15.10.2019

ЎЗБЕКИСТОННИНГ КУЧ-ҚУДРАТИ

миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликдадир

«Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари таҳририятида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон миллий-маданий марказлари  вакиллари иштирокида «Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик мамлакат тараққиётининг кафолати» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

 «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар ОСТОНОВ давра суҳбати бошланиши олдидан газеталаримиз тарихи, бугунги асосий йўналишлари тўғрисида маълумот берди.

Сўнгра Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешинчи йўналиши диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масалаларига қаратилгани замирида катта мақсад, маъно-мазмун борлиги тўғрисида тўхталди.

– Қачон тараққиёт бўлади? Қачонки, юртда тинчлик-осойишталик бўлса. Қачон тинчлик-осойишталик бўлади? Қачонки миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик бўлса, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат бўлса, – деди Бош муҳаррир.

Шунингдек, бугун ер юзида диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этаётгани, Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида 2019 йилнинг 12 декабрида БМТ томонидан Маърифат ва диний бағрикенглик резолюцияси қабул қилинганига эътибор қаратди. Бугун республикамизда миллатлараро муносабатлар, миллий масала бўйича олиб борилаётган сиёсат тўғрисида миллий-маданий марказлар фаолияти тўғрисида фикрлашиш, дилингиздаги гапларни билиш, таклифларингизни эшитиш учун тўпланганмиз, – деди Сафар Остонов.

Давра суҳбатида қизиқарли маълумотлар келтирилди, турли фикрлар билдирилди.

Ғайрат ШУКУРОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси матбуот хизмати раҳбари:

Ўзбекистон имижини дунёда мустаҳкамлашда ўзбек халқига хос бағрикенглик катта роль ўйнайди. Бу хислатлар Иккинчи жаҳон уруши даврида тарихий ватанларидан Ўзбекистонга бадарға қилинган корейс, қрим-татар, немис, месхети туркларига ўзбек халқи кўрсатган меҳрибончиликлар мисолида яққол намоён бўлган. Бугун Республикамизда миллатлараро муносабатларга берилаётган эътиборни хорижий мамлакатлардан келаётган меҳмонлар, экспертлар алоҳида эътироф этишмоқда. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат ўз миллий урф-одатлари, қадриятларини асраб-авайлаши, ривожлантириши учун катта имконият ва шароитлар яратиб берилганига ҳавас билан қарашмоқда. Дарҳақиқат, миллий-маданий марказлар жуда қимматли лойиҳаларни амалга оширишмоқда. Суҳбат давомида бунга ишонч ҳосил қиласизлар, деб ўйлайман.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтмасам бўлмайди, ўтган йили мамлакатимизга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Ламберто ­Заньер раҳбарлигидаги делегация келди. У Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам ­Қурбонов билан учрашганидан кейин Фарғона водийси вилоятларидаги турли этник қатламларнинг ҳаёт тарзи, улар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мамлакатда 7 тилда таълим олиб борилаётгани, турли миллат ва элат вакилларининг давлат бошқаруви ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки унинг эътирофига сазовор бўлди. Улар юртимизда фаолият олиб бораётган қозоқ, тожик, қирғиз, рус, татар ва туркман миллий-маданий марказлари вакиллари билан учрашди, катта таассурот олишди. Ламберто Заньер мамлакатимизда олиб борилаётган миллий сиёсатга юқори баҳо берди.

Мен араб мамлакатларидан бирига борганимда, у ерда яшаётган ватандошларимиз билан мулоқотда бўлдим, уларнинг фикрларига қулоқ тутдим. Гарчи аждодлари бу юртга борганларига юз йилдан ошган, орадан икки-уч авлод алмашган бўлса-да, уларга ҳалигача фуқаролик берилмаган экан. Бизда ўтган уч йил мобайнида тақдир тақозоси билан бир пайтлар қўшни мамлакатлардан кўчиб келиб, шу ерда жойлашиб қолган, Ўзбекистонни ўз Ватани деб ҳисоблайдиган қанчадан-қанча инсонларга фуқаролик берилганини дунё аҳли яхши билади.

Раҳматилло ЖАББОРОВ, Ўзбекистон қирғиз миллий-маданий маркази раиси:

 

– Эсларингизда бўлса, 1992 йил 13 январда МДҲ давлатлари ўртасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Республика байналмилал маркази ташкил этилди, турли миллат вакиллари ўзларининг миллий-маданий марказларини ташкил этди. 2017 йилгача бу марказлар сони 138 тага етди ва Ўзбекистонда ўтказиладиган барча байрам ва тантаналарда ўз миллий урф-одатларимизни, қадриятларимизни намойиш этиб келаяпмиз. Айниқса, кейинги икки-уч йилда миллий масалага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаяпти. Ёндашув ҳам бошқача бўлмоқда, янги босқичга кўтарилмоқда.

Қирғиз миллий-маданий маркази 1995 йилда ташкил топган. Қирғиз миллатига мансуб аҳоли Ўзбекистоннинг турли жойларида ўзбеклар ва бошқа миллат вакиллари билан баҳамжиҳат яшайди. Масалан, Фарғона водийсининг ўзида 300 мингдан зиёд қирғиз яшайди. 56 та қирғиз мактаби бор, шундан 31 тасида дарслар фақат қирғиз тилида олиб борилади. Бунинг учун барча дарсликлар, ўқув қуроллари Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан таъминлаб берилаяпти. Андижон педагогика университетида қирғиз филологияси факультети бор, ҳозир Жиззах педагогика университетида ҳам очилаяпти. Бу нимани кўрсатади? Бу – Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат вакилига Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, тенгҳуқуқлилик асосида фаолият кўрсатишга, ўз иқтидорини намоён этишига кафолат ҳисобланади.

 Яна бир гапни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Биласизлар, 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан Дўстлик туманидаги қирғизлар яшайдиган «Манас» қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Маълумки, ўтган асрнинг 66-йилларида чўл ҳудудида қурилган уйлар, кўчалар жуда хароб аҳволга келиб қолган эди. Ана шу ҳудуд 45 кун ичида бутунлай янги шаҳарчага айланди. «Маржон» бадиий-ҳаваскорлик ансамблини ташкил этдик, унга Халқ ансамбли мақоми берилди.

Яқинда Қувасой шаҳри ташкил этилганининг 65 йиллиги муносабати билан ўша ерга бориб қолдим. Қирғизлар бу ерга келадиган меҳмонлар учун улкан ўтов қуришибди, ичида шаҳардагидан қолишмайдиган шарт-шароитлар қилиб қўйилган. Бу ерда рус, тожик, корейс, қирғиз, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари қадриятларининг ўзига хос намойишининг гувоҳи бўлдик.

Мен жуда кўп юртларда бўлганман, кам сонли миллат вакилларнинг камситилиш ҳолларини кўрганман. Барча миллат вакилларига тенг ҳуқуқ ва имконият яратиб берган Ўзбекистондай мамлакат ҳеч қаерда йўқ! Мен бунга аминман.

Владимир БОЙКО,

Славутич номли Украин миллий-маданий маркази бошқаруви раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

 

– Ўзбекистон буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, қадим-қадимдан бу ерга турли мамлакатлардан келган турли миллат вакиллари ўтроқлашиб қолган. Ана шундай тақдир тақозоси билан Ўзбекистон ҳудудида украин халқи вакиллари 2 минг йиллардан буён яшайди. Лекин шу давр ичида бирор марта икки халқ ўртасида ихтилоф чиқмаган.

Ўтган асрнинг 30-йилларида очарчилик туфайли юзлаб украинлар бир бурда нон топиш илинжида Ўзбекистонга келган ва ўзбек халқи уларни меҳр билан қабул қилган, нон берган. Шунинг учун «Тошкент нон шаҳри», деб бежизга айтишмайди. Иккинчи жаҳон урушида ўзбек халқи яна минг-минглаб оилаларни, етим болаларни ўз бағрига олди, ҳеч ким кўчада қолгани йўқ. Буларни кўз ёшсиз эсламай бўлмайди. Ўзбек халқининг бағрикенглигини, болажонлигини ҳеч бир тарози билан ўлчаб бўлмайди.

Миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остида ўтказилаётган тадбирларда, Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик байрамларида, юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг урф-одат ва анъаналари тадбирларида украин миллий-маданий маркази фаол қатнашиб келаяпти.

Ўзбекистонда яшаб келаётган, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётган, ўз иқтидорини намоён қилаётган миллатимиз вакиллари ҳукумат томонидан муносиб тақдирланиб келинмоқда. Масалан, бошқарув аъзоси, истеъдодли хонанда Зинаида Соловей Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди, машҳур олимимиз Зиновьий Навицкий ҳам ҳукумат мукофоти билан тақдирланган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мана, яқинда Ўзбекистон давлат консерваториясида украин миллий-маданий маркази, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамкорлигида украин халқ қўшиқлари биринчи фестивали ўтказилади. Ундан кейин Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан давра суҳбати ташкил этилади. Буларнинг ҳаммаси бизни қувонтиради. Биз барча миллат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётганимиздан хурсандмиз.

Сергей МИРОНОВ,

Ўзбекистон рус миллий-маданий маркази бошқаруви раиси.

– Мен Россияда туғилган бўлсам ҳам, онгли ҳаётим давомида Ўзбекистонда яшаб келаяпман. Ҳозирги даврда дунёнинг кўп жойларида миллий этник зиддиятлар мураккаблашиб бормоқда. Ҳаммамиз кўриб турибмиз илгари собиқ иттифоқ таркибида бўлган баъзи давлатларда оз сонли миллат вакилларини очиқдан-очиқ камситиш ҳолатлари кузатилаяпти. Лекин Ўзбекистонда барча миллат ва элат вакиллари аҳил бўлиб яшаяпти, ҳар бир инсон ўзининг эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш имконига эга. Бунинг учун мен энг аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор деб биламан.

Барча миллий-маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши учун давлат томонидан ҳар томонлама кўмак берилаяпти, турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришга эътибор қаратилаяпти.

Ҳозир Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят, шаҳар ва туманларида марказнинг 23 та маданий-маърифий тузилмалари фаолият кўрсатиб турибди. Ўтган йиллар мобайнида улар сон жиҳатидангина эмас, сифат жиҳатидан ҳам ўсди. Кўпгина масалалар ана шу марказнинг ўзида ҳал этилмоқда.

Рус миллий маданий маркази 1994 йилда ташкил топган бўлиб, бу йил унинг 25 йиллигини нишонладик. Ўзбекистоннинг барча жойларида 200 дан зиёд тадбир ўтказилди. Байрамга жуда катта тайёргарлик кўрдик. Тадбир доирасида халқаро конференция ўтказдик, унда Россия Федерациясидан келган меҳмонлар, барча миллий-маданий марказлар вакиллари, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва бошқалар қатнашди.

Тадбир доирасида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Кирилл Лавровнинг бизга йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди, жуда хурсанд бўлдик. Меҳмонлар Сергей Есенин уй-музейи кўришди, Пушкин ҳайкали, Иккинчи жаҳон уруши йилларида 14 нафар етим болани асраб олган Шомаҳмуд Шоаҳмедов ҳайкали мажмуасига гулчамбарлар қўйилди. Айтганча, гул қўйиш маросимида темирчи устанинг асраб олган қизи ҳам қатнашгани қувончли бўлди. Шундан кейин Халқлар дўстлиги санъат саройида таниқли ўзбек-рус хонандалари иштирокида галаконцерт намойиш этилди.

Президентимизнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан қилган маърузасида қандай муваффақиятга эришаётган бўлсак, бу кўп миллатли халқимизнинг фидокорона меҳнати самарасидир, деган гаплари менинг хотирамга муҳрланиб қолган. Бундай эътибордан биз хурсандмиз, албатта.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 800 мингга яқин рус миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Мустақиллик йилларида халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилиб, фан-техника, тиббиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган 700 нафарга яқин рус миллати вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди.

Марказ томонидан ҳар йили январь ойида Рождество кечалари, февраль-март ойларида Масленица, апрель-май ойларида Пасха байрамлари ўтказилади. 1994 йилдан буён ҳар йили рус ёзуви ва адабиёти анъаналарига бағишланган славян маданияти ва ёзуви кунлари ўтказилиб келинади. Рус тили бугунги кунда миллатлараро ва давлатлараро тил сифатида кенг қўлланилаяпти. Марказ томонидан ишлаб чиқилган дастур бўйича рус тилини ўрганишни истаган, миллатидан қатъи назар, барча фуқаролар учун бепул курслар ташкил этилган бўлиб, унда турли миллат вакиллари тил ўрганмоқда.

Людмила НИ,

Ўзбекистон корейс миллий-маданий маркази ассоциацияси Тошкент шаҳар бўлими раҳбари:

– 2017 йилда Ўзбекистондаги корейс диаспораси шу заминда яшаётганининг 80 йиллигини нишонлади. Ўтган асрнинг 37-йилида Сталин репрессияси туфайли Узоқ шарқдан 74 мингдан зиёд корейс Ўзбекистонга бадарға қилинган эди. Ўзбек халқи уруш арафаси қийинчиликларига қарамай, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди, охирги бир бурда нонини, бир пиёла сутини бирга баҳам кўрди. Айтиш керакки, корейс ва ўзбек халқи турмуш тарзида, ватанга муҳаббат, оилага садоқат бобида яқин ўхшашликлар бор.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бу ерда яшаётган корейс халқи бошқа миллат вакиллари каби ўзининг кўп асрлик урф-одатлари, маданий мероси, она тили ва қадриятларини авлоддан-авлодга етказиш, уларни ривожлантириш имконига эга бўлди.

Корейс халқининг Ўзбекистонда муқим ўрнашиши ва томир отишида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги муҳим роль ўйнади. Ўтган 80 йил мобайнида улар ўз миллий қадриятларини сақлаган ҳолда Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг ажралмас қисмига айланди. Шу давр мобайнида улардан 283 нафари Ўзбекистон ҳукуматининг юқори унвон ва мукофотларига сазовор бўлди. Хевадаги Меҳрибонлик уйи директори бўлиб узоқ йиллар меҳнат қилган Вера Борисовна Пак Ўзбекистон қаҳрамони унвони билан тақдирланди. Икки нафар Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, икки нафар олий ўқув юрти ректори, юзлаб турли соҳаларда муваффақиятли ишлаётган корейс миллатига мансуб инсонлар бор. Бугун турли даражадаги халқ депутатлари Кенгашларида 8 нафар корейс миллатига мансуб фуқаро фаолият юритаяпти, Ўзбекистон корейс миллий-маданий маркази ассоциацияси раиси Виктор Пак Олий Мажлис депутати, Агрепина Шин Мактабгача таълим вазири ва ҳоказо. Буларнинг ҳаммаси корейс халқининг бугунги ислоҳотларда фаол иштирок этаётганини кўрсатади.

Яқинда пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Ўзбекистон корейс миллий-маданий марказлари уюшмаси билан ҳамкорликда «Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда миллий-маданий марказларнинг ўрни» мавзусида мулоқот ўтказди. Биласизми, бу тадбир жуда катта байрамга айланиб кетди. Ўзбекистонда яшаётган корейс, қрим-татар, немис, рус, украин, уйғур, туркман, тожик ва бошқа миллат вакиллари ўз ҳунармандчилик, пазандалик кўргазмалари билан қатнашди, барча тилларда куй-қўшиқлар янгради.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида яхлит сиёсатни амалга ошириш, давлат бошқаруви ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, тур­ли миллат ва элат, дин вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича кўпгина лойиҳаларимизни ана шу тадбирда экспертлар эътиборига ҳавола этдик. Бу борада бир қатор вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Серикбой УСЕНОВ,

Ўзбекистон қозоқ миллий-маданий маркази раиси:

– Ўзбекистонда қозоқ миллий-маданий маркази ташкил этилганига 30 йил, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтганига 27 йил бўлди. Ўзбек-қозоқ дўстлиги аслида минг йилликларга бориб тақалади. Лекин ҳеч қачон «сен қозоқ, мен ўзбек», деб бир-бирининг кўкрагидан итарган эмас. Яқинда олинган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 3,5 миллиондан зиёд қозоқ яшар экан. Лекин бу ерда миллат саноғи роль ўйнамайди, энг муҳими, аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик юқори туради.

Эътибор беринг, Ўзбекистонда 376 та қозоқ мактаби бор. Бир қатор олий ўқув юртларида қозоқ филологияси факультетлари фаолият кўрсатаяпти. «Обод маҳалла» дастурига киритилган Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳрини бориб кўринг, танимай қоласиз. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида 89 нафар кишига Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилган бўлса, шундан 14 таси бошқа миллат вакиллари, 3 нафари қозоқ миллатига мансуб. Қирққа яқин фан доктори, профессор, 250 дан ошиқ фан номзодлари Ўзбекистонда яшаб, ўз билимини, бой тажрибасини ёшларга ўргатаяпти.

Боя Бош муҳаррир ўринбосири Татьяна Кистанова янги лойиҳалар, ғоялар ҳақида сўради. Бизда ғоялар, лойиҳалар жуда кўп. Мактаб ўқувчилари учун ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонини, ғазалларини, халқимизнинг суюкли шоирлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповларнинг шеърларини қозоқ тилига таржима қилиб, дарсликларга киритдик. Жойларда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева мактаблари ташкил этилмоқда. Биз ҳам Навоий шаҳрида Абай мактабини ташкил этиш ҳақида иш олиб бораяпмиз, бу ҳақда ҳукуматга ҳам мурожааат этдик.

2020 йилда қозоқ ва ўзбек халқининг фахри бўлган буюк оқинимиз, шоир Абай Қўнонбоевнинг 175 йиллиги, буюк мутафаккир бобокалонимиз ал-Форобий таваллудининг 1150 йиллиги халқаро миқёсда нишонланади. Ҳозир ана шу тадбир доирасида жойларда учрашувлар ўтказаяпмиз. Яқинда бир коллежда учрашув ўтказилганида, ўқувчилар Абай ҳаёти ва фаолияти ҳақида иншо ёзишди. Унда биринчи ўринга сазовор бўлган ўқувчига «Спарк» автомашинаси, қолган ўринларни олганларга музлатгич, Қозоғистондаги олий ўқув юртига бепул йўлланма берилди.

Навоий вилоятининг адоқсиз саҳро-чўллардан иборат Учқудуқ туманидаги Жузқудуқ қишлоғи хароб аҳволга тушиб, тамоман ҳувиллаб қолган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил апрель ойида Навоий вилоятида бўлганида, Учқудуқ, Томди туманларида аҳоли турмуш тарзи билан танишди. Натижада мазкур туманлардаги бир қанча қишлоқлар, шу жумладан, Жузқудуқ қишлоғи ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилди. Бу ерда яшайдиган 56 та оила учун тўрт ой ичида янги маҳалла гузари қуриб берилди. 52 нафар ўғил-қизларимиз учун замонавий 9 йиллик мактаб барпо этилди, қишлоқ врачлик пункти қурилди, аҳолига тез тиббий ёрдам беришни ташкил этиш мақсадида унга Дамас автомашинаси ажратилди. 22 нафар кичкинтойлар учун мактабгача таълим муассасаси қурилди. Ўйдим-чуқур бўлиб ётган ягона кўчага асфальт ётқизилиб, чироқлар ўрнатилди. Энди бу ерда ҳаёт қайнаяпти, маҳаллий аҳоли учун кичик тадбиркорлик корхоналари ташкил этилаяпти. Қаранг, олис бир саҳрою-биёбонда, жуда озчиликни ташкил этадиган аҳолига қанчалик ғамхўрлик! Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Бугунги кунимизга кўз тегмасин. Ўзбек-қозоқ халқи эт билан тирноқдек, уни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Яна бир гапни айтиш эсимдан чиқибди, миллий-маданий марказимиз туризмни ривожлантириш устида ҳам иш олиб бораяпти. Бизнинг саъй-ҳаракатимиз билан 2018 йилда 50 минг, 2019 йилда 70 минг қозоғистонлик сайёҳлар Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларини кўриб кетишди. Кейинги йилда улар сонини 200 мингга етказиш ҳаракатини қилаяпмиз.

Ильхамия ЯЗЫДЖИЕВА, Тошкент шаҳар қрим-татар миллий-маданий маркази фаоли:

– Биз қрим-татарлар ўзбек халқидан жуда миннатдормиз. Бунинг сабаби шундаки, 1944 йилда қрим-татарлар гарданига «сотқин» деган тамғани босиб, тарихий ватанидан Ўзбекистонга кўчиришганига қарамасдан, ўзбек халқи бу ерга келган оилаларга ўз бағридан жой берган, бир бурда нонини бирга баҳам кўрган. Ўшанда отам урушда бўлган экан, буви-боболаримизни, қариндош-уруғларимизни Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига кўчириб келишган. Отам урушдан қайтиб, сўраб-суриштириб, оиласини топиб келган. Шундан кейин мен туғилганман.

Онам мактабда ўқитувчилик қилган. Булунғурда корейс, қрим-татар, немис, рус, украин, уйғур, туркман, тожик ва бошқа миллат вакиллари жуда аҳил яшаган. Онам менга, уларга ўзбек тилини ўрганинглар, дунёнинг ҳар томонидан сиғинди бўлиб келган турли миллат вакилларига уйининг, қалбининг тўрини берган бу халқнинг ўзи ҳам, тили ҳам азиз, дерди. Шахсан мен ўзбек халқининг меҳрини ҳеч нарсага алмаштиролмайман. Чунки бундай меҳрли, кўнгли очиқ халқни бошқа жойда учратганим йўқ. Шунинг учун бирор жойга бориб, узоқроқ қолиб кетсам, Ўзбекистонни соғинаман, тезроқ қайтиб келишга ошиқаман.

Қрим-татар миллий-маданий марказида ёшларга урф-одатларимизни, ёзувларимизни ўргатамиз, Ўзбекистонда ўтказиладиган барча байрамларда, тадбирларда ўз урф-одатларимизни намойиш қиламиз, қўшиқлар куйлаймиз. Бундан ташқари, ҳар йили 22 сентябрда ҳосил баракаси ва тўйлар мавсуми сифатида нишонланадиган «Дервиза», янги йилнинг бошланиши сифатида 22 декабрда нишонланадиган «Йил гежеси» каби байрамларимиз бор, бу тадбирларни бошқа миллат вакилларини таклиф этиб, улар билан бирга нишонлаймиз. 22 декабрда ўзимизнинг «кубете» деб аталадиган улкан пирогимизни пишириб, ўртасига қайнатиб пиширилган тухум қўямиз. Бу янги йилнинг бошланиши, келажагимиз ойдин бўлиши маъносини англатади.

Исроил элчиси Ўзбекистонга таъриф берганида: «Бу мамлакат яҳудийлар қувғин қилинмаган дунёдаги ягона мамлакатдир» деган экан. Қрим-татар миллий маданий маркази фаоли Фебзи Якубовнинг ёзган китобида шундай сатрлар бор: «Сингапур микротехнология, Германия саноат техникаси, Нидерландия қишлоқ хўжалигида энг илғор ўринда туради десак, унда шак-шубҳасиз Ўзбекистон бошқа миллат ва элатларнинг шаъни ва қадр-қимматини қадрлашда энг олий ўринда туради». Бу қрим-татар халқи таниқли вакилининг самимий эътирофи, ўзбек халқига берилган баҳоларнинг энг аълоси, деб ҳисоблайман. Биз Ўзбекистондай бағрикенг юртда яшаётганимизга шукрона айтамиз.

Жахсилиқ ЖЎРИКБОЕВ,

қозоқ миллий-маданий маркази Чирчиқ шаҳар бўлими раиси:

– Мен илгари Чирчиқда автобус паркида ишлаганман. Санъатдан ҳам хабарим бор, буюк оқинимиз Абай шеърларига куй басталаб, йиғинларда ижро этаман. 2018 йилда телевизорда Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг учрашувини, уларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббатини кўриб, ўша кеча ухлолмай чиқдим. Эртаси куни эрталаб шаҳар ҳокимининг ҳузурига кирдим, ўзбек-қозоқ дўстлигининг рамзи сифатида ўзимга тегишли жойдан Дўстлик уйи қурмоқчилигимни билдирдим. Ҳоким менинг бу ташаббусимни қўллаб-қувватлади, Ҳозир 2 қаватли Дўстлик уйи битай деб қолди, Худо хоҳласа, бу ерга 9 та миллий-маданий марказ жойлашади. Чирчиқ давлат педагогика институтида қозоқ филологияси факультети очилиб, бу йил 25 нафар талаба қабул қилинди. Шулар орасидан санъатга иштиёқи, истеъдоди бўлган ёшларни танлаб олиб, ансамбль тузмоқчиман. Бу борада институт раҳбарияти билан меморандум имзоладик.

Ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтказилган эди, бу йил  Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинган. Ана шу муносабат билан биз шу йилнинг декабрь ойида Абай таваллуд топганлигининг 175 йиллигига бағишлаб фестиваль ўтказишни ва талабалар билан бирга спектакль қўйишни режалаштирганмиз, шунга тай­ёргарлик кўраяпмиз. Биз оға-ини халқмиз, шундан фахрланамиз.

Ўлжабой ҚАРШИЕВ,

мустақил журналист:

Маълумотларга қараганда, ҳозир дунёда 13 миллион бола тўйиб овқат емайди, кийим-кечаги йўқ, мактабга бормайди, чунки имконияти йўқ. Бизда Худога минг қатла шукр, бу ерда яшаётган барча миллат вакиллари фарзандлари учун ҳамма шарт-шароитлар муҳайё қилинган, улар тинч-фаровон мамлакатда униб-ўсаяпти.

Кейинги икки-уч йил ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим соҳасида амалга оширилган ва давом этаётган ислоҳотлар халқимизни қувонтирмоқда, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Турли миллатлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ватандошларимиз онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини шакллантиришда албатта миллий-маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти беқиёс ва уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Лекин таассуф билан айтиш керакки оммавий ахборот воситалари ана шу масалани етарлича ёритиб бормаяпти. Буни биз журналистлар тан олишимиз керак.

Бугун дунёнинг мафкуравий манзараси кундан-кунга ўзгариб бормоқда. Айрим мамлакатларда юз бераётган беқарор вазият эртага қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Ана шундай бир шароитда неча минг йиллик тотувлик ва аҳиллик анъанасига эга бўлган Ўзбекистон дунё халқларининг тинчлиги ва омонлиги учун намунадир, деб ўйлайман.

Ўзбекистонда Далварзинтепа манзилгоҳидан уд чалаётган будда ҳайкалчаси топилиши, диний конфессияларнинг эркин фаолияти, хоҳ мусулмон, христиан ёки яҳудий бўлсин, ҳазрати Дониёр қабри зиёратига шошилиши бу заминда азалдан бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик устувор бўлганлигидан далолат беради.

Инсонга нима керак? Тинчлик керак. Тинчлик бўлмаган жойда хотиржамлик, барқарорлик бўлмайди, Миллатчилик, сепаратизм каби сиёсий ўйинлар, фитналар аслида маълум бир манфур сиёсий оқимларнинг миллатларни бир-бирига гиж-гижлатишга, ўйиндан ўт чиқаришга қаратилганини ҳаммамиз яхши англаб етмоғимиз керак. Уларнинг найрангидан ҳамиша огоҳ бўлиб яшашимиз, халқлар, динлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашимиз кундалик ишимизга айланиши керак. Чунки Бош Қомусимизнинг 31-моддасида ёзилганидай, Ўзбекистонда ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.

Фирдавсий ГУСЕЙНОВ, Озарбайжон миллий-маданий маркази раиси:

– Бизнинг миллий-маданий марказимиз ўз таркибида 7 та ҳудудий филиалларни бирлаштирган бўлиб, улар Самарқанд, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятлари, ва Тошкент шаҳрида фаолият юритади. Ўзбекистондаги 40 мингдан ортиқ озарбайжон диаспораси бошқа миллатлар вакиллари билан ҳамжиҳатликда яшайди. Улар орасида турли соҳада муваффақият қозонган, мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётган касб эгалари, тадбиркорлар, зиёлилар, фан докторлари ва профессорлар бор.

Биз ўзимизни Ўзбекистон фарзанди деб биламиз ва бундан фахрланамиз. Миллий-маданий марказимиз қошида оқсоқоллар кенгаши, хотин-қизлар кенгаши фаолият олиб боради. Улар миллий қадриятларимизни, анъаналаримиз, урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ривожлантиришда ёшларимизга ўрнак бўлиб келмоқда. Шунингдек, марказ қошида халқ чолғу ансамбли, бадиий ҳаваскорлик ансамбли, рақс ансамбли ишлаб турибди.

Ўзбекистонда ҳукм сураётган миллатлараро бағрикенглик асосини ЮНЕСКО томонидан «16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни» декларацияси, Ўзбекистоннинг Конституцияси ва тегишли қонунлари, «Ҳаракатлар стратегияси» ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 72-Ассамблеясидаги маърузасида илгари сурилган ғоялар ташкил этади, десам янглишмаган бўламан.

Олий Мажлис қошида нодавлат-нотижорат ташкилотларга грант тариқасида моддий ёрдам кўрсатадиган Жамоат фонди бўлиб, бизга ҳам икки марта грант берилди. Бизнинг минглаб йигит-қизларимиз турли олий ўқув юртларида таълим олаётир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор бериб келмоқда. Бундан жуда хурсандмиз. Фурсатдан фойдаланиб, Президентимизга инсонпарвар сиёсати, барча миллатлар манфаатини ўйлаб олиб бораётган ислоҳотлари учун миннатдорчилигимизни билдираман. Давра суҳбати давомида юртимиздаги бағрикенглик, миллатлараро ва динлараро муносабатлар, ўзаро тотувлик мустаҳкамланиб бораётгани кўп таъкидланди. Шунингдек, қўшни республикалар билан чегаралар очилгани, борди-келди эмин-эркин йўлга қўйилгани миннатдорлик билан тилга олинди.

Бош муҳаррир Сафар Остонов таъкидлаганидек, Давра суҳбати давомида бир масала алоҳида сезилиб турди. «Ўзбекистон – умумий уйимиз», деган сўзлар оддий шиор эмас, балки юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакилларининг қалб садосидир. Улар «Шу азиз Ватан барчамизники», деб яшамоқда ва шу Ватан тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нуруллоҳ ДОСТОН ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: