусий шерик ва кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат-хусусий шерикликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам шаклланади. Конституциямизда кафолатланган мулкий ва ҳуқуқий тенглик давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларини амалга оширишнинг муҳим шарти  ҳисобланади. Президентимиз ўз маърузаларида бу хусусда таъкидлаганларидек, “ҳозирги вақтда айрим тармоқларда давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Аммо соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши, коммунал хўжалиги каби йўналишларда, аксарият ҳудудларда ҳали бу борада ташаббус умуман сезилмаяпти”. Давлат-хусусий шерикчиликнинг ян­ги-янги шаклларини топиш ва уни соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши, коммунал хўжалиги соҳаларида амалда қўллаш бўйича барчамизнинг олдимизда улкан вазифалар турибди, жумладан, юқорида айтиб ўтилган мулкичилик шаклида МТМ, мактаб ва ОТМларни барпо этишдан чекинмаслик керак. Шу ўринда ривожланган давлатларда таълим муассасаларининг 30-40 фоизи хусусий-давлат шерикчилиги асосида ташкил этилганини қайд этиб ўтиш жоиз.

Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш ва амалга ошириш  фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг зарурий шартларидан биридир. Айниқса, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш,  мамлакатни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва технологик жиҳатдан модернизациялаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида  либераллаштириш жараёнларини жадаллаштириш, қонунлар ижросини таъминлашда давлат ҳокимияти органлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати — бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир. Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур”. Яқиндаги “қора совуқ”ларда республикамиз бўйича қисқа муддат ичида (Бош прокуратура маълумотларига кўра) 28 миллиард сўмдан зиёд газ-ёқилғи захираларининг талон-торож қилинганлиги жамоатчилик назоратининг ҳар кунлик эҳтиёжига айланиб бораётганини кўрсатади.

Ҳар қандай жамиятда оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги кафолатлаб қўйилган бўлса, у ўз навбатида, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи, эркин фикр билдириш ҳуқуқи, сиёсий плюрализмнинг шаклланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, бу масъулият ҳар қандай эркин матбуот жамият олдида масъуллигини ҳар дақиқада ҳис қилиши ва жамоатчиликнинг назорати остида бўлишини тақозо этади. Ҳозирги кунда    электрон, босма оммавий ахборот воситаларидан  то ижтимоий тармоқларгача  нафақат жамиятни   хабардор қилиш, балки жамият манфаатлари нуқтаи назаридан давлат фаолиятини назорат қилиш воситасига айланиб бораётгани  ва бу жамиятимизда юз бераётган демократиялаш ва модернизациялашнинг муҳим кўрсаткичи сифатида ҳам ўзлигини намоён қилмоқда. Бинобарин, демократик тамойиллар нуқтаи назаридан олиб қаралганда ҳам сўз эркинлиги  жамият аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ахборотнинг барча қатламларга кенг тарқалишида алоҳида ўрин тутиши керак. Юртбошимиз сўз эркинлиги масаласига ушбу дастурий нутқида ҳам кенг тўхталган: “сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади”, албатта, бу билан кифояланмаслик лозим, Президентимизнинг уқтиришларича  “...оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши керак”.

Юртбошимиз ўз маърузасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, уларнинг бурч ва мажбуриятлари хусусида ҳам алоҳида тўхталгани бежизга эмас. Маълумки, ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий саводхонлик жу­да кенг тушунчалар бўлиб, улар бир неча омилни ўз ичига олади. Жумладан, маърифатли, ҳуқуқий маданияти юксак инсон қонунларга итоаткор бўлади, ҳамиша унга бўйсинади ва қонунларга нисбатан ҳурмат билан қарайди. Бундай инсонлар қонунларда белгиланган қоидаларга зид хатти-ҳаракат қилмайди, аксинча, бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Ижтимоий-сиёсий фаол фуқаро жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга онгли муносабатда бўлиб, ислоҳотларга дахлдорлигини сезиб, давлат ва жамият олдидаги фуқаролик масъулиятини ҳис қилиб яшайди. Афсуски, ҳозирга қадар бу борада маълум муаммолар мавжуд ва улар секинлик билан бартараф этилмоқда.Президентимизнинг маърузасида куюнчаклик билан қайд этилганидек, “Яширишнинг ҳожати йўқ, олий ўқув юртига ўқишга кириш, тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома ёки лицензия олиш, солиқ тўлаш каби кўп-кўп кундалик ҳаётий масалаларни ҳал этишда “қонунни четлаб ўтиш” бизнинг шароитимизда ёмон бир одатга айланган эди”. Бу давр ва бу иллатлар орқада қолиши учун эса Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг  ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, уларнинг бурч ва мажбуриятларига ҳам  ҳар биримиз қатъиян амал қилишимиз лозим.

Фикрларимизни Президентимиз­нинг ушбу кўтаринки  руҳдаги жумлалари билан якунлашни истар эдик:  “Ишончим комил, биз мана шундай тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаб, ўзаро ҳурмат ва аҳиллигимизни асраб-авайлаб, шукрона қилиб яшасак, Яратганимиз ўз неъматини халқимизга янада зиёда қилиб беради”.

 

Рустам Холмуродов,

Самарқанд давлат университети ректори, профессор,

Жулибой Элтазаров,

 Самарқанд давлат университети филология факультети декани, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: