Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
01.09.2019

ОЗОДЛИК КУРАШЧИЛАРИ ВА ЗУЛМ-ИСТИБДОД ҚУРБОНЛАРИ ЁДИ ХАЛҚИМИЗ ҚАЛБИДА МАНГУ ЯШАЙДИ

Халқимиз тарихнинг ададсиз тўфон ва суронларига қарамасдан, миллий ўзлиги ва азалий қадриятларини сақлаб қолиб, бугунги дориломон замонга безавол етиб келишида унинг қон-қонига сингиб кетган орият туйғуси ва беназир жасорати муҳим аҳамият касб этади.

Бой тарихга эга ўзбек халқи юксак маданият, буюк маънавият, беқиёс илм-фан соҳиблари бўлган, ўз даврида цивилизацияларни тебратган улуғ мутафаккир ва алломалар, тенги йўқ саркардалар ворисидир.

Жумладан, ўтмишимизнинг, Қодирий бобонинг истилоҳи билан айтганда, "энг оғир ва қора кунлари"да – турли истибдод, босқин ва шафқатсиз қатағонлар даврида озодлик йўлида жон фидо қилганлар, адолатсизлик қурбони бўлганлар жасоратининг ҳам ворисидир.

Мустабид ва истилолар даврида бу заминда минглаб бегуноҳ инсонлар умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар пароканда ва хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.

Халқимизнинг ана шундай фидойи ва матонатли ўғил-қизлари номларини, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод онгу шуурида улар хотирасига эҳтиром туйғусини юксалтириш мақсадида 2001 йилдан буён 31 август санаси мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади.

31 август. Субҳи сабоҳ. Шаҳидлар хиёбони.

Президент Шавкат Мирзиёев “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасида ўтказилган халқимиз озодлиги ва юртимиз мустақиллиги йўлида қурбон бўлганларни ёд этиш маросимида иштирок этди.

Таомилга кўра ош тортилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари ҳаққига дуо қилинди.

Барчамизга маълумки, қурбон бўлганларнинг номларини тиклаш, хотирасини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бунёд этилган.

Музей 2008 йилда қайта таъмирланиб, кенгайтирилган ва экспозиция заллари 3 тага етказилган. Ўша йили янгиланган экспозиция 10 бўлимдан иборат бўлиб, 14 минг 665 экспонатни ўз ичига олади. Айни пайтда мингга яқин тарихий ашё намойиш этилмоқда. Уларнинг элликка яқини ноёб экспонат ҳисобланади. Замонавий техник воситалар билан жиҳозланган музейга ҳар йили 50 минг зиёратчи ташриф буюрмоқда. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади.

Музей Германия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Жазоир ва қатор бошқа мамлакатлардаги турдош муассасалар, илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши бугунги кун ёшлари учун ибрат мактаби экани инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасалари ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди. Бу музейлар ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маърифатпарвар ва жасоратли аждодлар билан фахрланиш туйғусини шакллантириш, эл-юрт учун муносиб фарзанд бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари хиёбондаги рамзий қабр ёнида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан суҳбатлашди.

Фидойи ва ватанпарвар аждодларимизнинг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, қут-бараканинг қадрига етиш, "дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин" деган ғояга амал қилиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга интилиш, ёшларни дунёқараши кенг, ватанпарвар инсонлар қилиб вояга етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Бугунги ёруғ ва дориломон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, омон-фаровонликнинг қадрига етиш ҳиссиёти барчага катта қувват бағишлайди, руҳиятни поклаб, янги-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Зеро, озодлик учун курашган инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди, халқимиз қалбида мангу яшайди.

Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументига гулчамбар қўйди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйди.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: