Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
08.10.2019

Жаннатим, кўнглимга эккан гулимсан

Сирдарё вилояти аграр вилоятдан саноати гуркираб ривожланаётган ҳудудга айланмоқда, обод ва кўркам бўлмоқда, чинакамига боғу бўстонга айланмоқда.

Ш. МИРЗИЁЕВ:

Ишонч бўлса, ҳаракат бўлади, ҳаракат бўлса, натижа бўлади. Натижа бўлса, ҳаётимиз яхши бўлади.

Киндик қонинг томган муқаддас тупроқ–она Ватан ҳақида сўз айтишга чоғланганингда, беихтиёр кўнглингда нимадир тоғдай юксалиб, кўзларингга ёш қалққанини сезмай қоласан, энтикасан. Зотан, ўзинг улғайган заминнинг майсаси-ю, гулу гиёҳи, ҳар бир дарахтининг илдизлари юрагингга чирмашиб кетган.   Субҳидамда юзларингни сийпалаган насим, ҳар тонг кўнглингга мунавварлик олиб кирган қуёшининг ҳароратли ёғдулари сени эзгу ишларга даъват қилади.

Бугун Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган  ўлкан бунёдкорлик ишлари, айниқса, навқирон Гулистон шаҳрининг бугунги жамоли кўзларни қувнатади, дилларни яйратади.  Анвойи гулларга бурканган сўлим хиёбонлар, равон кўчалар, маҳобатли кўприклар, салобат билан қад кўтараётган кўп қаватли турар-жойлар бинолари шаҳарнинг кўркига-кўрк қўшмоқда. Икки йил муқаддам Гулистонда бўлган одам бугун келса,  унинг кўчаларида  ҳамроҳсиз адашиб қолиши ҳеч гап эмас.

Нафақат Гулистон шаҳри, балки, вилоятнинг барча туманларида олиб борилаётган кенг кўламли ободончилик ишлари кўрган кўзни қувнатади. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида Ховосда қурилаётган 30 та беш қаватли бино шаҳарча қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.  Кўп қаватли уйларда замон талаблари даражасида жиҳозланаётган коммуникация, канализация ва бошқа тармоқлар комплекс тарзда амалга оширилмоқда.  Бундай бунёдкорлик ишлари Сайхунобод, Сирдарё ва Сардоба туманларида ҳам жадал давом этмоқда. Сайхунобод туманидаги «Сайхун планет» савдо мажмуаси   эндиликда бутун вилоят аҳлига хизмат кўрсатмоқда. 

Мамлакатимиз Президентининг алоҳида ­эътибори ва ғамхўрлиги, яратилаётган имкониятлар шарофати билан Сирдарё вилояти аграр вилоятдан ишлаб чиқариш саноати ривожланган ҳудудга айланмоқда. Вилоятдаги кўплаб қўшма корхоналарда, тадбиркорлик субъектларида янги-янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги муаммолари бартараф этилмоқда. Айниқса, чекка қишлоқлардаги хотин-қизларни, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи катта–кичик мутасаддиларнинг диққат эътиборида турибди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тадбиқ этилган, Сирдарёда туғилган беш ташаббуснинг  мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч отгани сирдарёликларни тамоман руҳлантириб юборди. Айни пайтда бу йўналишдаги ишлар қизғин давом этмоқда. Айниқса, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни  кўплаб ишлаб чиқариш борасида берган кўрсатмалари бугунги кунда Сирдарё туманидаги «Пенг-шенг», «Мега Люкс», «Сирдарё универсал ойна», Гулистон шаҳрида жойлашган «Зиннур» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхоналари фаолиятини янада жонлантириб юборди. Эндиликда улар вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Масалан, «Сирдарё универсал ойна» қўшма корхонасида хотин-қизлар ва  ёшлар учун 500 та иш ўрни яратилди.  Ишлаб чиқараётган маҳсулотлари эса, хорижга экспорт қилинмоқда. Гулистон шаҳрида жойлашган «Бест фейшн» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасининг трикотаж маҳсулотлари, Сирдарё туманидаги «Река-мед-фарм» корхонасида дори-дармонлар учун махсус шиша идишлар ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу корхоналарда асосан ёшлар хизмат қилмоқда.

Мирзаобод туманида фаолият юритаётган «Бек-Кластер» — кўп тармоқли ишлаб чиқариш бирлашмаси хотин-қизларимизга иш ўринлари яратиш борасида  ибрат бўлмоқда. Сардоба туманида бунёд этилган «Сардоба сув омбори» минглаб ёшларни иш билан таъминлади. Айни пайтда, сув омбори соҳилларида янги  боғлар яратилмоқда,   дам олиш ҳудудлари ва оромгоҳлар барпо этилмоқда. Келажакда бу дам олиш масканлари вилоятга келаётган хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортадиган оромгоҳларга айланади. Сирдарё вилоятининг ўзига хос тарихи, бой маданий мероси, урф-одатлари ва анъаналари мавжуд. Қадимий Ховос тепалигида олимларимиз олиб борган илмий изланишлар, археологик қазишмалар воҳамиз 2500 йиллик тарихга эгалигидан далолат бермоқда. Ушбу маскан ҳам яқин йилларда  туристик манзиллар қаторида хорижлик сайёҳларда  катта қизиқиш уйғотади, деб ўйлаймиз.

Халқ хўжалигининг турли тармоқларини ривожлантириш учун вилоятга хориж инвестициясини жалб қилиш масаласи доимий эътиборда. Шу йилнинг 22-23 август кунлари ўтказилган I Халқаро инвестиция форуми Сирдарё тарихида ёрқин из қолдирди. Унда 200 дан ортиқ хорижий компанияларнинг раҳбарлари иштирок этди. Мазкур форумнинг Сирдарё вилоятида ўтказилишидан мақсад – Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига чуқур интеграциялашувини таъминлаш, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд имкониятлар тўғрисида хорижий ҳамкорларга маълумотлар бериш ҳамда иқтисодиётимизнинг шаффофлигини таъминлашдан иборат эди.

Тадбир доирасида Сирдарё вилоятининг ички имкониятлари ҳамда инвесторларнинг эътиборини жалб этувчи устувор йўналишлар қуйидагилардан иборат бўлди:

биринчидан, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни ишга солиш – пахтачилик кластери, замонавий гидропоник иссиқхоналар, интенсив боғлар, логистика марказларини қуриш, шунингдек чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик кластерларини ташкил қилиш;

иккинчидан, саноат соҳаси, шу жумладан енгил саноат, ипакчилик, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё саноати ва шу билан бирга муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантариш;

учинчидан, туризм, шу жумладан, янги мехмонхоналар, истироҳат марказлари ва бошқа туризм инфратузилмаларини ривожлантириш.

тўртинчидан, технопарклар ва хорижнинг етакчи олий ўқув юртларининг филиалларини ташкил қилиш, хусусий тиббиёт ҳамда ахборот коммуникация технологияларини ривожлантиришни кўзда тутади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш учун давлат томонидан истисно тариқасида тақдим қилинаётган имтиёз ва преференциялар мавжуд. Охирги икки ярим йил давомида Сирдарё вилояти шароити ва имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун давлатимиз раҳбари томонидан кўплаб имтиёз ва қулайликлар тақдим этилган. Инвестицион форумда 200 млн. доллардан ошиқ инвестицион ва экспорт шартномалари имзоланди.

Ушбу форумдан илгарироқ Италия давлатидаги Ўзбекистон элчихонасининг ташаббуси билан жорий йил 9 июнь куни Италия давлати компаниялари вакилларидан иборат делегация аъзолари вилоятимизга ташриф буюрган эди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўйиш, вилоятда хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш ва маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Ташриф давомида «Рим архитекторлари» уюшмаси президенти Флавио Манжионе келажакда архитектура, ишлаб чиқариш технологиялари ва турли касб эгаларининг кўникма ва малакаларини ошириш бўйича вилоятимизда ўқув курслари ташкил этиб, доимий равишда ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишини маълум қилди. Шунингдек, «Виваи Занзи» компанияси президенти Жиованни Занзи вилоятда интенсив боғдорчиликни ташкил этиш мақсадида қисқа муддат ичида мазкур лойиҳанинг бизнес режаси тақдим этилиши ҳамда ушбу лойиҳани самарали ишга тушириш учун вилоят ҳудудидан ер майдони ажратиш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари вилоят ҳокимлиги ва «Рим архитекторлари» уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум, «Сирдарё мебель фабрикаси» МЧЖ ва «Классимо» компанияси ўртасида умумий қиймати 1 млн. АҚШ доллари бўлган «Классимо» бренди остида маҳаллий ва хорижий бозорлар учун мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида инвестиция шартномаси имзоланди.

Бу янгиланишлар аввало энг долзарб масалалардан бири бандликни ҳал этмоқда. Иккинчидан, Президентимиз қўйган муҳим вазифа–экспортбоб ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ўзимизнинг хомашё ва имкониятлардан фойдаланиб, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш, кўламини кескин ошириш таъминланмоқда.

Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида Сирдарё тумани «Истиқбол» маҳалласида «Сирдарё Барака Чеварлари» масъулияти чекланган жамиятига қарашли 125 иш ўрнига эга, замонавий тикув машиналари билан жиҳозланган янги тикувчилик корхонаси фойдаланишга топширилди. «ARGE FASHION» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси томонидан киритилган сармоя ҳисобига «Ўзпахтасаноат» уюшмаси барпо этган замонавий бинога 100 дан зиёд тикув машинаси келтириб ўрнатилди. Мазкур тикув корхонаси ишга туширилиши натижасида 125 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Тикувчилик фабрикасида аёллар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан,   60 ўринли ошхона, 2 маҳал енгил нонушта, 1 маҳал тушлик бепул йўлга қўйилган. Ходимларнинг ишга келиб кетишлари учун 2 та замонавий русумдаги автобус бепул хизмат кўрсатади. Эътиборлиси, бу ерда тикиб, тайёрланаётган аёллар, болалар ва катталар кийим-кечаклари Россия давлатига тўлиқ экспорт қилинади.  Ана шундай тикувчилик  корхоналари Ховос, Оқолтин, Сайхунобод туманларида ҳам ишга туширилди. Бу корхоналарнинг ҳар бирида иш икки сменада ташкил қилиниб, жами 240 нафар аёл иш билан таъминланди. Худди ана шундай тикув корхоналари Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Сардоба туманларида ҳам қуриб битказилган, иш фаолиятини бошлаш арафасида. Мана шу корхоналар тўлиқ ишга туширилса, бу йил охиригача хотин-қизлар учун 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳақида гапирганда, вилоятда Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг иш бошлаганлигини айтиб ўтиш ўринлидир. Ижод мактабига 120 нафар иқтидорли ўғил-қиз қабул қилинди. Ижод мактаби учун қурилаётган махсус бино лойиҳаси учун 7 млрд сўм маблағ ажратилган эди. Унда фарзандларимизнинг яйраб билим олишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Вилоят мусиқали драма театри янгидан таъмирланиб, ишга туширилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими томонидан вилоят ижодкорларининг «Сайхун саболари» номли шеърий, «Сирдарё мавжлари» номли насрий антологиялари нашрга тайёрланди. Ушбу антологиялар «Ижод» жамоат фонди томонидан нашр этилиб, вилоятнинг олий ўқув юртлари ва мактабларнинг кутубхоналарига тарқатилади. Шунингдек, «Сирдарёдаги улуғвор ўзгаришлар» номли бадиий-публицистик тўплам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан нашрга тайёрланмоқда.

Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, Иккинчи жаҳон уруши   қатнашчиси Бектурсун ота Пирматов шундай дейди:

– Ёшим юзга бораяпти, бугун Гулистоннинг жамолини кўриб, мамлакатимиздаги улуғвор янгиланишларнинг гувоҳи бўлиб, умргузаронлик қилиб юрганим учун яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Мен мана шу шаҳарнинг, вилоятимизнинг тарихини жуда яхши биламан, шаҳримизнинг ўрнида кападай-кападай қамишлар ўсиб ётарди. Қишда ботқоқ, ёзда чанги осмонни тутиб ётган кўчалари кўз ўнгимда. Вокзалимиздаги темир йўл бекатида катта-катта ҳарфлар билан «Голодная степь» деган ёзув осилиб турарди. Ҳар кўрганда юрагим увишарди. Мана бугун чўл ўрнида муҳташам шаҳарлар қад кўтарди. Бу ҳаммаси мустақиллик шарофатидан, муҳтарам Президентимизнинг Сирдарё вилоятига бўлган эътибори натижаси деб ўйлайман. Илоҳим, бу ишлар бардавом бўлсин.

Мухтасар қилиб айтганда, Сирдарё воҳасида улуғ ўзгаришлар, юксалишлар юз бермоқда. Бу юксалишларнинг замирида сирдарёликларнинг самарали, заҳматли меҳнати, ҳамжиҳатлиги ва ташаббускорлиги ётибди. Улар ўз  меҳнатлари роҳатини ҳам кўришмоқда, ҳаётлари фаровонлашиб бормоқда. Биргина мақолада Сирдарё воҳасида бўлаётган ўзгаришларни  баён этмоқ мушкул. Бугунги ўзгаришлар ҳақида, бугуннинг қаҳрамонлари ҳақида насиб этса, ҳали катта асарлар яратилади. Бир пайтлар «қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куйган» чўлларни ўзлаштирган ота-боболаримиз бизларга мерос қилиб қолдирган воҳа бугун чинакам Гулистонга айланиб, гулларга бурканди. Биз ҳам ўз фарзандларимизга дунёнинг машҳур шаҳарларидан қолишмайдиган муҳташам шаҳарлар, обод ва шинам қишлоқлар, гулларга чўмилган сўлим хиёбонлар ва равон кўчаларни, маданият ва истироҳат муассасаларини – бир сўз билан айтганда, озод ва обод Ватанни мерос қилиб қолдирамиз.

 

Кўкламни чўлларга бурган элимсан,

Бир сўзли, аҳдида турган элимсан,

Яхши-ёмон кунни кўрган элимсан,

Болангман, эркалаб юрган элимсан

Жаннатим, кўнглимга эккан гулимсан.

 

Гаплашсанг юраги кўриниб турган,

Кўнглингни олишга уриниб турган,

Феъли дарёсидай вазмин, сокиним,

Қош-кўздай қадрдон дилга яқиним

Онамсан, оғамсан жон-у дилимсан

 

Офтоб ўпиб ўтар айвонларингни,

Ифорин ҳовучлаб райҳонларингни,

Кезиб лолазорлар сайхонларингни

Таърифин изласам имконларингни

Ой каби тўлинсан, гулдай сўлимсан...

 

Ҳаётхон Ортиқбоева,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган

маданият ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: