01.09.2019

ДУНЁНИНГ 300 ГА ЯҚИН ОЛИМИ ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИГА МУРОЖААТНОМА ЙЎЛЛАДИ

Аввал хабар қилинганидек, 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар ва маданиятлар»  мавзусида маданий мерос ҳафталиги ўтказилди. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, Туризимни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа қатор вазирлик ҳамда идоралар халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, шунингдек, нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи «Eriell Group»  компанияси кўмагида ташкил этилган анжуман доирасида турли конференциялар, кўргазмалар, тақдимотлар, давра суҳбатлари, илмий-амалий мулоқотлар, тарихий обидаларга саёҳатлар, маданий-маърифий кечалар уюштирилди.

Жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг III конгрессида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафарга яқин олим, мутахассис, музей, кутубхона ва бошқа илмий муассасалар раҳбарлари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Мазкур конгрессда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш билан боғлиқ юзлаб маърузалар тингланди, янги кашфиётлар эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, конгресс арафасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти Парижда юридик рўйхатдан ўтказилиб, расмий мақомга эга бўлди.

Конгресс якунида Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга мурожаатнома қабул қилди.

Унда жумладан, шундай дейилади:

«...Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида зарурий шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган юксак фаолиятингиз учун Сизга самимий эҳтиромимизни изҳор этишга ижозат этгайсиз. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга йўналтирилган ҳамда «Моддий ва номоддий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси»  мавзусидаги халқаро конференция қатнашчиларига йўллаган табригингизда тилга олинган ташаббусларингизни биз ўта муҳим аҳамиятга эга деб биламиз.

Ушбу ташаббусларни тўлақонли баҳолашимизга имкон берган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги давомида яратилган ажойиб имкониятлар учун Сиздан миннатдормиз.

Таъкидлаш жоизки, Сизнинг юксак қўллаб-қувватлашингиз туфайли амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ўзларининг касбий қизиқишларини, айни пайтда илмий ҳаётини ҳам Ўзбекистонни ўрганиш билан боғлаган хорижий ва маҳаллий олимларни бирлаштириш учун беқиёс шароитлар яратди. Дунё илмий кучларининг бирлашуви, олимларнинг ўзига хос халқаро илмий лабораторияси юзага келгани жамиятимизнинг кучли томонларидан бири дейиш мумкин. Шунга боғлиқ равишда биз Ўзбекистонга маданият ва санъат тарихига оид тадқиқотлар, маърифат ва таълим соҳаларида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигимизни билдирамиз» .

Мурожаатда таъкидланганидек, учинчи халқаро анжуман кунларида Бутунжаҳон жамияти халқаро дипломатиянинг самарали шакли бўлиб, халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга, энг муҳими, жаҳон саҳнасида Ўзбекистоннинг маданий нуфузини оширишга хизмат қилади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги ташкилотчилари узоқ йиллардан буён кенг жамоатчиликка намойиш этилмаган Далварзин хазинасининг дунёга машҳур олтин буюмлари тақдим этилган «Кушон салтанати ва унинг жаҳон цивилизациясининг ривожланишига қўшган ҳиссаси»  кўргазмасида ҳам иштирок этишди. Илк эллинизмнинг бетакрор ёдгорлиги, археологларга Кампиртепа номи билан маълум бўлган Амударё соҳилидаги Окс Александрияси – юнон истеҳкомининг тантанали очилиши ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур жамият аъзолари томонидан шу пайтга қадар «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида»  лойиҳаси доирасида 20 та китоб-альбом чоп этилди ва яна 13 таси нашрга тайёрланмоқда, 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди.

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: