Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
01.09.2019

ИМКОНИЯТ ВА МАСЪУЛИЯТ

Барчамиз давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини катта қувонч, фахр-ифтихор билан нишонлаймиз. Лекин мамлакатимиз аҳолисининг бир қатлами борки, унинг учун бу байрам алоҳида аҳамиятга эга. Бу қатламни ташкил этувчиларёши улуғларимиз, бобо-ю момоларимиз, кўпни кўрган кексаларимиз.

Улар йигирманчи асрнинг алғов-далғовлари, шўро замонининг оғир кунлари, фожеаларини кўрган, шахсан бошдан кечирганлар, қарамлик, тобелик нималигини чуқур англайдиганлар. Улар орасида Ватан мустақиллиги, халқимиз эрки-озодлиги учун курашиб, таъқиб қилинган, ҳаттоки қатағонга учраганлар ҳам оз эмас. 70-80 ёшли отахону онахонлар истиқлол арафасидаги сиёсий, иқтисодий, маънавий инқирозларни, мамлакатимиз дуч келган қийинчиликларни ҳам яхши билишади.

Яна бир ҳақиқат шундаки, кексаларимиз Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинишининг жонли гувоҳи, ушбу тарихий воқеага тегишли замин яратилиши иштирокчилари ҳамдирлар. Улар миллий истиқлолнинг нималигини, у нима учун ҳаётий зарурат эканлигини дастлаб идрок этолмаган, «ахир, биз яккаланиб қолдик, энди нима қиламиз?, Бошқаларнинг кўмагисиз кунимиз не кечадидеган кайфиятдаги кишиларга мустақилликнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилганлар, ўзларининг букилмас ирода, мустаҳкам эътиқодлари билан бошқаларга намуна бўлган кишилардир.

Мустақилликни мустаҳкамлаш йў­лида тиним билмай курашганлар ҳам бугунги кекса авлод. Мустақилликнинг дастлабки йиллари жуда мураккаб ва таҳликали кечганлиги маълум. Ўшанда ҳозирги фахрийларимизга шўро давлатининг нотўғри сиёсати оқибатида ночор аҳволга тушиб қолган, иқтисодиётимизни тиклаш, марказлашган иқтисодиёт ўрнида бозор муносабатларини босқичма-босқич жорий этиш, ўтиш даври вазиятида келиб чиққан ижтимоий қийинчиликларни бартараф этишга тўғри келди. Уларнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири узоқ йиллар давомида одамлар онгига сингдирилган коммунистик ғоялардан жамиятни халос этиш ва миллий истиқлол ғояларини, Ватанимиз келажаги порлоқлиги, имкониятларимиз улканлигига ишонч туйғуларини халқимиз қалбига жо этиш эди. Бу ўтиш даврининг етакчи вазифаларидан энг қийини эди, чунки узоқ йиллар ичида шаклланган дунёқараш ва одатлардан воз кечилиши талаб қилинар эди. Бу бир уринишда ёки бир-икки йилда ҳал қилинадиган иш эмас, балки ҳозир ҳам давом этаётган мураккаб жараёндир.

Хўш, мустақиллик бизга нима берди? Мустақиллик туфайли биз, биринчидан, ўзлигимизни таниб олдик, ким эканлигимизни англаб етдик. Биз кўп минг йиллик тарихга эга бўлган, аждодларимиз, буюк мутафаккирлар дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган, ҳеч кимдан кам бўлмаган халқмиз. Бизда, эндиликда, халқимизнинг ақл-идроки билан юртимиздаги ер усти ва ости бойликларидан оқилона фойдаланиб, замонавий техника ва технологиялар, инновацион ғояларга таянган ҳолда мамлакатимизни янада гуллаб-яшнатиш имконияти кенг.

Бугун иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди, минг-минглаб ёшлар тадбиркорликка тортилди, аёлларни иш билан банд этиш учун ўнлаб янги корхона ва цехлар ташкил этилди. Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари чуқур ислоҳ қилинмоқда, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш чоралари кўрилмоқда.

Мустақиллик туфайли халқимиз учун яна бир муҳим имконият туғилди: жаҳон сиёсий харитасида пайдо бўлган суверен Ўзбекистон давлати халқ­аро ҳаётнинг фаол иштирокчиси бўлди. 2017 йилнинг охирларидан бошлаб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистоннинг минтақамиздаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари юксак даражага кўтарилди, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқалар кенгайди, умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилиш кучайди.

Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсатидаги яна бир муҳим жиҳати – бу мамлакатимизнинг халқаро имижини билан бирга иқтисодий-ижтимоий ва маданий ривожланиш дастурларини амалга ошришга чет эл тажриба ва инвестициялари, техника ва технологияларидан, қолаверса мутахассисларидан кенг фойдаланишга йўл очиб бермоқда.

Мустақилликнинг ўзига яраша масъулияти ҳам бор. Бу шундан иборатки, мустақилликни қўлга киритган халқ ўз тақдири, келажаги учун қайғуришни, масъулиятни ўз зиммасига олади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бу барча даражадаги давлат органлари (Олий Мажлис, ҳукумат ва давлат маҳаллий идоралари)дан ўз ваколатлари доирасида самарали ишлаш, умумдавлат ва ҳудудлар ривожланиши лойиҳалари ижросини талаб даражасида бажаришни тақоза қилади. Бугина эмас, депутатлар, давлат идоралари ходимлари, бошқарув органлари раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар етакчилари ўз соҳалари ривожи, мамлакат тараққиёти уларнинг фаолиятига боғликлигини чуқур англаб, самарали меҳнат қилганларидагина муаммолар ечимини топиш, белгиланган режаларни муваффақиятли бажариш мумкин. Бу ҳар биримиздан мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга томошабин бўлиб турмасдан, шу жараёнларда фаол иштирок этишни талаб этади.

Ҳозир мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар томонидан навбатдаги парламент сайловига пухта тайёрланиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига муносиб номзодларни танлаш, электорат эҳтиёж ва манфаатларини ҳисобга олувчи сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш жараёнлари қизғин паллага кирди. Албатта, олдинги сайловолди мавсумларида, парламентдаги фракциямиз ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз йўл қўйган хато ва камчиликлар қайтарилмаслиги чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Мустақиллик берган имкониятлардан, бугунги ошкоралик сиёсатидан тўла ва самарали фойдалана олсак, кўзланган мақсадларга етамиз.

 

Собир ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП фахрийси. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: