Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
01.09.2019

СОҒЛОМ АВЛОД ЮРТ ТАЯНЧИ

Тарихдан маълумки, соғлом авлод масаласи – бутун бир халқ, миллат тақдири масаласи саналади. Зеро, мамлакат келажагини ҳар томонлама соғлом, маърифатли ва билимли авлодлар юксалтирган ва ҳимоя қилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ соғлом авлодни тарбиялаш давлат сиёсати миқёсига кўтарилди. Ўтган давр мобайнида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан,  1993 йил 4 март куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Фармонига мувофиқ  мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ордени — «Соғлом авлод учун» таъсис этилди. Шунингдек, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилди.

Ушбу улкан эзгу ишлардан кўзланган ниятлар ҳам катта эди. Бош мақсад, бош ғоя — «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!»

Бу борада энг аввало ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, миллат генафондини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилгани барчамизга маълум.

Маълумки, республикамизда давлат миқёсидаги ишларни амалга ошириш мақсадида ҳар бир йилга алоҳида ном бериш анъанаси мавжуд. Ўтган йиллар давомида соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш,  энг чекка ҳудудларда ҳам тиббиий хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтиришдек эзгу мақсад йўлида қатор йиллар   «Соғлом бола йили»,  «Соғлом она ва бола йили», «Оила йили» ... деб номланган эди. Шулар асосида давлат Дастурлари қабул қилиниб, тиббиёт соҳасида кенг ислоҳотлар давом этиб келди.

 Ўтган йиллар давомида қандай қийинчиликларга, муаммоларга дуч келмайлик, соғлом авлод  тарбияси бир зум бўлса-да бошқа муаммолар соясида қолиб кетмади. Аксинча, мамлакат миқёсидаги юксак ва кенг ислоҳотларнинг олд жараёнларида турди.

Миллат генафонди ҳақида сўз юритилганда, биринчи навбатда оналар ва болалар саломатлиги, соғлом оила ва соғлом фарзанд тўғрисида ғамхўрлик қилиш назарда тутилади. Бугунги кунда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлашни таъминлайдиган замонавий перинатал марказлари, «Она ва бола» скрининг марказлари фаолияти такомиллаштирилаётгани, туғма ва ирсий касалликларни ташхислаш,  даволаш  ва улар профилактикасининг замонавий усуллари жорий этилаётгани ўз самарасини бермоқда.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди кўчма тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари 1996 йилда ташкил этилган эди. Халқ саломатлиги йўлидаги ана шундай улуғ ва масъулиятли фаолият бошланганига йигирма  уч йилдан ошди.  Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар, чора-тадбирлар бугун янги босқичга кўтарилди.

2016 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев «Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир», дея алоҳида таъкидлаб ўтди. Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида қатор ишларни амалга оширишга эришилди.

Ўтган даврда қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этиш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилди ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона марказлашган тизими яратилди, фуқароларга, жумладан, жойларда юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тармоғи такомиллаштирилиши давом этмоқда.

Бугунги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси, урология, терапия ва тиббий реабилитация, эндокринология, пульмонология ва фтизиатрия, акушерлик ва гинекология, дерматология, венерология, педиатрия ва бошқа йўналишлардаги махсус илмий-амалий тиббиёт марказларида юқори сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Ушбу шифо муассасаларида ҳар йили 50 мингга яқин юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилади, 600 мингдан кўпроқ беморга амбулатор хизмат кўрсатилади. Олимларнинг долзарб мавзулардаги илмий изланишлари натижасида тиббиётнинг йигирмадан зиёд йўналиши бўйича 1000 дан ортиқ даволаш-диагностика стандартлари ишлаб чиқилди.

2016 йил – Соғлом она ва бола йилида мамлакатимиз тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар, шунингдек, болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди.

2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниб, қабул қилинган Давлат дастурида ҳам аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши назарда тутилган.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ишлар давом этмоқда.

Оилаларнинг яшаб турган жойидаги санитар-гигиеник шароитни, оиладаги руҳий ҳолатни, оила аъзоларининг, айниқса, аёллар ва болаларнинг саломатлигини текшириб, тиббий, ижтимоий, руҳий ва иқтисодий ёрдамга муҳтожларни аниқлаш ўта муҳим вазифа. Шу мақсадда «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондининг Тиббий-ижтимоий патронаж кўчма бригадалари ташкил этилди. Уларнинг манзилли хизмати орқали қанча оилалар, аҳоли соғлиғи кўрикдан ўтказилиб, мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий патронаж тизими фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида фонд томонидан тиббий-ижтимоий марказ (ТИМ) ташкил этилган. Мазкур марказ томонидан оилаларнинг аҳволи ҳар томонлама ўрганилади, гуруҳларга ажратилади,  оиланинг умумий ҳолатини яхшилаш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бирга, тиббий-ижтимоий патронажнинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда туман, вилоятлар ва республика миқ­ёсида ўсиб келаётган ёш авлодни тиббий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий тарбиялашга ёрдам бериб  келади. 

Бугунги кунда фонднинг тиббий-ижтимоий патронажи 14 кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари орқали амалга оширилмоқда. Бу бригадалар аввало малакали шифокорлар, мутахассислар билан бирга замонавий моддий-техника билан таъминланган. Фонднинг  республикамиз барча вилоятларида, филиаллари, шаҳар, туманлардаги таянч масканлари, пойтахтдаги Тиббиёт ижтимоий маркази, ҳудудлардаги «Амбуланс» тиббий-ижтимоий патронаж бригадалари аҳоли саломатлигини сақлаш борасида фаолиятни фаол, изчил йўлга қўйди.

Патронаж хизматида соғлом она ва бола масаласи алоҳида, айтиш мумкинки, етакчи ўрин тутади. Оила – авлодлар давомининг манбаидир. «Соғлом бола  соғлом ва аҳил оиланинг меваси бўлиб, соғлом онадан соғлом бола туғилади», деган ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди. 

Тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси эса ҳар бир оиланинг яшаб турган жойи санитария-гигиенасини, оиладаги руҳий ҳолатини ўрганишда, оила аъзоларининг, айниқса, аёллар ва болаларнинг саломатлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам оилада тиббий маданиятни ошириш масаласига алоҳида аҳамият берилмоқда. Чунки оила юқори тиббий маданиятга эга бўлса, кўп касалликларнинг олди олинади. 

 Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий патронаж тизими фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида «Соғлом авлод учун» фонди томонидан Тиббий-ижтимоий Марказ (ТИМ) ташкил этилган.

Мамлакатимизда соғлом авлодни камолга етказиш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламдаги мунтазам ишлар ўз самарасини бермоқда, албатта. Расмий  маълумотларга кўра, тиббиёт соҳасидаги комплекс чора-тадбирлар натижасида оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан кўпроқ камайди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси эса 68 ёшдан 75 ёшга узайди.  

Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида эришилган натижалар халқаро миқёсда эътибор ва эътирофга сазовор бўлмоқда.  Хусусан,  «Savt the children» («Болаларни асрайлик») халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган дунёдаги ўнта мамлакат қаторидан жой олган.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини таъминлаш, оналик  ва болаликни муҳофаза қилишни янада яхшилаш, Оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида давлат тузилмалари билан бир қаторда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бугун ўтган йўлимиз, бажарган ишларимиз самарасига назар солиб баҳолаймиз.  Ислоҳотлар жараёни мураккаб, сермашаққат бўлса-да,  бугунги натижаларини кўриб, қувонамиз, фахрланамиз.  Чунки мамлакатимиздаги барча яратувчанлик соҳаларида соғлом авлод вакиллари асосий таянч сифатида бўй кўрсатмоқда. Уларнинг фан ва маданият, спорт ҳамда бошқа кўплаб соҳаларда эришган ютуқлари, ғалабаларидан ғурур туямиз, келажагимиз таянчи янада мустаҳкам бўлишига ишонамиз.  

Мамлакат томонидан бирор орден ёки медаль, нишон, унвонни таъсис этишда олий мақсад, юксак режалар тузилади, шунга муносиб натижалар кутилади. Мустақил Ўзбекистонимизда илк орден «Соғлом авлод учун», деб аталиши ва шу номдаги халқаро хайрия фондини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш эди. Соғлом авлод замирида  бутун бир халқ, миллат тақдири, келажаги турибди.  Давлатимиз раҳбари она ва бола саломатлиги масаласи мамлакатимиз бугуни, келажаги учун қанчалар муҳим аҳамиятга эга эканини  мунтазам таъкидлаб келмоқда. Демак, бажарилган ишлардан хотиржамликка тушмаслигимиз, янада катта масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилишимиз зарур бўлади.

Светлана ИНАМОВА,

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси, 1 даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: