27.08.2019

ҚАДИМ КЕНТДА ДУНЁ НАВОЛАРИ ЯНГРАМОҚДА

Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Самарқанд яна бир нуфузли халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда. Дунё эътирофидаги нуфузли тантана – «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивали муносабати билан шаҳар байрамона безатилган.

Кенг ва озода кўчаларда ранг-баранг байроқлар ҳилпирайди. Сўлим боғ ва хиёбонлар таровати, одамлар юзидаги мамнунлик катта байрам руҳини акс эттирган.

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дунё халқлари ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш ва ривожлантириш мақсадида 1997 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Ҳар икки йилда бир нишонланадиган фестиваль жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган ҳаётий эҳтиёжини рўёбга чиқаришда беқиёс восита бўлиб хизмат қилмоқда.

ЮНЕСКО шафелигида ўтказиладиган йирик маданий тадбир бугунги мураккаб даврда инсонларни тинчлик, ҳамкорликка чорловчи ва буни амалда намоён этувчи эзгулик минбарига айланиб улгурди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 26 февралдаги қарорига мувофиқ, «Шарқ тароналари» XII халқаро мусиқа фестивалига ҳар қачонгидан катта ҳозирлик кўрилди. Тарих зарварақларида азим шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқандда кенг кўламда қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Юртимизда туризмни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида Самарқандда ҳам янги меҳмонхоналар, ресторан ва бошқа кўплаб туристик объектлар бунёд этилди.

Биргина мисол. Ўтган йигирма йилдан ортиқ вақт давомида халқаро мусиқа кечаси меҳмонларини қабул қилиш учун саноқли меҳмонхоналар ҳозирланган бўлса, жорий йилнинг ўзида 20 дан ортиқ ана шундай хизмат кўрсатиш объектлари санъат аҳли учун шай қилинди.

Самарқанд, Регистон майдони. 26 август, соат 19.00.



Қуёш уфққа бош қўяди. Муҳташам мадрасалар гулгун шафақ ва ранго-ранг чироқлар ёғдусида янада гўзал ва салобатли кўринади. Уч муҳташам мадраса ўртасида қурилган, фестиваль руҳига мос безатилган амфитеатрга минглаб, миллионлаб нигоҳлар қадалган. Томошагоҳ «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига йиғилган одамлар билан тўлган. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.

Карнай-сурнай, ноғора садолари янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилади.

Давлатимиз раҳбари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларни самимий қутлаб, жаҳонда тинчлик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда мазкур санъат анжуманининг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлади, фестиваль иштирокчиларига ижодий муваффақиятлар тилади.

Маросимда сўзга чиққан ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, «Шарқ тароналари» фестивали ана шу эътиборнинг юксак намунаси эканини қайд этди.

«Шарқ тароналари» мадҳияси садолари остида саҳнага фестиваль қатнашчилари – 75 мамлакат байроғи олиб чиқилди.

Майдон узра ёқимли куй таралди. Бу оҳанг қалбларга кириб, кўнгилнинг нозик торларини чертади. Юракларга ҳаяжон, ҳайрат солади. Бу куй сеҳри, оҳанг завқи, мусиқа қудратининг амалдаги ифодасидир.

Санъат одамларнинг орзу-ҳаваси, қувончу шодлиги, армон ва изтироблари, ички кечинмаларини ифодаловчи воситадир. Сўзда ёки суратда тасвирлаб бериш имкони бўлмаган ҳис-туйғулар мусиқада намоён бўлади, юракларда акс-садо беради. Мусиқа халқларни, турли миллат ва элатларни бир-бирига танитади, қалбан яқинлаштиради.

Дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимиз ҳам мусиқа, қўшиқ ҳақида фалсафий-эстетик қарашларни илгари суриб, бу ҳақда асарлар битган. Хусусан, Абу Наср Форобий «Мусиқа ҳақида катта китоб» асарида товушларнинг вужудга келиши, куйлар уйғунлиги, маром ва улар турларини шарҳлаган. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида юрак, асаб касалликларини мусиқа воситасида даволаш йўллари ҳақида ёзган.

Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда илм-фан ва санъатнинг барча соҳалари қатори мусиқа ва қўшиқчилик ҳам ривожланган. Бу ерга дунёнинг турли ўлкаларидан моҳир созанда ва хонандалар жам бўлган. Буюк жаҳонгирнинг шавкатли юришларидан сўнг катта мусиқа кечалари ўтказилган, расмий қабуллар, тантана ва маросимлар куй-қўшиқларсиз ўтмаган.

Тарихчи Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида Амир Темур саройида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида тўхталиб, «Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитою араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди», деб ёзган.

Бугун мамлакатимизда мусиқа ва санъатни ривожлантириш, мазкур соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бу борадаги истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг мазкур йўналишда бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори миллий мумтоз санъатимиз ривожида янги истиқболларни очди. Мазкур ҳужжат асосида мамлакатимиз пойтахтида Ўзбек миллий мақом санъати маркази, ҳудудларда намунали мақом ансамбллари ташкил этилди. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида мақом алифбоси фани ўқитилиши йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган беш муҳим ташаббусдан бири ҳам ёш авлоднинг мусиқа ва санъатга иштиёқини ошириш, халқимизнинг бетакрор маданияти ва санъатини ўрганишга эътиборни кучайтиришга қаратилган.

...Маросимдаги мумтоз ашулалар, фольклор намуналари, жаҳон мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг нодир дурдоналари, завқли рақслар дилларни жўш урдиради. Томошабинлар юракка яқин қўшиқларга жўр бўлади, шўх куй-қўшиқлардан завқланиб, рақсга тушади. Тил ва таржимон танламас бу оҳанглар дилларга кириб боради. Ҳар бир инсонни, у қайси юрт, қайси миллат, қайси дин вакили бўлишидан қатъий назар, санъат орқали бир-бирига яқинлаштиради, дўст қилади.

«Шарқ тароналари» ана шу жиҳатларни ўзида мужассам этгани учун ҳам ўтган давр мобайнида нуфузли маданий тадбирга айланди. Негаки, халқаро даражадаги бошқа мусиқа фестиваллари мусиқа санъатининг муайян турларига ихтисослашган. Айримларида фақат қўшиқ куйланса, баъзиларида мусиқа ижро этилади ёки рақс тушилади. «Шарқ тароналари» эса санъатнинг барча кўринишларини ўзида мужассам этган. Шунинг учун ҳам дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири – Халқаро фольклор санъати ташкилоти яқинда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини аъзоликка қабул қилди.

Мамлакатимизда шу кунга қадар ўн бир марта ўтказилган фестивалда дунёнинг 114 давлатидан вакиллар қатнашган. 1997 йилдаги биринчи фестиваль 31 мамлакат вакиллари иштирокида ўтказилган бўлса, бу йилги қатнашчи давлатлар сони 75 тани ташкил этмоқда.

Фестиваль доирасида Шарқ халқлари мусиқа санъати анъаналарини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган халқаро анжуман ўтказиш анъанага айланган. Бу йил фестиваль давомида «Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Фестивалнинг янгиланган низомига кўра, бу йил танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналиш – профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий ижод намуналари – замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида баҳоланади.

Фестиваль иштирокчилари танлов дастуридан бошқа вақтларда Самарқанд шаҳрида, шунингдек, Оқдарё, Самарқанд, Пастдарғом, Тайлоқ, Ургут ва Жомбой туманларидаги истироҳат боғлари, маданият муассасаларида ижодий учрашувлар, концертларда қатнашади.

Тантанали маросим юртимиз санъат усталари, ёш ижрочиларининг шўх ва дилтор қўшиқлари билан давом этди. Самарқанд осмони узра порлаган мушаклар, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали наволари олис-олисларда акс садо берди.



Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: