01.09.2019

ШУКУҲЛИ КУНЛАР ШУКРОНАСИ

Бугун буюк бунёдкорлик сари ташлаётган қадамларимизда ўзгача шиддат бор, ўт-олов бор. Одамлар кайфиятида ажиб бир кўтаринкилик, эртанги кунга ишонч, энг муҳими, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси бор. Бу руҳ сайловчиларим билан юзма-юз мулоқотларда, учрашувларда яққол акс этяпти. Ахир кечагина суҳбатимиз мавзуси тамомила бошқача эдида. Рости, бундан 3-4 йил илгари сайловчилар билан бўлган учрашувларда пластик карточка, нақд пул муаммолари, электр энергиясидаги узлуксиз узилишлар, уй-жой танқислиги, бандлик масалалари кўтарилар эди. Сайловчиларимнинг саволлари, эътирозлари асосан қуйидагича бўларди:

— Бир оилада 5 рўзғормиз, 1 хона бўлса-да уй қуришга ер ажратишни сўраб, бош уриб бормаган идорам қолмади...

— Коллеж 3 километр узоқда. Транспорт йўқ. Бу ҳақда ҳам ўйлайдиганлар борми?

— Коллежни тугатганларга иш масаласи...

Учрашувларда қайта-қайта ана шу муаммолар тилга олинар, муаммоларнинг ечими борми ўзи, деган саволлар кўндаланг эди.

Бугун эса суҳбатимиз мавзуси олдингиларига ўхшамайди. Юқоридаги каби дилни ўртар саволлар деярли кўтарилмайди. Гўё, кечаги учрашувларда кўтарилган масалаларни, саволларни бугун ҳамма унутгандек. Шундай саволлар берилгани ёддан ҳам чиққандек. Чунки улар ўзининг ижобий ечимини топди. Бугун энг олис худудда ҳам чироқ ўчмайди. Пластик, нақд пул муаммоси фақат хотираларда қолди. Ота-оналарнинг мактабларда 11 йиллик мажбурий таълимни қайта жорий этиш хақидаги ниятлари ҳам амалга ошди. Президентимизнинг умумий ўрта, ўрта махсус ва касб ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони тизимдаги муаммоларга ечим топди. Жойларда йўл-транспорт инфратузилмасининг етарлича ривожланмагани туфайли ота-оналар фарзандининг узоқ коллеждан пиёда уйга қайтишини минг хавотирда кутмайди энди.

Бугун энг катта муаммо бўлиб келган уй-жой масаласи ҳал бўлаётганидан аҳолининг қувончи чексиз. Ўзининг уйи-жойи бўлишини орзу қилганларнинг нияти амалга ошмоқда. Кам таъминланган оилалар, якка ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотганлар ҳам бугун давлат, фуқароларнинг тинчини ўйлайдиган халқпарвар сиёсат олиб борилаётганини юракдан сезишмоқда.

 Дарҳақиқат, Президентимиз ва ҳукумат кўрадиган асосий ҳимоя чоралари энг аввало ногиронлар, етим-есирлар, қариялар, кўп фарзандли оналар, талабалар ва мактаб ўқувчилари манфаатига хизмат қилмоқда. 2018 йилнинг 24 ноябрида қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларининг ижроси давомида кўз қувонадиган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Муҳими, одамларнинг уй-жой шароити яхшиланди. Шаҳар, туманларда инфратузилмани ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Бу эса қатор муаммоларга барҳам беради. Оилалар яшаш тарзига, фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади. Ёш оилаларнинг мустақиллиги, мустаҳкамлигини таъминлаш билан бирга, турли низолар ва ажримларнинг олдини олади. Фаровон турмуш эса аввало тинчлик бор жойда кафолатланади. Айнан тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ривожланишни таъминлайди. Ҳамма соҳада мувозанатни сақлайди. Ҳар бир инсонга эртанги кунга ишонч ва умид билан қарашни ўргатади.

Ўзбекистон илк бор очиқ хусусиятга эга бўлган Мудофаа доктринасини қабул қилиб, ҳарбий соҳада мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашга доир усуллар ва ёндашувларни бутун дунёга эълон қилди. Номидан кўриниб турибдики, юртимизнинг ташқи сиёсати мудофаа руҳида тинчликпарвар сиёсат юритади. Яъни Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани, деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрларини инобатга олган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзга давлатлар ички ишларига аралашмаслик, барча низоларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш асосида қуради. Биз тинчликпарвар сиёсатимизни дунёга эълон қилдик.

Шунингдек, бугун Қонунчилик палатасида мудофаа тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги, фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки тўғрисидаги ва бошқа қонун лойиҳалари муҳокама этилмоқда. Қонун номларининг ўзиёқ, тинчликни сақлаш ҳар бир фуқаро учун шарафли бурч эканини англатади. Шубҳасиз, бу тинчлигимиз, осойишталигимиз, мудофаа қобилиятимизни янада юксалтиришга хизмат қилади.

Бугун сайловчиларимиз билан бўлаётган учрашувларда аҳоли қонун ижодкорлиги фаолиятимиз, қабул қилинаётган қонунлар ҳақида кўпроқ билишни исташяпти, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлашаяпти. Қувонарлиси, сайловчиларимиз уй тўйларига, янги мактаб, маҳалладаги янги боғча очилиши тадбирларига таклифлар кўпайиб бормоқда. Ахир кечагина узоқ йиллар навбат кутиб турган она бугун бу боласини ўз хоҳиши ва имкониятига қараб, болалар боғчасига бермоқда. Хусусий тадбиркорлар давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасаларини бунёд этмоқда. Маҳаллада бир нечта боғчанинг борлиги туфайли навбат, деган ташвишга чек қўйилмоқда. Демак, бу муаммо ҳам ўз ечимини топмоқда.

Сайловчиларим билан бўлган байрам арафасидаги учрашувларда 85 ёшли Эргаш отанинг ғурур билан айтган сўзларини эсладим:

— Кеча «Афросиёб» поездида Тошкентга бориб келдим. Тезюрар поезд дегани юрмас экан, учаркан. Яқин-яқингача кунимиз, тунимиз йўлда ўтар эди. Тошкентдан Қаршигача 10-12 соатлаб юрардик, бугун ёшлар бунга ишонмайди...

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиликларни ҳар бир юртдошимиз кўриб, ҳис этиб, қувониб турибди. Халқимизда бир ажойиб мақол бор: «Ортингга қараб, бугунга боқиб шукр қил, олдинга қараб фикр қил». Шукроналик ҳисси эртанги эзгу ишларимизга замин ҳозирлайди. Ҳар биримиз масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилсак, янги марралар бизники бўлади, юртимиз янада гуллаб яшнайди. Ватан обод, болаларимиз бахтли яшайди.

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: