Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
01.09.2019

МАРД ВА ОЛИЖАНОБ ХАЛҚИМИЗНИНГ БОҚИЙ БАЙРАМИ

Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди

Мустақиллик – халқимиз эришган энг улуғ, энг буюк неъмат. Ота-боболаримиз озодлик йўлида не-не оғир синовларни, машаққатларни босиб ўтган, жон олиб жон берган.

1991 йил 1 сентябрда Ватанимиз ўз мустақиллигини қўлга киритиши халқимиз учун оламшумул тарихий воқеа бўлди. Мустақиллик туфайли биз озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўйи-бастини бутун дунёга намоён қилмоқдамиз. Халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати боис Ўзбекистонимизнинг шон-шуҳрати олам узра ёйилмоқда. Бир сўз билан айтганда, истиқлол обод ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этиш учун беқиёс имкониятлар эшигини очди – нимагаки эришган бўлсак, ҳаммаси мустақиллик шарофатидандир.

Бугун халқимиз Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистоннинг янги тарихини яратмоқда. Ҳар жабҳада, ҳар бир ҳудудда олиб борилаётган ўзгаришлар мамлакатимизнинг халқаро сиёсий нуфузини ошириб, иқтисодиётини юксалтирмоқда, халқимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Ҳар йили Мустақиллик байрами тараққиёт йўлимизнинг янги босқичига ҳамоҳанг янги-янги марралар билан нишонланади. Бу йил бу марраларнинг кўлами янада кенг. Президентимиз қарорига мувофиқ, Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрамига қизғин тайёргарлик кўрилди. Қутлуғ санага бағишлаб ўтказилган тадбирлар “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этгани ҳар бир юртдошимизни эзгуликка руҳлантирди. Барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва овулларда энг улуғ, энг азиз ушбу байрамни муносиб нишонлашга алоҳида эътибор қаратилди.

31 август. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи. Парламент ва ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб ўтадиган байрам тантанасига йиғилган.

Саройга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди. Давлатимиз раҳбари минбарга таклиф этилди. Президентимиз халқимизни Мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, эзгу ниятларини изҳор қилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Йиғилганлар қўлларини кўксига қўйиб, мустақиллик қўшиғига жўр бўлди. Оҳанг оғушида бетакрор Ватан манзаралари, истиқлол тарихи лавҳаларда гавдаланди.

Мустақил Ўзбекистонимиз яна бир ёшга улғайди. Ушбу байрамни ҳар йили катта шоду хуррамлик билан кутиб оламиз. Мамлакатимиз сиёсий ва иқтисодий модернизация йўлида катта ютуқларга эришаётгани, замонавий давлатга айлангани, халқчил ислоҳотлар одамларда эртанги келажакка ишончни мустаҳкамлаётгани, эришган натижаларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан намуна сифатида кенг эътироф этилаётгани қувончимизни бир неча карра оширади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосидаги “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясига мувофиқ тарзда барча соҳалар янгиланмоқда, деб алоҳида таъкидлаш жоиз.

Кейинги йилларда мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар бир инсон ўз орзу-интилишларини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Президент имзолаган "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармони давлатимиз юритаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи бўлди. Фармонга мувофиқ содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ва қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқаролар афв этилди. Бу байрам кунлари кўплаб оилаларга қувонч олиб кирди.

Мамлакатимизда 2019 йил Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили, деб эълон қилинди. Жорий йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш бўйича марралар қўйилган. Зеро, инвестициялар иқтисодиёт барқарорлигини оширади, янги қувватларни ишга тушириш ҳисобига етакчи соҳаларни ривожлантиришни таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида жорий йилдаги вазифаларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, фаол инвестиция сиёсати изчил давом эттирилишини таъкидлади. Чунки инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш реал даромадларни ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ўстириш, пировардида ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга кенг йўл очади.

Кўрилаётган ана шундай тизимли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 5,8 фоиз ўсди. Қарийб 86 триллион сўм, яъни ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўп инвестициялар ўзлаштирилди. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари жаҳондаги етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, “Fitch Ratings” ва “Standart & Poor’s” агентликлари биринчи марта мамлакатимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини белгилади. “Барқарор” прогнозига эга бўлган бу рейтинг баҳолари Ўзбекистон эгаллаган поғона кўпгина ривожланаётган давлатларга нисбатан юқори эканини кўрсатади.

Халқимизнинг ҳаёт сифатини ошириш, қишлоқларни обод қилиш изчил давом этмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари энг чекка ҳудудларга ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирди. Одамларда янада яхши яшашга иштиёқ, қишлоқда турмуш маданияти ошди.

Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус уларнинг манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир туманда хотин-қизлар учун иш ўринлари ташкил этилмоқда, ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш ва жисмонан чиниқишига шароит, маънавиятини бойитишга имконият яратилмоқда.

Бу жиҳатлар – хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳаётдан мамнунлиги ошиб бораётгани байрам томошасида турли тилларда янграган қўшиқлар, миллий-этнографик гуруҳларнинг чиқишларида ҳам яққол намоён бўлди.

Ўзбекистоннинг очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсати ҳамкорларимиз сафини кенгайтирмоқда. Ривожланган давлатлар, дунёга донғи кетган банк ва компаниялар биз билан ҳамкорликка интилмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги янгича ёндашувлари Марказий Осиёда сиёсий вазиятни соғломлаштирди.

Энг муҳими, мустақиллик туфайли қўлга киритилган бундай ютуқ ва натижалар моҳияти ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига етиб бормоқда, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтармоқда, янги, янада юксак марраларга илҳомлантирмоқда. Истиқлолнинг халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида тутган беқиёс ўрнини, ҳар биримиз учун қанчалик қадрли эканини яна бир карра намоён этмоқда, энг улуғ, энг азиз байрамимизга янада теран мазмун бағишламоқда.

Истиқлол йилларида бой тарихимиз ва маданий меросимиз, дину диёнатимиз, кўҳна урф-одат ва анъаналаримиз қайта тиклангани, конфессиялараро ва миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлар миллий ва умумбашарий қадриятлар билан уйғунлашиб, ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётгани ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бахш этади.

Байрам тантанасида истиқлолни, озод ва ҳур Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар янгради. Болаларнинг шўх чиқишлари барчага табассум улашди. Ҳарбийларимизнинг мардонавор овози дилларга кўчди. Жаҳон мумтоз мусиқаси намуналари бир олам завқ бағишлади.

Янграган куй-қўшиқлар диллардан дилларга кўчади, олис-олисларга таралади ва акс-садо беради – ҳар бир вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ ва овул истиқлолни нишонлайди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шукуҳли байрам тантаналари, халқ сайиллари давом этмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: