27.08.2019

ОЛМАЛИҚДА МИЛЛИЙ КИНОФИЛЬМЛАР ФЕСТИВАЛИ

Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти ташкил топганлигининг 70 йиллиги муносабати билан Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» санъат саройида 23-24 август кунлари миллий кинофильмлар фестивали ўтказилди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати рангли металлар саноатининг етакчиларидан бўлиб, тоғ жинсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича нафақат республикада, балки Ўрта Осиё минтақасидаги энг йирик корхоналардан биридир. Комбинатнинг Осиё минтақасидаги улуши салмоқли бўлиб, йиллик солиқ ўтказмалари давлат капиталининг 3,6 фоизини, мамлакатимиз экспорт тизимида салкам 10 фоизни ташкил қилади.

Фестиваль меҳмонлари яқинда капитал таъмирдан чиқарилган муҳташам «Металлург» санъат саройи заллари, у ерда фаолият кўрсатаётган турли тўгараклар фаолияти билан танишишди. Ҳар бир зал таниқли рассомларнинг асарлари билан безатилган ўзига хос кўринишга эга.

Мухлис ва ишқибозлар фотосессия учун ташкил этилган махсус жойларда таниқли актёр ва актрисалар билан мулоқотда бўлишди, улар билан суратга тушишди. Фестиваль доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раисининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Улуғбек Фаёзов меҳмонлар ва йиғилганларни қутлаб, комбинатда олиб борилаётган ишлар, ишчи-хизматчиларга яратилган қулай шароит ҳақида маълумот берди.

Матбуот анжуманидан сўнг санъат саройининг катта залида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тайёрлаган «Саид билан Саида» фильми намойишидан олдин мазкур фильм қаҳрамонлари, киноижодкорлар, киноактёр ва режиссёрлар билан учрашув ташкил этилди.

Ушбу фестиваль «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан имзоланган меморандум асосида ташкил этилди, – дейди агентлик ишлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Норов. – Тўғриси, бу тадбир катта байрамга айланиб кетди. Ўзбекистон халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар, таниқли режиссёрлар, актёр ва актрисалар нафақат комбинат ишчи-хизматчиларини, балки бутун Олмалиқ шаҳри аҳолисини хурсанд этди.

Икки кунлик фестиваль давомида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан суратга олинган учта энг сара фильм кино ихлосмандларига тақдим этилди. Анжуманнинг биринчи кунида «Саид билан Саида», иккинчи кунида эса «Элпарвар» ҳамда «Сарвқомат дилбарим» фильмлари намойиш этилди.



Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: