Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
27.08.2019

Фаолиятимизга ҳақиқий баҳони халқ беради

Юртимизда демократик ислоҳотлар ҳам мазмуни, ҳам моҳиятан бутунлай янги босқичга кўтарилди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар асосида кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги тамойиллари амалда таъминланмоқда. Бу эса мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳаётимизнинг демократик нуқтаи назардан янги даражага кўтарилиши кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг бугунги фаолияти, қатъияти ва ташаббускорлигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Аммо тан олишимиз керакки, партиямиз замоннинг юқори талабларига мос равишда иш юрита олмаяпти. 2014 йилдаги сайловдан кейинги фаолиятимиз таҳлилий-танқидий кўриб чиқилганда бунга яна бир бор амин бўлдик.

Муҳтарам Президентимиз билан учрашувда парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайловга пухта тайёргарлик кўриш, бу галги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳамияти билан боғлиқ долзарб масалаларга эътибор қаратилди. Демократик жараёнларни чуқурлаштириш бўйича сиёсий партиялар зиммасида улкан масъулиятли вазифалар турганини чуқур ҳис этдик.

Учрашувда ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олиши таъкидланди. Дарҳақиқат, ҳаёт олдимизга қўяётган вазифаларга муносиб бўлмасак, жамиятда ўз ўрнимизни тополмаймиз.

Албатта, кейинги йиллардаги изчил ислоҳотлар натижасида жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллик, айтиш мумкинки, сиёсий-ҳуқуқий маданият анча юксалди. Бугун сайловчилар қандай дастур, қайси номзодларга овоз беришни яхши билади.

Бундай тарихий шароитда сайловга кириб бораётган ҳар бир партия аввало пишиқ-пухта Сайловолди дастури тайёрлаши, уни ҳаётий ғоялар билан бойитиши, асосийси, аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни бартараф этишга қодир бўлган таклифларни илгари суриши талаб этилади. Партиямиз сайловга тайёргарлик жараёнларида ана шу масалаларга катта эътибор қаратмоқда.

Сайловолди дастурини ишлаб чиқишда умумий учта ғоя асос сифатида олинмоқда: Ижтимоий тенглик ва адолат, Ижтимоий бирдамлик, Ижтимоий демократия.

Партиямиз ушбу мақсадга эришиш йўлларини белгилашда, биринчи навбатда, давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли қатламининг манфаатларидан келиб чиқиш зарур, деб билади. Мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ижтимоий барқарорлик ва фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Партиямиз Сайловолди дастурини ишлаб чиқишда шу масалага алоҳида эътибор қаратиляпти. Дастур лойиҳаси партия Марказий Кенгашида эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча марта чуқур муҳокама этилди. Айни кунларда дастур лойиҳаси барча даражадаги ҳудудий партия ташкилотларида, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги гуруҳларимиз ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда таҳлилий кўриб чиқиляпти. Шу асосда дастур учун жойлардан таклифлар шакллантириляпти.

Барча партиявий тузилмаларнинг ҳаракатини Сайловолди дастури ижросига йўналтиришга эришишимиз керак. Бунинг учун Сайловолди дастурида аниқ ғоя ва вазифалар қўйилиши зарур бўлади. Шуни кўзлаб, Сайловолди дастуримизни янгича ёндашув асосида, «пирамида» шаклида тузишга қарор қилдик. Бунда дастурий ғоя ва вазифалар «округ-туман (шаҳар)-вилоят-республика» механизми бўйича шакллантирилади. Биз шу тарзда ҳар бир ҳудуд учун энг муҳим муаммо ва масалаларни белгилаб олишни режалаштирганмиз.

Асосий мақсадимиз ўз ҳимоямизга олаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг муаммоларини имкон қадар тўлиқ қамраб олиш, энг муҳими, уларни режали ва тизимли равишда ечиб боришдан иборатдир.

Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ўта расмий кайфиятда, қуруқ тадбирлар ўтказиши кўп танқид қилинади. Биз йиллар давомида шаклланиб қолган кўникмаларни тез ва қисқа муддатда ўзгартирмасак, сайловчилар эътибори ва ишончини қозона олмаймиз.

Шунинг учун партиямиз кўпчиликни ўйлантириб келаётган, мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий масалаларга эътиборни кучайтирди. Маълумки, охирги пайтларда тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган масала «кам таъминланганлик» даражасини белгилаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Бунинг оқибатида ижтимоий нафақаларни белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш жараёнларида қатор чалкашликлар кузатиляпти. Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Аммо партиямиз шу вақтга қадар ўзининг амалий таклифларини билдирган эмас. Бу борадаги халқаро амалиётни ўрганиш бўйича партиямиз ишчи гуруҳини тузиш режалаштирилган.

Шунингдек, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси каби тамойилларни мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамлаш вазифаси Сайловолди дастурида назарда тутиляпти.

Яна бир масала олис қишлоқ жойларида мактаб ўкитувчилари, шифокорлар ва бошқа ижтимоий соҳа мутахассисларига эҳтиёж жуда юқорилиги билан боғлиқ. Бу ҳолатда асосий камчилик яхши мутахассислар учун яхши шароит яратилмаганига бориб тақаляпти. Ана шу муаммолар йиғилиб, катталашиб, қишлоқ жойларининг ижтимоий ривожланишига салбий таъсир кўрсатяпти. Бу партиямиз дастурий мақсадларига узвий алоқадор масала. Гарчи турли йиғилиш ва тадбирларда муаммо бир неча бор айтилган бўлса-да, аниқ амалий таклиф берилмаган.

Мутахассислар олис қишлоқ жойларига бориб ишлашини рағбатлантириш, бу борада механизм яратиш ва уни қонун даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга. Шу масала юзасидан таклифлар тайёрлаш кўзда тутилмоқда.

Жамиятимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, бандлиги таъминланиши бўйича қатор муаммолар йиғилиб қолган. Шунингдек, бундай шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотларнинг моддий ва молиявий таъминоти аянчли ҳолатда. Очиғи, ушбу масала партиямиз ўтказган турли тадбирларда кўп тилга олинган, лекин биз томондан қатъий ҳаракат сезилмаган. Эслатиб қўйиш, таъкидлаш билан чекланилган. Аммо бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Шунинг учун мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясига бел боғлаган нодавлат нотижорат ташкилотларга давлат субсидияларини ажратиш бўйича таклифлар шакллантириш устида иш олиб бориляпти.

Парламентдаги фракциямиз БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ратификация қилиш ташаббусини илгари суришга тайёрланаяпти. Агар бу амалга ошса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши бўйича кафолатлар мустаҳкамланади, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрў-эътибори янада ошади.

«Мурувват», «Саховат» ва «Меҳрибонлик» уйларида истиқомат килувчилар учун қулай шароит яратиш бўйича давлат-хусусий шериклиги имкониятларидан фойдаланиш амалиёти жорий этилмаган. Холбуки, бугун кўплаб давлатларда мазкур йўналишда ижтимоий тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланаётгани кузатилаяпти. Партиямиз бу йўналиш бўйича тарғибот ишларини кучайтиради.

Юртимизда аҳолини энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири коммунал хизматлар ва уларнинг тарифлари билан боғлиқ экани сир эмас. Нарх-наво ва тарифларни, шунингдек, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигини белгилаш, бу борада ҳуқуқий асосларни қонун даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Партиямиз Сайловолди дастурида шу масала бўйича таклифлар назарда тутиляпти.

Ҳаммамизга маълумки, жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлашда тиббий хизмат сифатини яхшилаш асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бу партиямиз учун принципиал масаладир. Шунинг учун Сайловолди дастуримизга мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар ҳажмини қонуний жиҳатдан белгилаш ҳақида ҳам таклиф киритиляпти.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, давлат бошқарувини демократлаштириш, бу йилги сайловларда халқимиз манфаатларига мос ғоя ва таклифларни олиб чиқиш, айни пайтда улар амалга ошиши учун қатъият билан курашиш, одамларда фуқаролик позициясини кучайтириш масалаларида энг катта масъулият айнан сиёсий партиялар зиммасида турибди. Бу масъулиятга муносиб бўлиш ҳар бир партиядан талабчанликни оширишни, юқори фаолликни талаб этади.



Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: