Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
08.10.2019

ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ИШБИЛАРМОНЛАРИ ТОШКЕНТДА ЙИҒИЛДИ

Пойтахтимизда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция ва бизнес форуми бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил сентябрь ойида кенгашнинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитида илгари сурилган ташаббуси доирасида илк бор ташкил этилди. Тадбирда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ишбилармон доираларининг 300 нафарга яқин, шунингдек, Ўзбекистон томонидан вазирлик ва идоралар, тадбиркорлик субъектларининг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов меҳмонларни қутларкан, Туркий кенгаш аъзо давлатлар ўртасида амалий ҳамкорликни, биринчи навбатда, савдо, инвестиция, инновация, транспорт, туризм, маданий ва гуманитар алмашинув соҳаларини ривожлантиришга ёрдам берувчи самарали минтақавий тузилма эканини таъкидлади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдат Амреев, ўз навбатида, Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик ва сармоявий муҳитни яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ўз атрофида туркий давлатларни бирлаштирган йирик халқаро ташкилотдир. Тузилманинг асосий мақсади аъзо мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Айни пайт кенгашга тўрт давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо. Венгрия кузатувчи мақомига эга. Ташкилот таркибига Истанбулда жойлашган Давлат раҳбарлари кенгаши, ташқи ишлар вазирлари кенгаши, юқори мартабали шахслар қўмитаси, Туркийзабон давлатлар оқсоқоллар кенгаши ва котибият киради. – Мамлакатимизни туркий тилли давлатлар билан кўп асрлик тарих боғлаб туради, – дейди анжуманда кузатувчи сифатида қатнашаётган давлат – Венгрия вакили, Будапешт Савдо-саноат палатаси бошқаруви аъзоси Йозеф Ковач. – Биз ушбу минтақани, хусусан, Ўзбекистонни ўзимиз учун ҳар томонлама яқин ҳамкор сифатида эътироф этамиз. Кенгаш доирасидаги тадбирларда кузатувчи мақомида иштирок этган давримизда Венгрия учун жуда кўп имкониятлар очилди. Яқин орада ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлишдан умидвормиз. Будапешт Савдо-саноат палатаси ўтган асрнинг 50-йилларида ташкил этилган бўлса-да, фақат сўнгги 15 йилда ривожланиш босқичига кўтарилди. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзолик биз учун тараққиётнинг янги саҳифасини очиши, шубҳасиз.

Кенгаш аъзоларининг бу галги учрашувида аъзо давлатлар ташкилотлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш, савдо, саноат ва тадбиркорлик соҳаларида минтақавий муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Туркий савдо палаталари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Мажлисда кенгаш фаолияти аъзо мамлакатларнинг минтақалараро ҳамкорлигини кенгайтиришга йўналтирилгани қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Туркий Савдо палатаси аъзолигига кириши масаласини муҳокама қилди. 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий кенгашнинг 7-саммити доирасидаги Туркий Савдо палатаси аъзолари йиғилишида тегишли кўп томонлама меморандум имзоланиши режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг кенгашга аъзо бўлиши савдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароит яратишга, маҳсулот, капитал, хизмат ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишига босқичма-босқич ўтиш учун божхона ва транзит тартиб-қоидаларини, молия-банк амалиётини соддалаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Туркий кенгаш раҳбариятининг фикрича, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга кириши тарихий воқеа. Бу кенгаш фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, туркийзабон давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга ёрдам беради.

Жорий йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. Шу билан мамлакатимиз ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланди.

Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши доирасида Инвестиция ва бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда 500 дан зиёд иштирокчи, жумладан, кенгашга аъзо давлатлар савдо-саноат палаталари раислари, юқори даражадаги ҳукумат вакиллари, аъзо мамлакатлардан ишбилармонлар иштирок этди.

Форум туркий дунё ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам платформа яратишга, Ўзбекистон ва туркийзабон давлатлар ўртасида тадбиркорлик, савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишга қаратилди.

Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатини таъкидлаб, ҳукуматнинг иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий сармоядорлар учун зарур шарт-шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолади.

Инвестиция ва бизнес форуми доирасида, шунингдек, туркийзабон давлатлар ишбилармон доиралари иштирокида "B2B" форматдаги учрашувлар бўлиб ўтди. Мулоқотлар давомида томонлар мамлакатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: